Android qurilmalar uchun Zarnews.uz mobil ilovasi. Yuklab olish x

Бугун ҳам ўзгармасак...

МУНОСАБАТ

Дунёнинг тараққий топган мамлакатларида давлат раҳбарининг парламентга мурожаат билан чиқиши узоқ йиллик тарихга эга. Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга навбатдаги Мурожаатномаси Ўзбекистон бугун дунё ҳамжамиятининг тўлақонли ва фаол аъзосига айланаётганидан далолат беради.​ 

Истиқлол шароитида ўтаётган умримизнинг ҳар йили, табиийки,бир-биридан фарқ қилади. Шу маънода якунланган 2018 йилдан мамнун бўлсак арзийди. Давлатимиз раҳбарининг БМТ минбаридан туриб, Бош Ассамблеянинг “Маърифат ва диний бағрикенглик”деб номланган махсус резолюциясини қабул қилиш тўғрисидаги таклифи дунё ҳамжамияти томонидан қўллаб-қувватланди. Инсониятнинг бу ёруғ оламда тинч-тотув, аҳил-иноқ яшаши учун ғоят зарур бўлган бу тарихий ҳужжат Ўзбекистон нуфузини янада оширди. Шавкат Мирзиёевнинг дунё мамлакатлари, хусусан, Марказий Осиё давлатлари билан сиёсий, иқтисодий алоқаларни кучайтиришдаги жасоратли хизматлари расман эътироф этилмоқда. 

Бир йил тарихан қисқа давр. Аммо унинг ҳар куни, ҳар соатидан унумли фойдаланиш кутилган самараларга олиб келиши аниқ. 2018 йили ташқи сиёсат соҳасида янги сермазмун саҳифалар очилди, қатор хорижий давлатлар, биринчи навбатда,қўшни мамлакатлар билан дўстона ва ўзаро манфаатли алоқалар тикланди. Йўллардаги сунъий тўсиқлар олиб ташлангани Ўзбекистон раҳбарининг яхши қўшничилик, ўзаро ишонч ва ҳурмат-эҳтиромга асосланган янги сиёсати маъно-моҳиятини дунёга намоён этди. Одамларнинг талаб-истакларини рўёбга чиқариш, уларни эшитиш, ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш янги сиёсатнинг муҳим йўналишига айланди. Давлатимиз раҳбари ислоҳотларни 2019 йилда ҳам изчиллик билан давом эттириш зарурлигини уқдирмоқда. Бундан англашиладики, жамиятнинг ҳар бир аъзоси ўзини юртимизда кечаётган жараёнларга бевосита дахлдор деб ҳис қилиши зарур. 

Йил давомида ҳаётимизда жиддий ўзгаришлар юз берди. Йирик саноат объектларининг ишга туширилиши, 336 минг иш ўринлари яратилгани,шаҳар ва қишлоқларимизда жами 3,5 миллион квадрат метрдан зиёд намунавий уйлар ва кўп қаватли уй-жойлар фойдаланишга топширилгани, аҳолининг даромадлари 12 фоизга ошгани, шубҳасиз, катта ютуқ. Мамлакатимизда ёш оилалар ҳар жиҳатдан қўллаб қувватланаётгани, уларга ва ногиронларга уй-жой берилаётгани, фарзанд тарбияси билан шуғулланаётган аёлларга қўшимча ижтимоий ёрдам кўрсатилаётгани дунё миқёсида олганда ҳам янгиликдир. 

Ўзбекистон бугун давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини тубдан янгилашга қаратилган инновацион ривожланиш йўлига ўтмоқда. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки, миллий тараққиётга эришишнинг бошқа самарали йўли йўқ. Замон шиддат билан ривожланиб бормоқда, эндиликда жамиятга янги фикр, янги ғоя, янги инновацион сиёсат, янги етук кадрлар зарур. Бусиз кўзланган мақсадга эришиб бўлмайди. Бундай йўлни танлаганлар, шубҳасиз, ютади. 

Давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш ҳеч қачон эскимайдиган, кун тартибидан тушмайдиган вазифалардан бири. Шундан келиб чиқиб, Президент Шавкат Мирзиёев “Давлат хизмати тўғрисида”ги қонунни ишлаб чиқиш вақти келганини таъкидлади.Бу қонуннинг қабул қилиниши мамлакатда коррупция, порахўрлик, таъмагирлик каби жиноий хатти-ҳаракатларнинг олдини олади. Давлат ўз хизматчисининг бугуни, эртаси ва, умуман, тақдирига кафил экан, бундай айнишларга ўрин қолмайди. Мансабдан кетсам тирикчилигим нима бўлади, деган хавотирга тушмайди. 

Президент Парламент фаолиятидаги сусткашликка, ташаббускорликнинг етишмаслигига яна бир бор тўхталиб ўтди. Олий Мажлис раҳбарияти қонунлар муҳокамасига халқ оммасини янада кенг жалб қилиши, бунинг учун замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан унумли фойдаланиши, Интернет тармоғида махсус “майдонча”лар яратиши зарур. Ҳар бир фуқаро давлат ва жамият ҳаётига дахлдор муҳим масалалар бўйича ўз фикрини эмин-эркин билдириши учун “Менинг фикрим” махсус веб-саҳифасини ташкил этилиши қанчадан қанча фикр булоқларининг кўзини очади, донишманд халқимизда мамлакат тақдирига дахлдорлик туйғуси кучаяди, маънавий уйғоқлик юзага келади, муаммоларнинг ечим йўллари топилади 

Мурожаатда давлатнинг функция ва ваколатлари ҳаддан ташқари марказлашиб кетгани рўй-рост айтилди. Дарҳақиқат, бу усулдан воз кечиш зарур. Юртбошимизнинг вилоят, шаҳар ва туман ҳокимларига кўпроқ мустақиллик бериш тўғрисидаги таклифини тадбир иштирокчилари мамнуният билан кутиб олдилар. Негаки, ҳар қандай марказлашув замирида қуйига нисбатан ишончсизлик кайфияти ётади. Туман ҳаётига тааллуқли оддий бир муаммони марказий идоралар орқали ҳал этиш, бунинг учун қанчадан-қанча қоғоз қоралаш, навбат кутиш, имзо қўйдириш, димоғдор “тўра”ларнинг қабулхоналарида сарғайиб ўтириш жамиятнинг бугунги маънавий даражасига мутлақо тўғри келмайди. 

Йиғилишда давлатимиз раҳбари 2019 йилга “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш” йили, деб ном беришни таклиф этди. Бугун хорижий сармояларсиз, кучли ижтимоий сиёсатсиз мамлакатни ривожлантириб бўлмайди. Ўз маблағини бошқа бир мамлакат иқтисодиётига киритмоқчи бўлган сармоядорларнинг ишончини қозониш, бунинг учун ҳуқуқий кафолат тизимини шакллантириш зарур бўлади. Мурожаатда айтилганидек, бугун ҳар бир киши, лавозими ва ваколатидан қатъи назар, ўз билими ва маҳоратини муттасил ошириб бориши, раҳбарлик маданиятини чуқурэгаллаши зарур. Негаки, бизни чиндан ҳам оғир йил кутиб турибди. Ўзимиз ҳаракат қилмасак, ўзимизни ўзимиз алдамасак, ишимиз юришмайди. 

Мурожаатномани тинглар эканман, кўнглимдан шу мулоҳазалар ўтди. Йил йилдан фарқ қилмоқда, дедик. Худди шундай,дунё ҳам бугун кечаги дунё эмас. Муҳим стратегик чорраҳаларда эски асрдан кўчиб ўтган, кўлами кенгайиб бораётган хавфли кураш давом этмоқда. Унинг замирида табиий бойлик, мўмай хомашё захиралари тасарруфини қўлга киритиш, ўзга халқларнинг асрлар давомида шаклланган турмуш тарзини “ислоҳ” қилиш, ёшлар онги ва қалбини эгаллаш учун улар эътиқодини сусайтириш, бефарқлик, масъулиятсизлик касалига мубтало қилиш мақсади ётади. Бундай ҳаракатлар, ошкора эмас, турли ниқоблар остида олиб борилади. Ҳаётий тажрибаси етарли бўлмаган, турмушнинг оғир синовларига дуч келмаган, ҳамма нарсага ишонч ва ҳавас кўзи билан қарайдиган ёшлар кутилмаган “илтифот”ларга маҳлиё бўладилар, орадан ҳеч қанча вақт ўтмай нияти бузуқ кимсалар қўлида ўйинчоққа айланиб, ота-боболарига хос миллий-маънавий илдизлардан узоқлашганларини сезмай қоладилар. Мафкуравий хуруж кўринмас офат янглиғ халқ ҳаётига кириб келади,илдиз отади, одоб-ахлоқ қоидаларини емиради, хиёнат ва сотқинликка майл уйғотади. Бундан бехабарлик жамиятда янги-янги муаммоларни келтириб чиқаради. 

