Мутахассис: Она сути ўрнини энг сифатли сунъий озуқалар ҳам босолмайди
Она сути — гўдаклар учун энг мукаммал озуқа. Унинг таркибида чақалоқларни кўплаб касалликлардан ҳимоя қилувчи антитаналар мавжуд.
Шу боис халқаро ҳужжатларда гўдакларни 6 ойгача истисносиз кўкрак сути билан парваришлашни муҳофаза қилиш ва қўллаб-қувватлашга қаратилган тадбирлар жамият саломатлигини сақлашдаги муҳим вазифа эканлиги белгилаб қўйилган.
👩🏻⚕️Она сути — ҳаётнинг биринчи йилидаги болалар учун энг идеал озуқа, — дейди Республика перинатал маркази директори Нилуфар Ўринбоева. — У ўзида витаминлар, гормонлар ва антителалар каби ҳаёт учун муҳим бўлган фойдали моддаларни керакли миқдорда жамлаган. Унинг ўрнини, ҳатто, энг сифатли ва қиммат сунъий озуқа маҳсулоти ҳам босолмайди.
👶 Ажабланарлиси, она сути куннинг вақтига ва боланинг ёшига қараб ўзгариб турадиган ноёб таркибга эга. Чақалоқ туғилганда оғиз сути бўлиб, у улғайгани сайин оқсиллар, ёғлар, углеводлар, иммун компонентлар ва антигеник таркиб ўзгариб боради. Ҳатто, оғиз сутини боланинг биринчи эмлаши деб ҳам аташ мумкин. Чунки у энг кўп миқдордаги антикорларни ўз ичига олади.
🩸Фақат она сутидагина боланинг тўлиқ ривожланиши учун зарур бўлган муҳим амино- ва ёғли кислоталар мавжуд. Бу неъмат гўдакда аллергик реакция ҳосил қилмайди. Ундаги зардоб оқсиллари эса кичкинтойнинг ҳужайраларига ўхшагани учун осонгина сўрилади ва қонга ўзгармаган ҳолда киради.
🦠 Қолаверса, бу озуқа кучли инфекцияга қарши хусусиятга эга. Айтиш лозимки, гўдак ҳаётининг биринчи йилида унинг иммунитети етук бўлмайди (у фақат 3 ёшда шаклланади). Шу боис, ҳар бир она эмизиш орқали ўз фарзандига керакли ҳимояни бера олади. Яъни, она сути ёзда ичак инфекциялари, қишда вирусли ва бактериал касалликлардан асрайди.
🫁 Бундан ташқари, бу бебаҳо неъмат билан озиқланиб, улғайган болалар ҳар томонлама яхши ривожланади. Рахит, камқонлик касаллиги, ошқозон-ичак фаолиятининг бузилиши каби хасталиклар деярли кузатилмайди. Зотилжам билан эса камдан кам ҳолларда оғрийдилар.
🥡 Афсуски, айрим оналар қарши кўрсатма бўлмаса-да фарзандини кўкрак сути билан эмас, балки сунъий озиқлантириш орқали катта қилишни афзал кўради. Бу билан улар гўдакни касалликларга дучор қилиш хавфини оширади. Ҳатто, айрим олимлар сунъий озиқлантиришни бола учун “метаболик стресс” деб ҳам атайди. Бундай болалар кўпинча нафас олиш ва ичак инфекцияларига мойил бўлгани учун махсус тиббий назоратда бўлиши керак.
🧑🏻🍼Шунингдек, эмизиш она соғлиғи учун ҳам жуда муҳим. Жумладан, эмизиш пайтида улардан ажраладиган гормонлар бачадоннинг қисқаришига ёрдам бериб, қон йўқотилишини камайтиради. Бу эса камқонлик хавфини олдини олади.
🤦🏻♀️ Шу билан бирга, бундай аёллар туғилгандан кейин тезроқ тикланади. Эмизикли оналар деярли ҳеч қачон туғуруқдан кейинги депрессияни бошдан кечирмайдилар. Уларда кўкрак, тухумдонлар ва бачадон саратони ривожланиш хавфи сезиларли даражада паст бўлади.
Бир сўз билан айтганда она сути билан озиқлантириш у ва бола саломатлиги учун бирдек фойдали. Шу боис барча аёлларга фарзандини 6 ойгача истисносиз она сути билан боқишни тавсия қиламиз.