Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Беҳбудий қолдирган маънавий хазина. Уни қанча ўргансак, тарғиб этсак, халқимиз бугунги тинч ва эркин ҳаётнинг қадрини англаб етади

Президентимиз Шавкат Мирзиёев парламентга қилган Мурожаатномасида жадидчилик ҳаракати, маърифатпарвар боболаримиз меросини чуқур ўрганишимиз кераклиги ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди. Хусусан, халқимиз тарихининг мураккаб дамларида, маърифат машъалини баланд кўтариб чиққан аллома ва адиб, буюк маърифатпарвар Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг 145 йиллик таваллуд санасининг кенг нишонланишига ҳам алоҳида эътибор қаратди.

Қувонарлиси, юртимизда буюк аждодларимизнинг бой илмий меросини ўрганиш, кенг тарғиб қилиш ва улар қолдирган маънавий меросни тадқиқ этиш борасида изчил ишлар олиб бориляпти. Шу маънода Президентимиз Мурожаатномасида Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳақидаги фикрларини тинглаб, бутун ҳаётини илм-фан ривожига, инсон маънавиятини бойитишга бағишлаган буюк маърифатпарварнинг номи янада улуғланишидан қувондим.

Бу бежиз эмас. Чунки Беҳбудий каби буюк аллома ва мутафаккирларимизнинг илмий, маънавий ва маърифий меросини чуқур ўрганиш ёшларни ҳар томонлама баркамол инсонлар этиб тарбиялашда, уларни Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида улғайтиришда муҳим омил бўлади.

Тўғри, айни кунларда Самарқандда аллома таваллуд куни муносабати билан “Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳафталиги” ўтказилмоқда. Самарқандлик ёзувчи ва шоирлар, журналист ва театршунослар, илм-фан ва маданият намояндалари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари жойларда Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг ҳаёт йўли, илмий-ижодий мероси ва кейинги пайтда уни ўрганиш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида сўз юритмоқда.

Шунингдек, Самарқанд шаҳрида буюк маърифатпарвар уй-музейини ташкил этиш, шаҳарнинг марказий ҳудудларидан бирида унинг муҳташам ҳайкалини ўрнатиш режалаштирилди.

Энди бу эзгу иш янада кенг миқёсда олиб борилади. Зеро, Президентимиз таъкидлаганидек, «Бу маънавий хазинани қанча кўп ўргансак, бугунги кунда ҳам бизни ташвишга солаётган жуда кўп саволларга тўғри жавоб топамиз. Бу бебаҳо бойликни қанча фаол тарғиб этсак, халқимиз, айниқса, ёшларимиз бугунги тинч ва эркин ҳаётнинг қадрини англаб етади». Биз, ижодкорлар ҳам бу хайрли ишлардан асло четда турмаймиз.

Нусрат РАҲМАТ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.