“Катта террор” қурбонлари бўлган Самарқанд жадидлари

Самарқандда кўплаб жадидлар авлоди ватан озодлиги, мустақиллиги йўлида қаҳрамонона кураш жабҳаларида қурбон бўлган.
1937-1938 йиллардаги “катта террор” сиёсатида қатағон қилинган самарқандликларни эсга олиб ўтишни лозим кўрдик.
Насриддин Купубоев ЎзССР ИИХК Самарқанд сектори 1378-сонли иши бўйича айбланган. У 1890 йили Ўзбекистоннинг Каттақўрғон шаҳрида туғилган, қулоққа тортилишдан қўрқиб беркиниб юрган. Ҳибсга олинганида ҳеч бир машғулоти бўлмаган. 1920 йилдан 1924 йилгача аксилинқилобий «Миллий иттиҳод» ташкилоти аъзоси бўлган.
«Миллий иттиҳод» ташкилотининг аъзоси сифатида доимий равишда аксилинқилобий мағлубиятчилик тарғиботини олиб борганликда айбланиб, 1937 йил 21 ноябрда 10 йил қамоқ жазосига ҳукм этилган, меҳнат тузатув лагерида 1937 йил 20 сентябрдан бўлиши кўрсатилган.
Мулла Мардам Камолов 1884 йили ЎзССР Каттақўрғон райони Ёрматқўзи қишлоғида туғилган, қулоққа тортилган. 1933 йилдан 1936 йилгача «Миллий иттиҳод» аксилинқилобий ташкилоти аъзоси бўлган, босмачилар тўдасига раҳбарлик қилган, 1933 йили аксилинқилобий ташкилотга мансубликда айбланиб, 3 йил қамоққа ҳукм этилган.
Совет ҳокимиятига қарши муросасиз душман сифатида аксилинқилобий тарғибот олиб борганликда айбланган. Мулла Мардам 10 йил қамоқ жазосига ҳукм этилган, қамоқ жазоси муддати 1937 йил 19 сентябрдан ҳисобланган.ЎзССР ИИХК Самарқанд сектори 5742-иши юзасидан Камолов Мулла Мардам айбланиб, 10 йил қамоқ жазосига ҳукм этилган.
Қўзи Ҳайдарбек Абдусоатов 1875 йили Самарқанд шаҳрида туғилган, қулоқ, ўтмишда волост бошқарувчиси, «Миллий иттиҳод» аксилинқилобий ташкилотининг раҳнамо, лидерларидан бири бўлган. Ҳибсга олинган пайтда аниқ машғулоти бўлмаган. Ўз атрофига собиқ аксилинқилобчи ташкилотчиларни тўплаб аксилинқилобий йиғинлар ўтказган, бунда аксилинқилобий тарғибот олиб борган, совет ҳокимиятига қарши курашишга даъват қилган айблар қўйилган. ЎзССР ИИХК Самарқанд сектори томонидан 1282-иш бўйича Қўзи Ҳайдарбек Абдусоатов отувга ҳукм этилган, унга тегишли мол-мулк мусодара қилинган.
Камолиддин Ҳусаинов 1880 йили Самарқанд шаҳрида туғилган, чор Россияси даврида маҳаллий полиция бошлиғи бўлган, 1916 йилдаги Жиззах қўзғолонини бостиришда иштирок этган, 1920 йилдан 1924 йилгача «Миллий иттиҳод» аксилинқилобий ташкилоти аъзоси бўлган. Ҳибсга олинган пайтда аниқ машғулоти бўлмаган. ЎзССР ИИХК Самарқанд сектори томонидан 1282-иш бўйича унга аксилинқилобий «Миллий иттиҳод» ташкилоти аъзоси бўлган ва унинг аксилинқилобий йиғинларида иштирок этган, деган айб қўйилган, отувга ҳукм этилган, мол-мулки мусодара қилинган.
Топилди (Топиболди бўлса керак – Р.Ш.) Раҳмонбердиев 1884 йили Самарқанд шаҳрида туғилган, 1919 йилдан 1926 йилгача «Миллий иттиҳод» ташкилоти аъзоси, ҳибсга олинган вақтда “Ўзконсервтрест” контораси котиби. Унга «Миллий иттиҳод» аксилинқилобий ташкилоти филиали котиби вазифасини бажарган, ўз уйида аксилинқилобий мажлислар ташкил этган, деган айблар қўйилган. 10 йил муддатга меҳнат тузатув лагерига ҳукм этилган, муддати 1937 йил 12 сентябрдан бошланган.
Абдуазиз Абдуғаффоров 1891 йили Самарқанд шаҳрида туғилган, волост бошқарувчисининг собиқ котиби, 1926 йилга қадар «Миллий иттиҳод» аксилинқилобий ташкилотининг фаол аъзоси бўлган. Ҳибсга олинган вақтда ҳимоя коллегияси аъзоси бўлган, у аксилинқилобчи Абдусатторов билан алоқада бўлиб, ўз уйида аксилинқилобий тарғибот билан чиқишлар қилганликда айбланган, 10 йил меҳнат тузатув лагерига ҳукм қилинган, ҳукм 1937 йил 17 сентябрдан кучга кирган.
Абдубакр Абдухайиров 1900 йили туғилган, Самарқанд шаҳридан, руҳоний, катта ер эгасининг ўғли, «Миллий иттиҳод» ташкилотининг фаол аъзоси, ҳибсга олинган вақтда оқловчилар коллегияси аъзоси бўлган, ўз уйида аксилинқилобий йиғинлар уюштириб, уларда совет ҳокимиятига нисбатан ўз норозилигини ифода қилганликда айбланган. Унга 10 йил қамоқ жазоси берилган, муддати 1937 йил 17 сентябрдан ҳисобланган.
Жўрабоев Тўлибой 1883 йили Самарқанд шаҳрида туғилган, қулоқнинг ўғли, «Миллий иттиҳод» аксилинқилобий ташкилоти аъзоси, ҳибсга олинган вақтда машғулоти аниқланмаган, 1921 йилдан 1926 йилгача «Миллий иттиҳод» топшириғи билан совет аппаратининг бузилишига олиб келган аксилинқилобий йиғинларда қатнашгани учун 10 йил қамоқ жазосига ҳукм этилган.
Насриддинов Фахриддин Рожий 1878 йили Самарқанд шаҳрида руҳоний оилада туғилган, «Миллий иттиҳод» аксилинқилобий ташкилоти аъзоси, ҳибсга олинган пайтда ўқитувчи бўлган, «Миллий иттиҳод»га аъзо бўлгани, аксилинқилобий йиғинларда иштирок этгани учун 10 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган, жазо муддати 1937 йил 12 сентябрдан ҳисобланган.
Абдуқодир Шакурий 1875 йили Самарқанд шаҳрида туғилган, қулоқ, савдогар, «Миллий иттиҳод» аксилинқилобий, миллий ташкилот аъзоси, ҳибсга олинган пайтда нон конторасида хизматчи бўлган, босмачилик билан алоқаси борликда, ўз уйида миллий, аксилинқилобий йиғинлар ташкил этиб, уларда аксилинқилобий, миллатчилик тарғиботи олиб борганликда айбланган, 10 йил қамоқ жазосига ҳукм этилган, муддати 1937 йил 17 сентябрдан ҳисобланган.
Рустамбек Шамсутдинов,
тарих фанлари доктори, профессор, Марказий Осиё фан, маданият ва санъат академияси академиги.
(Давоми бор).