Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Бу дунёда икки тождор қад: Мағрибий Рим, Шарқий Самарқанд

Азим СУЮН, 1948 йил 22 февралда Самарқанд вилоятидаги Накурт қишлоғида туғилган. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими.

ТошДУнинг журналистика факультетини тамомлаган (1977). Дастлабки шеърий тўплами — «Менинг осмоним» (1978). Шундан сўнг шоирнинг бир қанча шеърий мажмуалари («Зарб», 1979; «Замин тақдири», 1981; «Хаёлот», 1984; «Зиё йўли», 1986; «Жавзо», 1987; «Олис тонглар», 1989; «Куйганим — суйганим», 1992; «Қора кўзинг сенинг», 1994; «Сайланма», 1997; «Шарқ хикмати», 2000; «Эй дўст», 2005) ва бир нечта достонлари («Сарбадорлар», 1981 ва бошқ.) нашр этилган.

* * *
Ватан – бу буюк сўз,
Ҳар бир ҳарфини
Ҳижжалаб ўқисанг, бўлгайсан обод.
Даставвал вафо қил,
Бўлгин жону кўз
Токи сен тириксан,
Токи сен ҳаёт.
Сўнгра Адолатнинг яловин кўтар,
Ҳар ишда у билан ишла ёнма-ён.
Тинчликни ўзингда-бунёд эт, кўтар,
Юрак-ла ён, албат,
Ишонч ила ён.
Азизлик рутбаси аждодлардандир,
Нажот исми доим Ватан мағзида…
Демак, аҳли виждон билан бирма-бир,
Юрмак керак доим Нурнинг изидан.
Ватан – бу юксак сўз,
Унинг меҳридан
Юксалар Вафо-ю ҳамда адолат.
Тинчликнинг гавҳари
Жило сеҳрида,
Азизлик ва нажот
Тоабад ҳикмат…
Сен Ватан сўзини ҳижжалаб ўқи,
Ҳар ҳарфи кўксингда ёнсин ловуллаб.
Унинг тўлқинида қалб билан оқиб,
Уфқларга интилгин
Тошиб, шовуллаб…
Ватан – буюк сўздир…

* * *
Лайлаклар-ла ўйнади баҳор,
Боғ-роғларни шайлади баҳор.
Ғам-ғуссани ҳайдади баҳор,
Кўнглима пок ҳисларни илдим,
Она юртга саждалар қилдим.
Тошкентимда балқиди қуёш,
Бухородан чорлади дилдош.
Баҳовиддин Нақшбанд йўлдош,
Йўл бошида саодат кўрдим,
Она юртга бош эгиб турдим.
Ҳазрат Имом минорасидай,
Имон топдик метин, расида.
Истиқлолдир буюк қасида,
Забонимда порлади, билдим,
Она юртга саждалар қилдим.
Бунёдкорим ердан кўтарган,
Гулшан аро булбуллар билан –
Куй куйладим – номидир Ватан!
О, нақадар лаззатлар сурдим,
Она юртга бош эгиб турдим.
Улуғбекнинг юлдузларидай,
Соҳибқирон қош-кўзларидай,
Навоийнинг худди ўзидай,
Мард, забардаст авлодни кўрдим,
Она юртга бош эгиб турдим.
Кўнгиллари обод одамлар,
Чақмоқ янглиғ қўйса қадамлар,
Келажаги буюк Ватанда
Дарғамизнинг умидин билдим,
Шу умидга саждалар қилдим.

БАҲОР
Улуғбекнинг руҳидай
Бекинади юлдузлар.
Уфқдан офтоб тутиб,
Тушиб келар кундузлар.
Майсаларнинг тилида
Бўй-бастин қилиб кўз-кўз,
Бойчечакни кулдириб,
Жилмаяр яшил Наврўз.
Шир-ялонғоч боғлар ҳам,
Қайтар аста ўзига.
Ҳаё-қизғиш ранг инган,
Ғунчаларнинг юзига.
Лаҳжасида қушлар ҳам
Чуғурлашар-сирлашар.
Чилдираган ирмоқлар
Дарёларда бирлашар.
Бирлашганга армон йўқ,
Қалқиб турар тўғонлар.
Интилганга довон йўқ.
Забт этилар осмонлар.
Тириклигим ҳаётим,
Танимдаги сен жонсан.
Баҳорлари қаноти,
Онам – Ўзбекистонсан!
Йўллар тутиб кафтида,
Қадамимга босар лаб.
Юрак қиндан чиққудек,
Пичирлайди бахт тилаб.
Бўғзимдаги дардларим
Шодликларга дўнади,
Ялпиз исли шаҳдларим
Майсаларда тинади

САМАРҚАНД
Бу дунёда икки тождор қад:
Мағрибий Рим, Шарқий Самарқанд,
Бани башар қалбига пайванд.
Самарқандим, жоним Самарқанд!
Дунё илми, ҳур тафаккури,
Оқсаройда жам офтоб нури,
Сенда кезар шоҳ Темур руҳи,
Самарқандим, жоним Самарқанд!
Тўрт фаслли макон қайда бор,
Туронзамин деган жойда бор,
Ўзбекистон бағрида пойдор,
Самарқандим, жоним Самарқанд!
Мангуликдир ҳар лаҳза — бугун,
Бугундасан навқирон, дуркун,
Истиқлолдан бахт-умринг гулгун!
Самарқандим, жоним Самарқанд!
Н а қ о р а т:
Бу дунёда икки тождор қад:
Мағрибий Рим, Шарқий Самарқанд,
Бани башар қалбига пайванд.
Самарқандим, жоним Самарқанд!

Азим СУЮН.