Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

37 нафар юртдошимиз уйли бўлди

Самарқанд шаҳар Кимёгарлар шаҳарчасидаги Шукрона маҳалласида бунёд этилган намунавий лойиҳадаги уй-жойлар ногирон, кам таъминланган ва эҳтиёжманд фуқароларга бепул, доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан тантанали равишда топширилди.

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

- Ушбу фуқаролар йиллар мобайнида ижарама-ижара юриб, оғир шароитларда яшаб келаётганди, - дейди Самарқанд шаҳар ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси З.Раҳмонова. - Уларнинг 35 нафарига «Маҳалла» хайрия жамоат фонди вилоят бўлими, 2 нафарига вилоят касаба уюшмалари кенгаши томонидан 25 миллион сўмдан пул банкдаги ҳисоб рақамига ўтказиб берилди. Шунингдек, қурилиш ташкилотлари ҳам ҳомийлик ёрдамларини кўрсатди. Бугун уйли бўлганларнинг аксарияти ишлаш истагини билдиришди. Шу боис уларнинг бандлигини таъминлаш масаласи ҳам ижобий ҳал этилади.





Самарқанд шаҳрида ҳозирда мингдан зиёд уйга муҳтож фуқаролар рўйхатга олинган. Яқин йилларда уларнинг барчасини босқичма-босқич уй-жой билан таъминлаш чоралари кўрилмоқда.



- Етти йилдирки, оғир шароитда яшаб келяпман,  - дейди 1-гуруҳ ногирони С.Абдуллаева. - Ҳокимликка қилган мурожаатим инобатга олиниб, бугун янги уйли бўлганимдан бошим осмонга етди. Тикиш-бичиш ишлари қўлимдан келишини айтгандим, мутасаддилар иш ҳам топиб беришларини ваъда қилишди. Бундан қувончим икки ҳисса ошди. Мен каби эҳтиёжмандларга кўрсатилаётган ғамхўрликлар учун давлатимиз раҳбарларига минг раҳмат.
Уйли бўлган 37 нафар Самарқанд шаҳри ҳамда Самарқанд, Тойлоқ, Ургут тумани фуқароларини тадбирга йиғилганларнинг барчаси уларнинг янги хонадони билан қутлади.


Бахтиёр Мустанов.