Давлатимиз раҳбарининг халқ билан мулоқот қилиш, уни тинглаш сиёсати эълон қилинганида, бу янгиликка айримлар ажабланиб қарашди. “Одамлар бошингни қотириб ташлайди, ҳамма ўзининг муаммосини айтади, бошқани ўйламайди”, дегувчилар ҳам бўлди. Не бахтки,мулоқотлар чоғи шахсий, маиший муаммолар билан бирга, жамият, давлат манфаатлари, миллатнинг шаъни, Ватанимизнинг фахри-ғурури, юртимизнинг келажаги билан боғлиқ ғоят муҳим таклифлар куюнчаклик билан айтилдики, бу ҳолат одамларда сиёсий маданият, ижтимоий фаоллик, юрт мавқеига дахлдорлик туйғуси ошиб бораётганининг тасдиғи эди. 

Бугунги шароитда ҳар бир давлат миллий тараққиётга эришиш учун илм-фан ютуқларидан самарали фойдаланиши, кадрлар тарбияси билан жиддий шуғулланиши зарур. 2018 йилнинг муҳим ютуқларидан бири давлатимиз раҳбарининг илм-фан ривожига алоҳида эътибори бўлди, десак, муболаға бўлмайди. Фалаж аҳволга тушиб қолган Фанлар Академияси томирларига жон кирди, моддий-техник базаси мустаҳкамланди, академия таркибида қатор илмий-тадқиқот институтлари ва марказлар ташкил этилди. Мамлакатимиз олий ўқув юртларининг сони ошди, нуфузли хорижий ўқув юртларининг филиаллари иш бошлади, кечки ва сиртқи бўлимлар тикланди. Умрини илм-фан тараққиётига бағишлаган муҳтарам олимларимизга эътибор кучайди, “Устоз-шогирд” мактаблари фаолияти йўлга қўйилди. Олий ўқув юртлари раҳбарларига маълум ваколатлар берилди. Энг муҳими, “квота” деган тўсиқ бекор қилинди. Фақат футболда эмас, илмий йўналишда ҳам ўзига хос “селекция” билан шуғулланиш, иқтидорли ёшларни имтиёз асосида ўқишга қабул қилиш бошланди. Вилоятларда Президент мактаблари ташкил этилмоқда. Ижодкорларни қўллаб-қувватловчи “Илҳом” жамоат фондининг ташкил этилиши,маданият ва санъат муассасалари ҳамда йирик компания ва банклар ҳамкорлигида “Дўстлар клублари” фаолият бошлагани ҳам йилнинг қувончли воқеалари сафидан жой олди. 

Мурожаатномани тинглар эканман, ён дафтаримга ушбу фикрларни ёзиб қўйдим: “Мамлакатда ишончли инвестиция муҳитини яратиш керак. Ўзбекистон ҳар жиҳатдан ишончли мавқега эга бўлсагина, сармоядорлар сафи кенгаяди. Бунинг учун улар билан ишлашга доир жаҳон тажрибасини ўрганиш зарур. Ҳар бир раҳбар шу муҳитни яратишга ҳисса қўшиши, бунинг учун ўз устида ишлаши, малакасини ошириши, зарур бўлса, илғор фикрловчи ёшлардан ҳам нималарнидир ўрганиши лозим. Дунё кун сайин ўзгариб бормоқда. Бу жараёндан орқада қолиб кетган раҳбар, наинки бирор лавозимда, шахсий ҳаётида ҳам орқада қолиб кетади. Иқтисодиётда бозор муносабатларига тўла ўтмоқдамизми, унинг ёзилган ва ёзилмаган қонунларига тўла амал қилишимиз талаб этилади. Ҳаммага бир хил шароит яратилиши,“эркатой”, танқид ва назоратдан холи ташкилотлар бўлмаслиги зарур”. 

