Мевали боғларни куз-қиш мавсумида касалликлардан қандай ҳимоя қилиш керак?
Иқлим ўзгариши сабабли бу йил мевали боғларда ун-шудринг, турли ширалар, калмараз, монилиоз, қора рак ва бактериал рак каби касалликлар кўпаймоқда. Улар дарахтларнинг совуққа чидамлилигини пасайтириб, кейинги йилда ҳосилдорликни камайтиради.
Хўш, бунинг олдини олиш учун қандай чоралар қўллаш керак?

Аввало, агротехник чоралар ҳақида:
– кузда суғоришни тўхтатиш, намликни камайтириш;
– бегона ўтларни тозалаш, ортиқча новдаларни кесиб, ёқиб юбориш;
– боғдорчиликда ишлатиладиган дастгоҳларни 70 фоиз спирт билан дезинфекция қилиш;
– зарарланган пўстлоқ ва новдаларни кесиб ёқиш.
Биологик чоралар:
– Trichoderma asperellum ва Pseudomonas aureofaciens асосидаги препаратлар қўллаш.

Кимёвий чоралар:
– Барглар тўкилмасдан олдин 1 фоиз мис купороси билан ишлов бериш;
– фунгицидлар: тиофанат-метил, дифеноконозол, флутриафол ва бошқалар;
– зарарланган жойларга 1–2 фоиз мис купороси ва 0,2 фоиз фитолавин билан ишлов бериш;
– шираларга қарши имидаклоприд, тиаметоксам ёки лямбда-цигалотрин препаратлари қўллаш;
– қишда 3–4 фоиз Бордо суюқлиги билан ишлов бериш тавсия этилади.
Бу чоралар дарахтларни касалликлардан ҳимоя қилиб, келгуси йилда юқори ҳосилга замин яратади.
Одилжон Шомуродов,
вилоят ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси Паст Дарғом туман бўлими фитосанитар давлат назорати инспектори.