Ипотека кредитлари 15 йилдан 20 йилга узайтирилади(ми?)
- 2019 йилда Корасув массивида қурилган кўп қаватли уйлар 18 фоизли ипотека кредити асосида 15 йилга берилган. Шартномага кўра мижоз биринчи йил уйнинг фақат фоизини, кейинги йилдан асосий қарз ҳам қўшилган ҳолда кредит тўлаши лозим. Лекин карантин сабаб айримлар ишидан ажралди ёки даромади камайди. Бундай шароитда кредит бўйича бирор енгиллик бериладими?
Х.ТОШНИЁЗОВА.
- Президентимизнинг 2020 йил 3 апрелдаги “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига асосан тижорат банклари томонидан молиявий қийинчиликларга дуч келган юридик ва жисмоний шахслар, якка тартибдаги тадбиркорларнинг кредитлари бўйича тўловларга 2020 йил 1 октябргача кечиктириш тақдим этиш кўрсатилган. Демак, коронавирус пандемияси оқибатида молиявий қийинчиликка дуч келган аҳоли ва тадбиркорлар кредитнинг асосий қарзи ва фоиз тўловларини томонлар келишувига кўра жорий йил 1 октябрга қадар узайтириши ва тўламаслиги мумкин.
* * *
- Кредит фоизларини вақтинча тўламаган фуқароларнинг қарзлари карантиндан сўнг ойма-ой тақсимланадими ёки кредит муддати узайтириладими?
З.ҚОДИРОВ.
- Марказий банк Президентимизнинг бу борада қабул қилган ҳуқуқий ҳужжатларига асосан пандемия оқибатида аҳоли ва тадбиркорларнинг кредит тўловлари билан боғлиқ рискларни пухта ўрганиб чиқиш асосида уларнинг муддатини томонлар келишувига кўра жорий йил 1 октябрга қадар узайтиради. Бунда қарздорнинг пул оқими кредитнинг:
- асосий қарзи тўлашга етмаган тақдирда, кредит шартномасининг охирги муддатини мос даврга узайтириш;
- асосий қарз ва фоиз тўловларини тўлашга етмаган тақдирда, кредитнинг асосий қарзини юқоридаги бандга асосан ва ҳисобланган фоизларни тўлов муддати узайтирилган даврга мос равишда узайтириш бўйича кредит шартномасига ўзгартириш киритилиши белгиланган.
Ушбу қарор талаблари асосида коронавирус пандемияси шароитида аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари томонидан тўланмаган кредит фоиз тўловлари томонлар келишувига кўра тўлов муддати узайтирилган даврга мос равишда узайтирилиб тақсимланади.
Ф.НОСИРОВ,
Марказий банкнинг вилоят бош бошқармаси кредит ташкилотлари фаолиятини назорат қилиш шўъбаси мудири.
* * *
- 2020 йил 1 май куни Президентимизнинг “Аҳолининг уй-жой шароитини яхшилаш ҳамда ипотека кредити бозорини янада кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори имзоланди. Унга кўра, жисмоний шахсларнинг ипотека кредитлари муддати 15 йилдан 20 йилгача узайтирилади. Бу ўзгаришлар Қорасув массивида қурилган кўп-қаватли уйларга ҳам тегишлими?
А.ХОЛИҚОВ.
- Президентимизнинг қарорида янги тартиб доирасида аҳолига ажратиладиган ипотека кредитлари (шу жумладан бугунги кунга қадар ажратилган ипотека кредитлари) муддати 15 йилдан 20 йилгача узайтирилиши белгиланган.
Ушбу тартиб Президентимизнинг 2019 йил 28 ноябрдаги “Ипотека кредити механизмларини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони бўйича тижорат банклари томонидан ажратилган ипотека кредитларга қўлланилади. Мазкур қарорга асосан банклар томонидан 2020 йил 10 мартдан бошлаб ажратилган тижорат ипотека кредитлари муддати 15 йилдан 20 йилгача узайтирилади.
Ж.БАҲРИЕВ,
Марказий банк вилоят бош бошқармаси тижорат банкларида давлат мақсадли дастурлари ижросини мониторинг қилиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари.