Биз билган ва билмаган Туркия
Туркиянинг Кўния шаҳрида Мавлоно Жалолиддин Румий хотирасига бағишланган “Шаби Арус” халқаро фестивали бўлиб ўтди. Дунёнинг 40 та мамлакатидан таклиф қилинган журналистлар орасида самарқандлик ёзувчи ва журналист Каримберди Тўрамурод ҳам бор эди.
Каримберди Тўрамуроднинг Туркия ва фестивал таассуротларини эътиборингизга ҳавола қиламиз.
Туркия тарихидан айрим маълумотлар
Маҳаллий аҳоли томонидан жумҳурият деб юритиладиган Туркия Республикаси Биринчи жаҳон урушида мағлубиятга учраган Усмонийлар империяси ўрнида ташкил топган. Майдони 783 562 квадрат километр (дунёда 36-ўрин), аҳолиси 83 миллион (дунёда 19-ўрин). Ерининг 97 фоизи Осиёда, 3 фоизи Европада жойлашган (Истамбулнинг 70 фоизи Европада, 30 фоизи Осиёда).
Атрофини Қора денгиз, Мармара денгизи ва Ўрта Ер денгизи каби денгизлар ўраб турган Туркия сувда Руминия, Россия, Украина, Кипр ва Абхазия билан, қуруқликда Болгария, Грузия, Арманистон, Озарбайжон, Эрон, Ироқ, Сурия ва Греция билан чегарадош.
Туркия дунёга ҳамма нарсани экспорт қилади: кийим-кечакдан автомобилгача.
Туркия 1952 йилдан НАТОга аъзо, 1999 йилдан Европа Иттифоқи аъзолигига номзод.
Туркия тарихи халқимиз тарихи билан чамбарчас боғлиқ. Бундан салкам минг йил аввал (1077 йилда) Византия империяси қўл остида бўлган бугунги Туркия ерларини византияликларни жангда енгиб, уларнинг императори Деогенни асир олган Алп Арслон бошчилигидаги салжуқийлар озод қилган ва Кўнияни пойтахт деб эълон қилган. Кейинчалик бутун бошли Кичик Осиё ерларини бирлаштирган Салжуқийлар давлати – Кўния султонлигига асос солишган.
1243 йилда бу султонлик чингизий мўғуллар вассалига айланган. Кейинчалик бу султонлик кичик бекликларга бўлиниб кетган. Ана шундай бекликлардан бири Усмон беклиги эди.
Бизнинг диёрдан бориб, ўзининг жанговарлиги билан дунёга донг таратган ва ўз султонлигига асос солган Эртуғрулнинг ўғли Усмон Ғозий 1299 йилда Усмонийлар империяси тамал тошини қўйди. Катта ҳудудни қамраб олган бу империя 1924 йилгача, яъни 625 йил ҳукмронлик қилди. Усмонийлар Рим империяси жанубидан тортиб, Венадан то Ямангача, Ғарбий Осиёдан тортиб Шимолий Африкагача ҳукмронлик қилди. Макка ва Мадинагача етиб борган Султон Салимдан кейин султонлик Халифаликка ҳам айланди ва кейинги султонлар халифалар ҳам бўлишди.
1453 йилда Рим империясининг 330 йилдан буён шарқий пойтахти бўлиб келган Константинополни фатҳ қилган Султон Меҳмед минг йилдан ортиқ насронийлик дини маркази бўлган шаҳарга “Ислом бўл!” дея ҳайқирди ва шаҳарнинг номи Исломбўл – Истамбулга айланди. Кўниядан бошланган туркий давлат пойтахти ана шундай қилиб асосий қисми Европа қитъасида бўлган шаҳарга кўчди.
Қудратли Усмонийлар салтанати Биринчи жаҳон урушида мағлуб бўлгунга қадар бугунги кунда алоҳида давлатлар саналадиган 32 та давлатни ўз байроғи остида бирлаштирган эди.
Бугунги кунда Туркия еттита норасмий ҳудудга бўлинган: Мармара денгизи ҳудуди, Қора денгиз ҳудуди, Эгей ҳудуди, Ўрта Ер денгизи ҳудуди, Шарқий Онадўли, Шарқий-жанубий Онадўли ҳудудлари.
Туркия расман 81 та вилоятга бўлинган ва бу вилоятларни валийлар бошқаради. Бундан ташқари, Буюк шаҳар деб аталувчи, аҳолиси 750.000 дан ортиқ бўлган шаҳарлар ҳокимликлари – беледиялари мавжуд.
Туркиядаги Адана, Кўния, Бурса, Анталия, Газантеп каби шаҳарларида бир миллиондан ортиқ аҳоли истиқомат қилса, Измирда уч миллиондан, пойтахт Анқарада беш миллиондан ортиқ одамлар яшайди. Аммо қадимий Истамбулнинг аҳолиси 15 миллиондан орошди.
