Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Франциянинг Марказий Осиёдаги илк фахрий консуллиги Самарқандда очилди

Франциянинг Европа ва ташқи ишлар бўйича вазири ҳузуридаги давлат котиби Жан–Батист Лемуан бошчилигидаги делегация аъзолари юртимизга ташрифини 16 апрель куни Самарқанддан бошлади.

Вилоят ҳокими Э.Турдимов билан учрашувда Ўзбекистон ва Франция ўртасида савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги алоқаларнинг тобора ривожланиб бораётгани таъкидланди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг 2018 йил октябрь ойида Францияга амалга оширган ташрифи бу алоқаларни янги босқичда давом эттириш имкониятларини кенгайтирди.

Самарқанд вилоятида ҳам француз ишбилармонлари ва компаниялари билан ҳамкорликда муҳим лойиҳалар амалга оширилмоқда. Жумладан, Франция тараққиёт агентлигининг “Самарқанд шаҳрида қаттиқ маиший чиқиндиларни бошқаришни модернизация қилиш” лойиҳаси доирасида шаҳарда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан самарали фойдаланиш ва уларни асраб-авайлаш, чиқиндиларни йиғиш, қайта ишлаш ва ва инновацион ечимлар ёрдамида зарарсизлантиришгача бўлган жараёнларни ўз ичига олган чиқиндиларни комплекс бошқариш тизими яратилмоқда.

Учрашувда мазкур лойиҳани сифатли ва белгиланган муддатларда амалга ошириш юзасидан фикр алмашилди.

Шундан сўнг делегация аъзолари Самарқанд шаҳрида ташкил этилган Франциянинг фахрий консуллиги очилишида иштирок этди.

– Франция ва Ўзбекистон ўртасидаги алоқалар тарихи узоқ ўтмишга бориб тақалади, – дейди Жан-Батист Лемуан. – Кейинги пайтда бу ҳамкорлик яна ҳам мустаҳкамланиб бораётгани қувонарли. Айниқса, ўтган йил кузда икки давлат президентларининг учрашувидан сўнг муносабатларимиз яна ҳам яхшиланди. Марказий Осиё давлатлари орасида илк бор Ўзбекистонда, унинг гўзал шаҳри бўлган Самарқандда фахрий консуллигимизнинг очилиши ҳам бу фикрни тасдиқлайди. Ўйлайманки, ушбу муассаса давлатларимиз ҳамда ўзбек ва француз халқлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.