Умрида гўшт емаган шер

ХХ асрнинг ўрталарида Америкада туғилган Африка урғочи шери ҳаётининг тўққиз йилини гўшт емасдан ўтказди. Шер эгаси Жорж ва Маргарет Вэстбоу олимларнинг “йиртқич ҳайвонлар гўштсиз яшай олмайди”, деган даъволаридан хавотирга тушиб, “Кичкинтой” лақабли шерваччани гўшт ейишга кўндириш учун кўп ҳаракат қилди.

Улар ҳатто “Кичкинтой”га ёқиши мумкин бўлган гўштли формулани ишлаб чиқарадиган кишига пул мукофоти таклиф қилиб, газетага эълон беришди. Нью-Йорк ҳайвонот боғи куратори Вecтбоуларга “Кичкинтой” сут ичадиган идишга бир неча томчи бошқа ҳайвон қонини қўшиб, уни аста-секин гўштга ўргатишни маслаҳат берди. Лекин шер боласи ҳатто номигагина, бир томчи қон аралаштирган шишадаги сутни ичмади.

Вecтбоу оиласининг 40 гектарлик дала ҳовлисига келган кўплаб меҳмонлар орасида ўз соҳасини яхши биладиган мутахассислар ҳам йўқ эмасди. Улар ҳам турли маслаҳатлар беришди, бироқ ҳеч бири иш бермади. “Кичкинтой” ўсиб ривожланди, тахминан тўрт ёшида тўлиқ етукликка эришган ҳайвоннинг вазни 160 килограмгача етди.

Шерга сут ва тухум билан аралаштирилиб пиширилган турли хил дон ва ёрмалар бериларди. У ҳар куни эрталаб ва кечқурун, баъзан эса кундузи ҳам бу аралашма билан озиқланиб, бу парҳезда нафақат омон қолди, балки ўзини жуда яхши ҳис қиларди. Америка ҳайвонот боғлари мутасаддиларидан бири уни «ўз турлари орасидаги энг зўр кўринишга эга шер”, деб айтди.

Вecтбоу оиласи фермасида бошқа ҳайвонлар ҳам яшарди. “Кичкинтой” ҳақидаги телекўрсатувлар ва газетадаги фотосуратлар ҳам кўпчиликни бу ранчога чорлар, шерни кўриш учун Ҳайден водийсига кўплаб меҳмонлар келишарди.

Қўй, сигир ва товуслар ёнида тинч-тотув яшаётган шер меҳмонларда катта таассурот қолдирди. Бу ҳақда бир ташриф буюрувчи шундай деб ёзган эди: “Кўз олдимдаги шер ва қўзичоқнинг бу “картинаси” мени жуда бахтли қилди. Қани энди бутун дунё одамлари ҳам ҳеч қандай можаросиз, жанглар ва қон тўкишларсиз ҳамжиҳатликда яшашани ўрганса эди...”.

Б.МУҲАММАДИЕВА тайёрлади.