Дунё давлатчилиги тарихидан маълумки, миллий тараққиётга эришиш учун жамиятнинг маълум қатлами вакиллари эмас, улар билан бирга барча-барча биргаликда, бир мақсад йўлида ишонч билан ҳаракат қилмоқлари даркор. Бугун Ўзбекистон, унинг кўпмиллатли халқи айни шу туйғу, шу ишонч билан яшамоқда. Юртимиз ибрат ва ҳавас манзилига айланиб бораётир.Оғир синовлардан омилкорлик билан ўта олишимизни, мамлакат иқтисодиётининг бугуни ва эртанги истиқболини, моддий ва маънавий “заҳира”ларимизни, яна нималарга қодирлигимизни яхши биламиз. Шу билан бирга, олдимизда янада масъулиятли вазифалар турганини ҳам тасаввур этамиз. Бу вазифалар Мурожаатномада аниқ-равшан айтиб ўтилди: мамлакатда қатъий тартиб-интизом ўрнатилиши, ижро маданияти кучайиши, иқтисодий ўсиш суръати ошиши, инфляция жиловланиши, дунё мамлакатларининг иқтисодий тажрибасини ўрганиш, статистика юритишни эркинлаштириш (бу жуда оғир вазифа), солиқ тўлаш маданиятини ошириш, лоқайдлик, дангасалик, боқибеғамликка барҳам бериш зарур. Аҳоли саломатлигини сақлаш, ҳалол меҳнатни рағбатлантириш, ҳар соҳада соғлом рақобат бўлишига эришиш муҳим. Ташкилотлардан бирининг масъул ходими телеэкран орқали йил давомида қанча кишига ногиронлар аравачаси тарқатилганини ютуқ сифатида айтганидан кўра, бу нуқсоннинг олдини олиш йўлида қандай профилактика ишлари олиб борилаётгани хусусида гапирганида, тест маркази ходими “Олийгоҳлар бинолари, йўлаклар ва аудиторияларга қанча кузатув аппаратлари ўрнатилганини маълум қилганидан кўра, ота-оналарни бу ноҳалол йўллардан қайтариш зарурлигини уқдирганида хўб иш бўлар эди. Бунга эса оммавий ахборот воситаларидан унумли фойдаланиш орқали эришиш мумкин. Жадид боболаримиз жамиятда мавжуд бўлган (одамларнинг феъл-атворида ҳам) муаммоларнинг барчасини тарғибот-ташвиқот ишлари, баҳс-мунозара билан ҳал қилса бўлишини кўп бор таъкидлашган. Бунинг учун матбуот халқнинг ўй-ҳаёллари, дарду ташвишларига яқин бўлиши керак. 

Савол туғилади: матбуотимизда шундай фазилат мавжудми? ОАВ бугунги кун нафаси билан яшамоқдами? Жон-жонига, қон-қонига сингиб кетган ҳайбаракаллачиликдан халос бўлиши учун яна қанча кутиш керак?Умуман, ёзма журналистиканинг бугунги мавқеи қандай, келажаги борми? 

Матбуот халқ ҳаёти билан яқинлашишга, бугунги кун билан яшашга, хабарчи мақомини сақлаб қолишга, ҳар қалай, ҳаракат қилмоқда, кейинги икки йил ичида газета материалларининг тили бир мунча қайралди, қайралмоқда, айрим вилоят, шаҳар ва туман газеталарида журъатли таҳлиллар, асосли, “жизиллатадиган” мақолалар пайдо бўлмоқда. Аммо шунинг ўзи билангина қаноатланиб бўлмайди. 