Кўния
Маволоно Жалолиддин Румий ҳазратлари дафн этилган Кўния шаҳри минглаб йиллик тарихга эга. Шаҳардан 50 километр наридаги Чатал-Ҳуюк тепаликларида айнан 10 минг йил олдин инсоният қўли билан яратилган, илк уйлар деб тан олинган кулбалар топилган.
Кўния 4000 йил илгари ҳам шаҳар бўлган, у Фригия деб номланган. Қадимги грек ҳужжатларида шаҳар Иконий номи билан тилга олинган ва Библияда ҳам келтирилган. Шаҳар Александр Македонский даврида йирик шаҳарлар бири бўлган.
Кўния - Икония деган номнинг бузилган шакли. Икония эса, икона сўзидан олинган ва ўша даврда энг катта ибодатхоналарда акс этган икона шарафига шундай номланган.
Салжуқийлар даврида Кўния Эрону Ироқни бирлаштирган қудратли давлатнинг пойтахти бўлган. Ўша даврда бу шаҳарда машҳур шоир ва математик Умар Хайём (1048-1131) яшаган.
Аммо Кўнияни дунёга машҳур қилган зот Мавлоно Жалолиддин Румий ҳисобланади. У отаси Баҳоуддин Валад билан Хоразмшоҳлар шаҳри Балхдан кўчиб келди. Шу ерда яшади ва Шамсиддин Табризий билан учрашди, ўзининг тариқатига асос солди ва шу шаҳарда дафн қилинди.
Дунёнинг турли шаҳар ва қишлоқларидан миллионлаб кишилар Мавлоно мақбарасини зиёрат қилгани зиёратга келишади.
Шаҳарда Жалолиддин Румий вафот этган 17 декабрда ҳар йили фестиваль бўлиб ўтади. Аслида, бу фестиваль ўн кун давом этади ва 17 декабрда дарвешларнинг анъанавий маросими – Мавлоно руҳига ўқилган Хатми Қуръон ва само рақси билан якунига етади. Зеро, Мавлоно васият қилганларидек, бу кун у зотнинг вафот этган куни эмас, Ҳаққа қовушган, Аллоҳ васлига етган кун сифатида нишонланади. “Шаби Арус”нинг форсийдан таржимаси “Келин кечаси”, “Тўй оқшоми” маъноларини беради ва васиятларига кўра, бу кун тўй каби нишонланади.
Бу йил Мавлоно Ҳаққа етганига 747 йил бўлди ва бу йилги “Шаби Арус” фестивалида Ўзбекистондан таклиф қилинган журналистлар қаторида мен ҳам бу тантаналарда иштирок этдим.
Мавлоно музейидаги маълумотлардан билдимки, бир неча йил аввалги фестивалда юртимиздан таниқли ҳофиз, Ўзбекистон халқ артисти Шерали Жўраев ҳам иштирок этган экан.
Кўниядаги Оловуддин тепалиги энг дастлабки одамлар бино қурган замин ҳисобланади. Бу тепаликда Салжуқийлар салтанатининг Кайқубод, Кайхисрав каби еттита ҳукмдори бир мақбарада дафн этилган. Йўлбошловчимизнинг эътирофича, “Бир мақбарада етти ҳукмдор дафн қилинган мақбара бошқа йўқ” экан.
Кўнияда XIII асрда бунёд этилган Ипликчи масжиди, Оловуддин масжиди, XVI асрда Султон Салим қурдирган Салимия масжиди, Қоратой Буюк мадрасаси, Инжа минорали масжид, Шамсиддин Табризий қабри ва масжиди, Азизия, Шарафиддин, Ҳожи Ҳасан масжидлари сақланиб қолган.
Ипликчи масжиди 1202 йилда қурилган ва салжуқийлар даврида бино қилинган масжидларнинг энг қадимийси ҳисобланади.
Ривоят
Салжуқий ҳукмдорлар Кўния шаҳрида муҳташам бир масжид тикламоқчи бўлишди. Энг машҳур ва номдор усталар чақирилиб, масжид қурилиши бошланди.
Шаҳарда яшовчи, ип йигириб сотиб кун кўрадиган бир кампир ҳам масжид қурилишига ўз ҳиссасини қўшишни истади. Аммо унинг на пули, на бошқа нарсаси бўлмаса-да, бир тугунга йигирилган ипларни солиб келиб, ишбошига ўз ниятини айтди.
– Ҳукмдор масжид қурилишига бошқа бировнинг пули аралашмаслигини тайинлаган, – деб уни рад қилди иш боши. – Қолаверса, сенинг бу ипларинг нимага ҳам ярарди?
Кампир хафа бўлди ва йигирган ипларини масжид пойдевори учун тайёрланаётган қоришмага сочиб юборди. Иплар қоришмага аралашиб кетди ва шундай қилиб, кампирнинг иплари масжидга ишлатилди.
