Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Астрономия ва астрофизика олимпиадасида СамДУ талабаси ғолиб бўлди

Самарқанд давлат университитетида география, тожик тили, педагогика (мутахассислик фанлари) ва зоология, астрономия ва астрофизика фанлари (умумкасбий фанлар) бўйича республика олий таълим муассасалари талабалари олимпиадасининг якуний босқичи ўтказилди.

  Жумладан, астрономия ва астрофизика бўйича талабалар олимпиадаси бу йил кетма-кет учинчи марта Самарқанд давлат университетида ташкил этилди. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки Самарқанд Мирзо Улуғбек асос солган мадраса ва академиянинг ватани сифатида нафақат Ўзбекистон, балки дунёда танилган тарихий шаҳар  ҳисобланади. Бундан ташқари, Самарқанднинг 2750 йиллиги муносабати билан Самарқанд давлат университетида Ўзбекистон Фанлар академияси Астрономия институти ёрдамида Германияда ишлаб чиқарилган, кўзгусининг диаметри 48 см. бўлган оптик телескоп ўрнатилган.

  Шуни ҳам таъкидлаш лозимки, 2017 йилгача бундай олимпиада юртимиз олий таълим муассасалари талабалари ўртасида ўтказилмаган. Самарқанд давлат университети ташаббуси билан бу олимпиадага асос солинди.

  Астрономия ва астрофизика бўйича бу йилги олимпиадада мамлакатимиздаги 9 та олий таълим муассасаси иқтидорли талабалари иштирок этди.  Танлов низомига биноан синовлар 4 тур бўйича ташкил қилинди ва иштирокчиларни баҳолашда шаффофлик ва холислик таъминланди.

  Ҳакамлар ҳайъати хулосасига кўра, биринчи ўрин Самарқанд давлат унивеситети физика факультети III курс талабаси Шерзод Сайфиевга берилди. Урганч давлат университети физика-математика факультети IV курс талабаси Баходир Яхшимуродов иккинчи, Навоий давлат педагогика институти физика-математика факультети IV курс талабаси Гулноза Собирова учинчи ўринга муносиб кўрилди.

  Олимпиаданинг тантанали ёпилишида фахрли 1-3 ўринни эгаллаган талабаларга СамДУ ректорининг қимматбаҳо совғалари, шунингдек, барча талаба иштирокчилар ва уларнинг раҳбарларига китоблар ва фахрий ёрлиқларни илмий ишлар ва инновация бўйича проректор Ҳ.Хушвақтов топширди.

 У.Зоҳидов,

“Астрономия ва астрофизика” фани

бўйича республика фан олимпиадаси

ҳакамлар ҳайъати раиси.