Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандда Миллий банк мижозларидан 3 кунда кредит қарздорликни тўлаш талаб қилиняпти. Банк қанчалик ҳақ?

Гап Самарқанд шаҳри Қорасув массивидаги кўп қаватли хонадон эгаларининг кредит қарздорлиги тўғрисида боряпти. Массивда 2020 йил бошида фойдаланишга топширилган 12-16 қаватли уйлар 18 фоизлик кредит асосида 15 йилгача муддатга берилган.

Пандемия сабаб юртимизда айрим иш ўринлари қисқарди, айримларнинг даромади камайди, баъзилар маълум муддат ишидан ажралди.

Президентимизнинг 2020 йил 3 апрелдаги “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига асосан тижорат банклари томонидан молиявий қийинчиликларга дуч келган юридик ва жисмоний шахслар, якка тартибдаги тадбиркорларнинг кредитлари бўйича тўловларга 2020 йил 1 октябргача кечиктириш тақдим этиш кўрсатилган. Демак, коронавирус пандемияси оқибатида молиявий қийинчиликка дуч келган аҳоли ва тадбиркорлар кредитнинг асосий қарзи ва фоиз тўловларини томонлар келишувига кўра, жорий йил 1 октябрга қадар узайтириши ва тўламаслиги мумкинлиги оммавий ахборот воситаларида айтилди.

Шундан сўнг имкони борлар кредит қарзларини тўлаб борди, имконсизлар банкка мурожаат этди. Бироқ банк улардан ариза олмади, шартнома муддатини узайтирмади. Шунингдек, банк 1 октябрга қадар қарздорликни тўлаш ҳақида огоҳлантирмади ҳам.

Қисқаси, пандемия сабаб кимдир 3 ой, кимдир 5 ой кредит қарздорлигини тўлай олмади. Президентимизнинг юқоридаги фармонига асосан, пандемия даврида кредит қарздорликни тўлай олмаганларнинг қарзи узайтирилиши керак эди. Аммо шу кунларда Қорасув массивида истиқомат қилувчи айрим қарздорлиги бор фуқароларга банк томонидан огоҳлантириш хати СМС тарзида келяпти. Унда айтилишича, “3 банк иш кунида қарздорликни тўламасангиз, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат этамиз”, дейилган.

Президентимизнинг 2020 йил 3 апрелдаги “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармони Ўзбекистон Миллий банки Самарқанд вилояти бўлимига тааллуқли эмасми? Уч кунда аҳоли катта миқдордаги пулни қаердан топади?

Хуршида ЭРНАЗАРОВА.