Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

2020-2021 ўқув йили учун умумий ўрта таълим мактабларининг 1-синфига ўқувчилар қабули қандай тартибда амалга оширилади?

Кейинги ўқув йили учун умумий ўрта таълим мактабларининг 1-синфига ўқувчиларни қабул қилиш жараёни ўрнатилган тартибда, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 17 мартдаги 140-сонли Қарори талаблари асосида ҳар йили июнь-август ойларида амалга оширилиши белгилаб берилган. Аммо бугунги кунда юртимиздаги эпидемиологик вазиятни ҳисобга олган ҳолда 1-синфга қабул жорий йилнинг июль-август ойларида амалга оширилади.
Бунда,
- мактаб ёшидаги болаларни умумий ўрта таълимга қамраб олиш туман (шаҳар) ҳокимликларининг қарори билан умумтаълим муассасаларига бириктирилган ҳудудлар (микроҳудуд)да амалга оширилади;
- умумтаълим муассасаларининг 1-синфига 6-7 ёшли болалар тиббий хулосага мувофиқ қабул қилинади;
- жорий йилнинг 31 августига қадар 6,5 ёшга тўлмаган, 1-синфда ўқиш истагини билдирган болаларнинг ота-оналари билан умумтаълим муассасасининг педагог ходимлари ва психологи томонидан болани мактабда ўқишга жисмонан ва руҳан тайёрлаш бўйича тушунтириш ишлари олиб боради;
- мактаб ёшидаги болаларни тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Халқ таълими вазирлиги билан келишилган ҳолда белгиланади.

Болаларни умумтаълим муассасасининг 1-синфига қабул қилиш учун уларнинг ота-оналари томонидан қуйидаги ҳужжатлар топширилади:
- ота-оналар томонидан умумтаълим муассасаси директори номига ариза;
- ота-оналарнинг фуқаролик паспорти (фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси) нусхаси (доимий пропискаси ёки турган жойи бўйича ҳисобга олинганлиги ҳақидаги қайд ёзуви кўрсатилган ҳолда);
- боланинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси нусхаси;
- боланинг соғлиғи тўғрисида тиббий маълумотнома;
- боланинг 3,5 х 4,5 см ҳажмдаги 4 дона рангли фотосурати.

Болалар умумтаълим муассасасининг 1-синфига тайёргарлик даражасидан қатъи назар, танловсиз қабул қилинади (мусиқа ва санъатга ихтисослаштирилган таълим муассасалари бундан мустасно).
Маълумот ўрнида янги ўқув йилида вилоятимиздаги умумтаълим мактабларига 76895 нафар ўқувчилар қабул қилиниши прогноз қилинган.

Ғайрат БОБОХОЛОВ,
Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси вилоят ҳудудий бўлими бошлиғи.