Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Автомобилларга "сирена" ўрнатишга рухсат берилиши ҳақидаги хабарларга муносабат билдирилди

Кеча, 4 декабрь куни ижтимоий тармоқларда «2021 йил 1 январдан бошлаб транспорт воситаларига махсус товушли ишоралар берувчи мослама "сирена" ёки "мигалка" ўрнатиш учун бир йилга БХМнинг 50 фоизи (1 431 660 сўм) миқдорида пул тўлаб рухсатнома берилиши белгиланди» сарлавҳаси остида ёлғон хабар тарқалган. Ушбу хабарга Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси муносабат билдирди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 24 декабрдаги қарори билан тасдиқланган «Йўл ҳаракати қоидалари»нинг 3-иловаси (транспорт воситаларидан фойдаланишни тақиқловчи шартлар) 7.21-бандига кўра, транспорт воситалари ўзбошимчалик билан махсус товушли ишоралар билан жиҳозланган транспорт воситаларидан фойдаланиш тақиқланган. Шунингдек, транспорт воситасининг ташқи юзасида белгиланган талабларга мос келмайдиган махсус рангли график чизмалар, ёзувлар ва белгилар бўлса, бундай транспорт воситаларидан фойдаланиш тақиқланади.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 127-моддаси (транспорт воситаларининг товуш чиқарувчи, ёритувчи ва бошқа қурилмаларидан фойдаланиш, уларни ўрнатиш қоидаларини бузиш) иккинчи қисмига кўра, тегишли рухсат олмай туриб транспорт воситаларига товуш чиқарувчи ва ёритувчи махсус қурилмаларни ўрнатиш, худди шунингдек, давлат рақам белгиларини кўриш имкониятини чеклайдиган, уларни англашга тўсқинлик қиладиган турли ашёлар ўрнатиш ва қоплама суртиш ана шу қурилмаларни мусодара қилиб, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан уч бараваригача, мансабдор шахсларга эса уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.