Матбуотнинг асосий вазифаларидан бири ўқувчини, жамиятни хабардор қилиш эди. Ҳозир ҳам шундай. Бугун бу функцияни ОАВнинг кундан кунга фаоллашиб бораётган янги тармоғи — интернет журналистикаси қойилмақом қилиб бажармоқда. Эртага, ундан кейин ҳам шундай бўлади. Ёзма журналистика зиммасига эса ўқувчини фикрга даъват этиш, тафаккурини чиниқтириш, воқеа-ҳодисалар моҳиятини тўғри англашига ёрдам бериш вазифаси юкланади. Бир мисол. Бир ерда девор қулаб тушса, интернетда тахминан қуйидагича хабар тарқалади: “Фалон жойда фалон иморатнинг девори қулаб тушди. Қурбон бўлганлар ва жароҳатланганлар тўғрисида маълумотлар олингани йўқ...”. Шу воқеа тўғрисида хабар ёзмоқчи бўлган ҳурматли газета девор қаерда қурилгани, тупроқ таркиби қандайлиги, қурилишда қайси материаллардан фойдаланилгани, бу ҳолат бошқа жойларда такрорланмаслиги учун нима иш қилиш кераклиги хусусида мулоҳаза юритади. Яна мисол. Интернетда “Россия Президенти пойтахтни кўчириш тўғрисидаги таклифга рози бўлди”, деган хабар тарқалди. Журналист маҳоратидан ўзгача мақсадда фойдаланишнинг ажойиб намунаси! Ўқувчи ҳаёлига дарҳол Москва ва Санкт-Петербург шаҳарлари келади. Орадан бир кун ўтгач, газеталардан бирида гап узоқ шарқ марказини Хабаровскдан Владивостокка кўчириш ҳақида бораётгани маълум қилинди. 

Майли, шундай ҳам бўлсин, дейлик. Аммо миллий журналистикани ривожлантириш учун бошқа соҳалардан ҳашарга келган баъзи мутахассислар зўр бериб уқдиришаётганидек, бу икки йўналиш бир-бирини яксон қилувчи мусобақа эмас. Ҳар иккиси ҳам бир-бири билан апоқ-чапоқ бўлиб яшашга ҳақли ва шундай бўлиб қолади ҳам. “Ҳуррият” газетасидаги фикримни такрорлайман: бир пайтлар телевидение яратилганида баъзилар театрларнинг ҳалокатини башорат қилишган эди. Аммо бу янгилик туфайли икки ўртада соғлом рақобат юзага келди: ҳар икки томон бундан манфаатдор бўлди. Ёзма ва оғзаки журналистика баҳси ҳам шундай бўлишига ишончим комил. Фақат... айрим шартларга риоя қилинса бас. 

Улуғ ватандошимиз Исҳоқхон Ибрат “Газет хусусида” сарлавҳали шеърида шундай ёзади: 

Газет кўрмаган бехабар халқлар 
Мисли ўлгандир ва ё ухлаган. 
Газет амру маъруф этар халқга, 
Ёзар кўп хабарларни этмай ниҳон.
 

Ибрат домланинг “Садои Фарғона” газетаси нашр этила бошланганида таҳририятга йўллаган табригида ушбу нашр “Миллатимизни тараққийга тарғиб айласун, сўзни қилмай афсона”, деган сатрлар бор. Шу икки мисолнинг ўзида матбуотнинг асосий вазифаси акс этиб турибди: газеталар халқни тараққиётга, илм-маърифатга даъват этсин, фикри мудраб қолганларни уйқудан уйғотсин, муҳим хабарларни четлаб ўтмасин, ҳаммасини очиқ-ойдин ёзсин. Афсонавий, яъни баландпарвоз сўзларни ёзиб, ҳақиқатнинг юзига соя солмасин. 

