Ҳар ерни қилма орзу...
У бирор ҳунарнинг бошини тутмади. Оиладаги иқтисодий шароит оғирлашгач, мўмай даромад топишни режалаштирди. Ўйлай-ўйлай ноқонуний бўлса-да, чет элга чиқиш режасини пишитди. Шу мақсадда 2015 йилнинг 2 июль куни хорижга чиқиш-кириш тўғрисидаги тартибларни бузиб, Тошкент вилоятидаги "ўишткўприк" божхона чегара маскани орқали Қозоғистон Республикасининг Олмаота шаҳрига борди.
"Ҳар ерни қилма орзу, ҳар ерда бор тошу тарозу", – деганларидек, шаҳарнинг баланд-пастини билмаган Луиза бир неча кун сарсон бўлиб, иш қидирди. Шу орада қозоқлардан таниш орттирди. Омади келавермагач, ёрдами тегиб қолар, деган умид билан танишларига иш топишда қийналаётганини айтди.
– Шунга ҳам қайғурасанми, Луиза? – деди таниши. – Яқинда Таиландга кетамиз. У ерда орзуингдаги ишни топсанг бўлади. Агар истасанг, биз билан боришинг мумкин.
Уларнинг бу таклифи Луизани қувонтирди. Ниҳоят, Таиланднинг Бангкок шаҳридаги "Алиф Лейла" ресторанида унинг орзуси ушалди. Луиза ресторанга официант бўлиб ишга кирди. Орада уйига пул ҳам жўнатди.
Кунларнинг шу зайлда ўтиши Луизани зериктирди ва у Таиланднинг Нонг Кхай шаҳрига, кейин эса қўшни Лаос давлатига бориб келди. Бора-бора бу юришлар унинг "хобби"сига айланди.
Аммо ҳар бир ишнинг интиҳоси бор. Луиза Умматованинг ҳам ноқонуний "саёҳат"лари ўз ниҳоясига етди. У "Бангкок-Тошкент" йўналиши орқали юртимизга кириб келаётганида паспортидаги камчиликлар туфайли чегара ходимлари томонидан тўхтатиб қолинди. Ноқонуний хатти-ҳаракати учун унга 5 йил озодликдан чеклаш жазоси тайинланди.
Аббос АБДУРАИМОВ,
вилоят прокуратураси бўлим
прокурори.