Соҳа фидойилари “Ахборот-кутубхона аълочиси” кўкрак нишони билан мукофотланди

Жиззах шаҳрида “Central Asia – 2024”: Фан, таълим, маданият ва бизнесда интернет ва ахборот-кутубхона ресурслари” XVII Халқаро конференцияси бўлиб ўтди. Унда Туркия, Россия, Беларусь, Қозоғистон ва бошқа давлатдан соҳа вакиллари иштирок этди.

Анжуманда ахборот-кутубхона хизмати самарадорлигини ошириш учун жаҳон ахборот ресурслари бўйича чиқишлар қилинди, маҳорат дарси ҳамда соҳага доир кенг қамровли мавзуларда шуъба йиғилишлари ўтказилди. Хусусан, рақамли Ўзбекистон муҳитида замонавий библиография: анъанавий ёндашувлар ва библиографиянинг янги форматлари, архивлар фаолиятини самарали ташкил этиш ва ривожлантиришнинг илғор усуллари, маҳалла ва хусусий кутубхоналар фаолиятининг йўлга қўйилиши мавзусида ҳудудий ахборот-кутубхона марказлари раҳбарияти, мутахассислари тажриба-кўникмаларини тақдим қилди.

- Анжуманда кутубхоналарда китоб ёдгорликларини сақлаш ва улардан фойдаланиш шартлари, уларнинг асл қиёфасини сақлаш мавзусида чиқиш қилдим, - дейди Пушкин номидаги вилоят ахборот-кутубхона маркази раҳбари ўринбосари Наргиза Саидмуродова. – Айтиш лозимки, китоб ёдгорликларидан фойдаланишда, жаҳон амалиётида бўлгани каби фойдаланиш имкониятидан кўра хавфсизликка устувор аҳамият берилади. Бу нашр этилган асар матнига, унинг моддий ўзига хослигидан қатъи назар, мурожаат қилувчи тадқиқотчиларга хизмат кўрсатишда асл нусхаларга бўлган талабларни бажариш, уларни нусхалар билан алмаштиришга ўта нозик ёндашувни талаб қилади.

Республикамизда йирик кутубхоналар, музейлар ва архивлардан ташқари бизнинг кутубхонамизда ҳам китоб ёдгорликлари сақланади  ҳамда  фойдаланиш учун китобхонларга тақдим этилади. Жумладан, бизда - Ахборот-кутубхона фондини сақлаш хизмати негизида нодир ва алоҳида қимматга эга адабиётлар фонди 10 минг нусхани ташкил қилади. Шундан 7456 нусха китоб, 1963 нусха журнал, 16 газета тахламлари (икки номда “Туркистанские ведомости” ва “Окраина”), 345 нусха хорижий тиллардаги адабиётлар, 49 нусха араб тилидаги адабиётлар, улардан 5 таси қўлёзма саналади.

Халқаро конференция доирасидаги шуъба йиғилишларида энг фаол маърузачиларга Миллий кутубхона томонидан сертификатлар топширилди. Шунингдек, бир гуруҳ фаол ходимларни “Ахборот-кутубхона аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Эътиборлиси, улар орасида самарқандлик соҳа фидойилари - Пушкин номидаги вилоят ахборот-кутубхона маркази раҳбари ўринбосари Наргиза Саидмуродова, вилоят халқ таълими бошқармаси тасарруфидаги вилоят болалар  кутубхонаси раҳбари Юсуф Муҳаммадиев, Нуробод тумани ахборот-кутубхона маркази ходими Дилшода Ўтамовалар ҳам бор.

 

Моҳира ҚАҲҲОРОВА,

Нуробод тумани ахборот-кутубхона маркази хизмат раҳбари.