Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Вилоят ҳокими: “Энди депутатлар сайловчилар билан зарур бўлса туну кун ишлайди”

Депутатлар йилнинг иккинчи ярмида бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида шифокорлар ва аҳоли учун шароитлар яратиш, оилавий поликлиника ва қишлоқ врачлик пунктларини замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш, вилоятда ҳудудлараро 6 та перинатал марказ ташкил этиш, вилоят «Она ва бола скрининг маркази»да цитогенетик лаборатория ташкил қилиш лозимлиги бўйича таклиф киритди.

Шундан сўнг вилоят ҳокимининг ўринбосари Р.Қобиловнинг «Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг вилоятдаги ижроси ҳақидаги, вилоят Кенгашидаги «Адолат» СДП депутатлик гуруҳи томонидан тайёрланган масала юзасидан депутатлик гуруҳи аъзоси Т.Холиқованинг, вилоят Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси А.Раҳимов фермер хўжаликларининг ер участкаларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш тўғрисидаги ахборотлари тингланди.

Вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи Ғ.Нигматовнинг вилоятда атроф-муҳитни ифлосланишининг олдини олиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан берган ҳисоботи депутатларнинг диққат марказида бўлди.

Унда депутат З.Бердиева қуйидагича таклиф билдирди: «Шаҳар ва қишлоқлардаги айрим таълим муассасалари кўча атрофида жойлашган. Ушбу ҳудуддан ўтадиган ариқлар тўйхона ва овқатланиш шохобчаларидан чиқадиган чиқиндилар, айниқса, шиша идишлар ва баклашкалар билан тўляпти. Бу эса ҳудуд кўркини бузиб, ҳавонинг ифлослантиряпти. Шу боис депутатлар ҳамда бошқарма ходимлари ҳамкорлигида ишчи гуруҳи тузиб, мазкур муаммони бартараф этиш чораларини ишлаб чиқиш зарур. Бунинг учун тадбиркорларга имтиёзли кредитлар ажратиш ва чиқиндини қайта ишлаш корхоналари ташкил қилинса айни муддао бўларди».

Сессияда халқ депутатлари вилоят Кенгашининг нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари масалалари бўйича доимий комиссиясини тузиш тўғрисидаги масала ҳам кўрилди. Муҳокамалардан сўнг Кенгашда шундай янги комиссия тузилиши тасдиқланди. Ушбу комиссия раислигига депутат Ҳ.Шодиева ҳамда тўрт нафар комиссия аъзолари сайланди.

Халқ депутатлари вилоят Кенгашига сайлов ўтказувчи 7-Истиқлол сайлов округида бўшаб қолган ўринга 2018 йил 19 август, якшанба куни сайлов ўтказиш белгиланди.

Сессия якунида вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Э.Турдимов сўзга чиқди.

- Қоғозбозлик, ҳисоботбозлик, тадбирбозликдан энди бутунлай воз кечамиз, — деди у киши. - Ҳар бир раҳбар ва масъул ўзига биркитилган иш учун жавоб беради. Ҳокимлар ҳафтанинг якшанба куни, ташкилот раҳбарлари пайшанба куни халқ олдида ўз фаолияти бўйича газета, телевидение ва радио орқали ҳисоб беради. Шунинг учун улар ўз соҳаси бўйича туманлардаги аҳволдан хабардор бўлиши, аҳолининг муаммосини ечишга тайёр туриши лозим.

Энди депутатлардан ҳам бевосита депутатлик фаолияти юзасидан сайловчилар олдидаги ҳисоботи жиддий сўралади. Улар сайловчилар билан зарур бўлса туну кун ишлайди, муаммосини жойида ҳал этади. Бажарилган ишларни қуруқ ҳисобот эмас, амалда бўлишини таъминлайди. Агарда бу тадбирлар хўжакўрсинга қилинса, оммавий ахборот воситалари орқали барчага ошкор қиламиз. Мақсадимиз – одамлар давлат раҳбарининг халқ билан мулоқот қилиш талаби бажарилаётганини сезиб яшасин.