Ўзбек театр ва кино санъати оғир жудоликка учради

Ўзбекистон халқ артисти, Театр арбоблари уюшмаси раиси, Ўзбек миллий академик драма театри ва кино актёри, “Дўстлик” ордени соҳиби, дубляж устаси, устоз санъаткор  Ёқуб Аҳмедов 87 ёшида вафот этди.

Ёқуб Аҳмедов 1938 йилда Наманганда таваллуд топган. А.Островский номидаги Тошкент театр ва рассомлик санъати институтини режиссёрлик факультетини тамомлаган.  1958 йил Ўзбек миллий академик драма театрига актёр лавозимида иш бошлаган. 1993 йилдан 2013 йилгача шу театрнинг директори сифатида фаолият кўрсатган.

Ижодий жамоада ишлаш жараёнида элликдан ортиқ спектаклларда асосий ролларни ўйнайди. Дастлаб Уйғуннинг “Парвона” асари асосида саҳналаштирилган спектаклда Муроджон ролини ўйнаган. Бу биринчи ва мустақил роли устида тинимсиз меҳнат қилди, изланди.

Кейинчалик Мустай Каримнинг “Ой тутилган тунда”да Оқ йигит,  Вильям Шекспирнинг “Вероналик икки йигит”да Протей, Александр Островскийнинг “Сўнгги қурбон”ида Дульчин, Уйғуннинг “Абу Райҳон Беруний”ида Беруний, Софоклнинг “Антигона”да Креонат, Лев Толстойнинг “Тирик мурда”сида Каренин, Александр Островскийнинг “Ҳар тўкисда бир айб”ида Городулин, Ҳамзанинг “Бой ила хизматчи”сида Солиҳбой, Пиримқул Қодировнинг “Юлдузли тунлар”ида Бобур, Мухтор Авезовнинг “Абай”ида Абай, Уйғуннинг “Зебуннисо”сида Шоҳжаҳон, Шекспирнинг “Отелло”сида Отелло, И.Ригаданинг “Маршал Жуков”ида Жуков, Иззат Султоннинг “Абдулла Қодирийнинг ўтган кунлари”да Юсуфбек ҳожи, Уйғун ва Иззат Султонларнинг “Алишер Навоий”сида Алишер Навоий образини моҳирона ижро этди. 50 дан ортиқ спектаклларда асосий ролларни ўйнади.

Ёқуб Аҳмедов ўзи яратган образларнинг ички дунёсини, ўзига хос хусусиятларини кўз қарашлар, имо-ишораларда, юриш-туриш орқали ёрқин, аниқ оча оладиган моҳир актёрлардандир.

Ёқуб Аҳмедовни кенг санъат мухлисларига танитган илк образ - бу Туроб Тўла сценарийси асосида, режиссёр Йўлдош Аъзамов томонидан 1958 йилда суратга олинган “Фурқат” фильмидаги Фурқат образи бўлди. Агар Алишер Навоий образини Олим Хўжаев саҳнада, Раззоҳ Ҳамраев экранда катта маҳорат билан ижро этиб, кенг жамоатчиликка қандай танилган бўлса, Ёқуб Аҳмедов ҳам Фурқат образи билан санъат мухлисларига тезда танилди ва эътироф этилди.

Шундан кейин Ёқуб Аҳмедов кинода 100 га яқин образ яратиб, ўзбек кино санъатида ўз ўрнига эга бўлди. У яратган Окхой (“Ганга қизи”), Қодиров (“Зумрад”), Азизбек (“Ўтган кунлар”), Амир Олимхон (“Қора консулнинг ҳалокати”), Умар (“Севги драмаси”), Шайх (“Ҳамза”), Султонали (“Меҳробдан чаён”), Қози ( “Шум бола”), Шайх Аббос (“Оловли йўллар”), Қосим (“Алибобо ва қирк қароқчи”)  ва бошқа образларни алоҳида таъкидлаш ўринли. Шунингдек, “Ўзбекфильм” киностудиясида дубляж қилинган фильмларга ҳам овоз берди.

Ёқуб Аҳмедов “Ўзбектелефильм” ижодкорлари томонидан яратилган “Алишер Навоий”, “Улуғбек хазинаси”, “Диёнат”, “Гирдоб”, “Ичкуёв”, “Чархпалак” ва бошқа видеофильмларда ҳам етакчи ролларни ижро этди. У яратган Алишер Навоий образи актёр ижодида муҳим ўрин эгаллаган бўлса, илмда гуруҳбозликка ва сохталикка берилган институт директори (У. Усмонов, “Гирдоб”), ҳаром йўл билан бойлик орттиришга устаси фаранг хўжалик раиси (Т.Пўлат, “Ичкуёв”) образлари ҳам телетомошабинларга манзур бўлган.

Истеъдодли театр ва кино актёри Ёқуб Аҳмедовнинг сермаҳсул ижоди “СССР халқ артисти”, “Ўзбекистон халқ артисти” унвонлари, 1977 йилда Давлат мукофоти билан тақдирланган. Ўзбекистон мустақилликка эришгач, 1997 йилда “Дўстлик” ордени билан мукофотланган эди.

Устознинг оила аъзоларига, яқинларига чуқур таъзия билдирамиз!