Одамлар икки соатлик дабдаба учун йиллаб ишлашга тайёр(ми?)

“–  Нечта қўй олдингиз?

– Битта қўзи.

–  Овозингизни ўчиринг.

– Ҳа, ўнта қўй нима бўлади?...”

1960 йилда суратга олинган “Маҳаллада дув-дув гап фильми орадан шунча вақт  ўтса ҳам долзарблигини йўқотмаган.

Бугунги кунда тўй-ҳашамларда ортиқча харажат ва дабдаба ортса-ортяптики, камайгани йўқ. Айни шу масала давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, тўйларни ихчамлаштириш, ортиқча дабдабабозликнинг олдини олиш борасида меъёрлар белгиланди. Бироқ бу ишлар қоғозда қолиб кетди.

Жамиятимизда шундай одамлар борки, топган тутганини фарзандини ўқитиш, касб-ҳунарли қилишга сарфлайди. Аксинча, яна шундай тоифа одамлар борки, минг азобда пул топиб, машина олади, дабдабали тўй қилади ва энг зўр хонандаларни чақириб, йиллаб ишлаган пулини икки соатда совуриб юборади. Қарзга ботиб, уни узиш учун куйиб-пишиб яна ишлайди ва косаси оқармай ўтади. 

Яқинда ижтимоий тармоқда бир киши укасининг никоҳ тўйига Ҳамдам деган қўшиқчини олиб келиш учун тинмай меҳнат қилаётганини ёзибди. “Ҳамдамни укамнинг тўйига чақириш учун меҳнат қиляпман, оз қолди, Худо хоҳласа. Ҳеч эсимдан чиқмайди, шу қўшиқчини укамнинг тўйига олиб келаман деганимда “бурнингни сувини арт, сенга эмас” деган инсонлар учун ҳам меҳнат қиляпман оз қолди, жуда оз” деб ёзади у ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.

Тўғри, ҳамманинг ҳам орзу-ҳаваси бор, лекин бир кунлик тўй ёки икки соатлик дабдаба учун йиллаб қийналиш қанчалик тўғри? Биз, ўзбеклар жуда ориятли, ғурурли халқмизда. “Пул кетса кетсин, обрў кетмасин” деб айнан бизларга қарата айтилган. Шукур Холмирзаевнинг “Ўзбеклар” ҳикоясида ўзбекларнинг ана шу феъли ҳақида гап кетади. Яъни, ўзи жўжабирдай чўпон оиласи бошқаларга фақирлигини кўрсатишдан ор қилади. Ҳатто ойда емайдиганини бир кунда уйига келган меҳмонларга тўкиб беради.

Афсуски, ҳеч вақомиз бўлмаса ҳам тўй-ҳашамларда кимўзарчилик, дабдабозлик қон-қонимизга сингиб кетган. Масалан, кимдир тўй бошлаши билан масалаҳат ошидан тўй бўладиган кунгача йиғилишлар, борди-келдилар кунлаб, баъзан ҳафталаб давом этади. Яна тўйхоналар қиммат, ҳар бир ўринга, хонандаларга фалон минг сўмдан харажат, сарпо-салом ва ҳоказо. Бироқ “Қаловини топсанг қор ҳам ёнади”, деганларидек, дабдали тўйларни ҳам назоратга олаётганлар бор.

Яқин кунларгача қишлоғимизда минг ўринли тўйлар ўтказиларди. Тўйлар хоҳ уйда, хоҳ базмгоҳда бўлсин, барча бирдек айтиларди. Яъни битта тўйга ҳар бир оиладан уч-тўрт кишигача борарди. Бунинг устига қўшни қишлоғу чекка ҳудудлардан ҳам меҳмонлар таклиф этиларди. Оғизга тушган бу тўйларимизни маҳалла фаоллари ва оқсоқоллари тартибга солишди.

– Кейинги пайтда тўйларимиз дабдабабозлик, ортиқча харажат ва исрофгарчиликдан бошқа нарса бўлмай қолганди, – дейди Ургут туманидаги Ипак йўли маҳалласи раиси Маъмур Шодиев. – Айниқса, ўзига тўқ оилаларнинг данғиллама тўй қилаётгани, бошқаларнинг бунга имкони бўлмаса-да, фарзандларини тенгқурларидан кам қилмаслик учун дабдабали тўй қилишга чиранаётгани кўпчиликни оғир аҳволга тушириб қўйди. Маҳалламиз аҳли билан келишиб, тўйга фақат таклифнома орқали кўпи билан уч юз киши чақиришга, дастурхонга тортиладиган ноз-неъматларни ҳам меъёрида қўйишга келишиб олдик. Албатта, хорижда ишлайдиган ва юқори мансабда фаолият юртаётган фуқароларимиз қаршилик кўрсатган вақтлари бўлди. Аммо ёши улуғ нуронийлармиз билан мақсадга элга тўй бериш бўлса, маҳалламиздаги кам таъминланган оила фарзандларини тўйини ўтказишда ва қийналиб қолган оилаларнинг кам-кўстини тўлдириб беришда ёрдам беришларини тушунтирдик. Мана, икки йилдирки, бу анъана давом этиб келяпти.

Маҳаллада камчиқим тўй қилиб, орттирган пулига уй қурган, шароитини яхшилаб ўғил-қизини ўқитаётганларни кўраман. Демак, тўйларни ортиқча дабдаба ва исрофгарчиликсиз ҳам ўтказса бўлар экан. Бунинг учун маҳалла фаоллари, кўпни кўрган ёши улуғларимиз ташаббус кўрсатиши, бирикиб одамларни тўғри йўлга бошлаши керак. 

Фазлиддин Рўзибоев.