Бугуннинг гапи: Ҳар неъматнинг уволи бор

Дунё тажрибаси шуни кўрсатяптики, қайси халқ тежамкор, уддабурон, омилкор бўлса, фаровон турмуш кечиради. Аслида юртдаги  тинчликнинг, чиқиб турган қуёшнинг, ёниб турган кўнгилнинг, пишиб турган неъматларнинг ҳам қадри бор. Бу қадрни тушунмаслик, яъни ношукурлик ва исрофгарчилик Яратганга ҳам ёқмайди.

Бу гаплар янгилик эмас - бу ҳақда кўп ёзяпмиз, кўп гапиряпмиз, лекин баъзи ҳолларда тескари ҳолатларни кўриб, ҳафсаламиз пир бўляпти. Мен  йўл ёқаларидаги ҳил-ҳил пишиб турган мевалар, уларнинг оёқости бўлаётганини назарда тутяпман.

Бобом раҳматлик бир пайтлар Самарқанд шаҳрида икки йил қаторасига дарахтлар мева солмагани қаттиқ қаҳатчиликка олиб келганини айтарди. Ўшанда одамлар болаларини, ҳатто қизларини ҳам қишлоқ жойларга олиб бориб, бир халта туршак ёки майизга алмашиб келишган экан. Чунки боласининг уволидан қўрққан: касал бўлмасин, ўлиб қолмасин деб ўйлаган. Бугун эса...

Биз тўкин даврда яшаяпмиз. Ноз-неъматларни уйингизга келтириб берадиган хизматлар талай. Бунинг устига, юртимизга баҳор яхши келди, ҳеч бир мевани совуқ урмади, шунинг учун шаҳарнинг қайси кўчасига борманг, кўчалар, дарвозалар олдида ҳосилини кўтара олмай турган дарахтларга кўзингиз тушади. Бунинг учун шукр қилишимиз керак. Меваси пишиб, ерга тушиб, ер билан битта бўлиб турган  бир вақтда, шу яқин орада бемалолгина суҳбат қуриб ўтириб олган катта ёшли кишиларга кўзим тушганда дилим янада хиралашади. 

Раҳматли момом ана шундай пайтда ҳашар қилиб, кўчадаги дарахтларнинг мевасини тердириб, ерга тушиб исроф бўлишига йўл қўймасдилар, мискинроқ оилага мураббо қилиб берарди, қуритиб, қоқи қиларди. Ҳайронман, биз ана шундай тежамкор, омилкор эл фарзанди бўлсак-да, бугун пишиб етилган ноз-неъматларга ҳурматсизлик қилмаяпмиз-ми? Тўйлардаги истеъмол қилинмай қолиб кетган таомлардек, уйимиз олдидаги дарахтлардаги мевалар тўкилиб ер билан битта бўлиб қоляпти. На катта ёшдаги кишилар, на ҳожи она ва ҳожи оталар, ҳеч ким бир-бирига эътироз билдирмайди. Маҳалла раислари-чи? Улар шу яқин атрофда яшайдиган, ҳар куни кўчага чиққанида кўзи тушадиган, оёқости бўлаётган ўрик, олма, олча (бундан аввалроқ тут)ларни кўриб наҳотки, бирор бир гап айтишга журъат этмаса? Ваҳоланки, айнан шу меваларни улар ҳам, дўконлардан келтириб ейишяпти.

Шу ўринда бир мисол келтиришни жоиз кўрдим.

Туркияда сафарда бўлган чоғимда уйлар, ҳовлилар ёнлари, кўча ёқалари ва ҳатто хиёбонларга туташ кўчаларда апельсин, хурмо, банан, зайтун ва яна кўплаб неъматларнинг етилиб пишаётгани гувоҳи бўлдим. Бирор бир жойда у ерда яшайдиган одамлар фарзандларининг уларга тош отиб, туширишга ҳаракат қилганини, неъматларнинг ерда исроф бўлганини кўрмадим. Мевалар пишгач, улар териб олиниб, яқин атрофда яшайдиган одамлар орасида бўлиб олинар экан.

Зайтуннинг ёғгача бўлган “саёҳат”и эса яна бир ноёб анъана экан. Куз келиши билан ўрим-йиғимдан сўнг, зайтун мевалари дарҳол маҳаллий тегирмонларга юборилади, улар хизмат ҳақи эвазига юқори сифатли зайтун мойини ишлаб чиқариш учун прессланиб, махсус идишларга солиб эгаларига қайтариб берилади. Зайтун йиғишнинг бу қадимий анъанаси оилалар, жамоалар ва меҳмонларни маданият ва хўрандаликнинг ажралмас қисми бўлмиш кўп асрлик удумларда иштирок этиш орқали бирлаштиради. 

Ўзимизда ҳам шунга ўхшаш одатлар йўқ эмас. Болалигимда маҳаллада яшаб юрган пайтларимизда қўшнилар билан келишиб олиб, кўчага катта чойшабни кўтариб чиқардик. Пастда туриб тўрт томонидан ушлардик. Бир киши дарахт тепасига чиқиб тут қоқарди. Сўнгги йилларда кўчаларда бундай ҳолатни жуда кам учратасиз ёки умуман йўқ бўлиб кетган. Гўё одамлар бундай оворагарчиликдан ўзини олиб қочаётгандек. Мабодо бизда ҳам шундай анъаналар тикланиб, йўлга қўйилса, неъматлар увол бўлмасмиди?

Баҳора Муҳаммадиева.