Масжид битаёзганида ҳукмдор тушида Пайғамбар алайҳиссаломни кўрди ва у зот масжид қурилишига ишлатилган иплар боис бу масжид қурилишидан ҳосил бўлган савоб ип йигирувчи кампирга ёзилганини ва унинг шарофатидан ҳукмдор қурган масжидга барака ато этилгани хабарини айтди.
Ҳукмдор ип йигирувчи кампирни суриштириб топди, бўлган воқеаларни айтди, кўп ҳадялар бериб, уни рози қилди ҳамда масжидни “Ипликчи масжиди”, яъни ип йигирувчи масжиди, деб номлади.
Мавлоно мақбараси
Мавлоно Жалолиддин Румийнинг отаси Баҳоуддин Валад Хорамшоҳ билан келиша олмай, юртимизни тарк этган. Унинг обрўси мисли кўрилмаган даражада ортиб кетаётганидан хавотирга тушган Хоразмшоҳ унга оғир шарт қўйган:
– Сиз ўзингизга бошқа мамлакат топинг ёки мен ўзимга бошқа шоҳлик топай!
Табиийки, Султон Валад шоҳ бошқа бир мамлакатга бориб, шоҳлик қилишини истамасди ва ўзи бошқа мамлакат сари йўл олди. Қизиғи, илоҳий ишора билан Хоразмшоҳ ўз қизини Султон Валадга никоҳлаб берган эди. Жалолиддин Румий Хоразмшоҳнинг ўғли Жалолиддин Мангубердининг жияни бўлади. Онаси ўз укасидек шиддатли, мард ва жасур бўлишини истаб, унга Жалолиддин исмини қўйган. Аммо Жалолиддин Румий тоғасидек жанг билан эмас, ўз маърифати ва тариқати билан дунёни олди ва номини абадиятга муҳрлади.
Султон Валад Балхни тарк этганида Жалолиддин беш ёшда бўлган ва бир қанча мамлакатларни кезиб, жумладан, Макка ва Мадина шаҳарларида ҳам бўлган. Ҳажни адо қилиб, Туркиянинг Қарамон шаҳрида истиқомат қила бошлайди. Оловуддин Кайқубод таклифи билан барча олиму уламолар жам бўлаётган Кўния шаҳрига ташриф буюради.
Баҳоуддин Валадни кутиб олиш учун ҳукмдор шаҳар ташқарисига чиқади ва у минган отнинг тизгинини тутиб, шаҳарга киради. Шаҳарга кирган Баҳоуддин Валадни бир атиргул боғи ҳайратга солади. Кейинчалик Оловуддин Кайқубод Баҳоуддин Валадга ана шу боғдан сарой қурдириб, боғни унга ҳадя қилади. Вақти келиб, Баҳоуддин Валад ва унинг ўша пайтда 11-12 ёшда бўлган, Мавлавия тариқатини оламга ёйган ўғли Жалолиддин Румий вафот этганида шу ерда дафн қилинади. Кейинчалик бу жой Мавлоно мақбарасига айланади. Мақбарани эса ўзбек томошабинлари севиб томоша қилган “Муҳташам юз йил” сериали қаҳрамони бўлган Султон Сулаймоннинг рафиқаси Хуррам Султон ўз пулига бино қилган. Боғ эса бугун Жалолиддин Румий хотира мажмуаси ва музейи мақомида фаолият юритмоқда. 2014 йилгача бу ерга зиёратга кириш пуллик эди. Ҳозир эса айрим шаҳарлардаги маданий ёдгорликлардан фарқли ўлароқ, кириш бепул.
Кўнияда Мавлоно музейи ва Мавлоно маданият саройи бунёд этилган ҳамда ҳар йили нишонланадиган “Шаби Арус” фестивали ҳам ана шу маданият саройида нишонланади.
Туркияда туризм етакчи соҳа
Кўния шаҳрининг ўзига ҳар йили бир миллиондан ортиқ одам зиёратга келади. Аммо пандемия туфайли 2020 йилда зиёратчилар сони кескин камайган.
Эътиборлиси, Туркияга борган сайёҳлар маҳаллий аҳолига қўшилмасдан, алоҳида олиб юрилар экан. Ресторанларда барча нарсалар махсус жилдларга ўралган. Қошиқ, пичоқлардан тортиб, то сиз тановул қиладиган нонгача.
Сайёҳлар гуруҳлар таркибида зиёратгоҳларга олиб борилади ва бу вақтда у жойларда маҳаллий аҳоли бўлмайди. Пандемия сабаб бўлса керак, ҳафтанинг сўнгги уч кунида Туркия аҳолиси уйидан чиқмайди ва бунга амал қилмаганлар қаттиқ жазоланади. Битта ноқулай тарафи, ўша кунлари дорихоналар ва озиқ-овқат дўконларидан бошқа бирор дўкон ёки емакхоналар ишламайди.
Каримберди ТЎРАМУРОД,
Кўниядан Zarnews.uz сайти учун махсус.