“Самарқанд қоғози” географик кўрсаткич сифатида давлат рўйхатидан ўтказилди

Вилоят адлия бошқармаси ва "Интеллектуал мулк маркази" давлат муассасаси кўмаги билан “Самарқанд қоғози” географик кўрсаткич сифатида Адлия вазирлиги томонидан давлат рўйхатидан ўтказилди. 

Вилоят адлия бошқармаси бошлиғи ўринбосари Шуҳрат Абдуҳалимов бугун "Конигил-Мерос" ҳунармандчилик маркази раҳбари Зариф Мухторовга “Самарқанд қоғози” географик кўрсаткич ҳужжатини топширди. 

Минг йиллик тарихга эга Самарқанд қоғозини ишлаб чиқариш жараёнида балхи тут новдалари маълум муддат сувда ивитиб қўйилади. Ундан кейин пўсти шилиниб, пўстлоқ устидаги қўпол жигарранг қисми пичоқ билан ажратилади. Тозаланган сарғиш рангли пўстлоқлар қозонда 5-6 соат қайнатилади ва шундан сўнг улар ёғочдан ясалган ўғирларда 7-8 соат давомида майин толаларга айлангунича махсус тўсинлар орқали туйиб майдаланади. 

Кейинги босқичда майин толасимон пўстлоқлар катта идишга солиниб, Сиёб сувида аралаштирилади ва тўртбурчак шаклдаги сузғичлардан ўтказилади. Ҳўл қоғозлар 8-10 соат давомида тахтакачга бостириб қўйилади, сўнгра улар бирма-бир силлиқ жойга ёпиштирилади. Якунида ҳар бир қоғоз силлиқ мармар тош устига қўйилиб, чиғаноқ ёки ақиқ тоши билан силлиқланади. Шу тарзда Самарқанд қоғози тайёр бўлади. 

Самарқанд қоғозидан маҳаллий миниатюрачи рассом ва каллиграфлар, Япониядаги қадимий ёзма битиклар ва нодир асарларни қайта таъмирлашда фойдаланишади.