Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ҳарбий тавсияномага эга абитуриентлар учун алоҳида квота ажратилган

Жорий йилдан бошлаб, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб, ҳарбий қисм қўмондонлигининг тавсияномаларига эга бўлган абитуриентлар учун бакалавриатнинг кундузги, сиртқи ва кечки таълим шакли бўйича алоҳида беш фоизли қабул кўрсаткичлари жорий қилинди.

Мазкур тартиб Ўзбекистон Республикаси Президентининг 17 июнда қабул қилинган “2019/2020 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари тўғрисида”ги қарорида мустаҳкамлаб қўйилган.

Қуйида вилоятимиздаги олий таълим муассасаларига ажратилган қабул кўрсаткичлари билан танишинг:

* Самарқанд давлат университетига 32 та грант, 117 та тўлов шартнома;

* Самарқанд давлат чет тиллар институтига 8 та грант, 44 та шартнома;

* Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институтига 2 та грант, 22 шартнома;

* Самарқанд ветеринария медицинаси институтига 13 та грант, 28 та шартнома;

* Самарқанд тиббиёт институтига 14 грант, 16 та шартнома;

* Тошкент ахборот технологиялари университети Самарқанд филиалига 3 та грант, 15 та шартнома;

* Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институтига 12 та грант, 30 та шартнома;

* “Ипак йўли” туризм халқаро университетига 2 та грант, 8 та шартнома асосида қабул квоталари ажратилган.

Сиртқи таълим шакли бўйича фақат тўлов шартнома асосида қабул қилиниши белгиланган бўлиб, хусусан, Самарқанд давлат университетига 27 та, Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институтига 10 та, Самарқанд ветеринария медицинаси институтига 5 та, Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институтига 16 та ҳамда “Ипак йўли” туризм халқаро университетига 5 та қабул квоталари ажратилган.

Бундан ташқари, кечки таълим шакли бўйича Самарқанд давлат университетига 13 та, Самарқанд давлат чет тиллар институтига эса 5 та абитуриент тўлов шартнома асосида қабул қилинади.