Ушбу сатрларни шарҳлашдан аввал, газета-журналларга 2019 йил учун обуна мавсуми қандай ўтганига бир назар ташлайлик. Эллик йилдан зиёд вақтдан бери матбуот ишига дахлдор бўлиб юрган бир қаламкаш сифатида кузатганларим шу бўлдики, вилоят, шаҳар ва туманларимизда газета-журналларнинг фидойи мухлислари, куюнчак ўқувчилари билан бирга, обуна деса юзига чечак, баданига қизамиқ тошадиган, “шу ташвишдан бир амаллаб қутулиб олайлик-да” дегувчи раҳбару раҳбарчалар, мутасаддилар ҳам бағоят кўп экан. Мажбурий обунанинг бекор қилинишини улар байрамдай, узоқ чўзилган қишнинг ўрнини баҳор эгаллаганидай қабул қилишди.Бунинг учун уларни айблаш фикридан йироқман. Айб ўзимизда. Аммо... ҳаммамизда эмас. Номи улуғ, супраси қуруқ, сўзида маъно-матра йўқ, бошдан-оёқ ҳавойи сўзлардан иборат, бир-бирини такрорлайдиган, ўқувчи онги ва тафаккурига ҳеч нарса бермайдиган “лаббайчи” нашрлар, уларнинг ҳамиша ҳам кўзга кўринавермайдиган муассислари айбдор. Газетачилик ҳаддан ташқари жўнлашиб кетди, қизга, келинга, куёв болага бирор нашр очиб бериш тўйларимиздаги урфлардан бирига айланди. Оқибатда кадрлар тақчиллиги юзага келди. Малакали муҳаррир, масъул котиб, мухбир, дизайнер, саводли корректор топиш осон бўлмай қолди. Танишларимиздан бири менга мурожаат қилиб, газета очаётганини айтди ва бош муҳаррирликка бирор кишини тавсия қилишимни сўради. “Муҳаррирни нима қиласиз, корректор топинг, гапнинг эга-кесимини жойига қўядиган, келишикларни фарқлайдиган, бўғинни тўғри кўчирадиган бўлсин”, дедим киноя қилиб. Тушунмади. Оқибат шу бўлдики, кўплаб газеталардан ўқувчиларнинг ҳафсаласи пир бўлди. Мана энди, мактаб ўқитувчиларини мажбуран обуна қилдириш, обуна пулининг ярмини “туя” қилишдек ярамас қоида бузилганида, таассуфки, “Ўрмонга ўт кетса, ҳўлу қуруқ бир хилда ёнади”, деганларидек, бундан асосан обрўли, сўзи салмоқли нашрлар зиён кўрди. Вилоятларимиздан бирида касбдошим, дурустгина лавозим эгаси мен томонга аста энгашиб, “Жаҳон адабиёти”ни, “Тафаккур”ни, “Шарқ юлдузи”ни, “Ҳуррият”ни ўқимасак, бошқа яна нимани ўқиймиз. Ўн йилдан бери обуна бўламан. Ҳамма сонлари уйимизда сақланади. Аммо... бу йил маъзур тутасиз, иложим йўқ. Обуна билан шуғулланганларни...”, деди овозини пасайтириб. 

Бир неча йилдан бери республика “Маънавият тарғиботчиси” ўқув маркази сабоқларида қатнашаман. Малака оширишга асосан маорифчилар келишади. Якунланган йили умумий ўрта мактабларнинг директорлари ҳам келишди. Суҳбат асносида улардан яқин орада қандай китоблар ўқишгани, газета-журналларнинг қайси мақолалари ёдларида қолганини сўрайман ва... бу тўғрида гап очганимга пушаймон бўламан. Чунки, кап-катта одамни изза қилиш хунук иш. Бир-икки кишини демаса, бошқаларида мутлақо жавоб йўқ. Мен уларга бугун китоб, газета-журнал ўқимай туриб, она тили ва адабиёт, тарих, чет тили ўқитувчилари, маънавиятчилар ўқувчиларга қандай дарс ўтишлари мумкин, дея ажабланиб қарайман. Улар бўлса мактаб директорининг кундалик ташвишларидан бехабарлигим учун менга янада кўпроқ ажабланиб қарашади. 

Алқисса, бир-биримизга ажабланиб қараб тураверишдан фойда йўқ. Ниманидир ўзгартиришга тўғри келади. Бу ишни мактаб кутубхоналаридан бошласак, бир вақтлар ўзимиз ўқиган мактабларга бир қучоқ китоб, газета ва журналлар билан бориб, тил, адабиёт, тарих ва маънавият дарслари қандай ўтилаётганига қизиқсак ёмон бўлмасди. 

Газеталаримизнинг сустлиги, муҳаррирларнинг журъатсизлиги, хусусий “қўлбола” нашрларда саводхонлик ҳаминқадарлиги ҳақида гап очилганда, мен журналистика факультетларига қабул қилиш қоидалари хусусида ўйлаб кетаман. Хижолатдан юзимга қизиллик югуради. Қартани ўзим очиб қўя қолай:журналистика факультетларига кирмоқчи бўлган абитуриентларни тахминан икки гуруҳга бўлиш мумкин. Биринчиси — мактабда иншо ёки баённи чиройли ёзадиган, қуйи матбуотда хабар ва мақолалари эълон қилинган, ижод қаламига эга бўлай деб қолган ёшлар. Иккинчиси — ижодкорликдан йироқ, фақат қуруқ ёдлаш хусусиятига эга йигит-қизлар. Тестдан қайси гуруҳ ўтади? Албатта, иккинчи гуруҳ. Бу тўғрида телевидениеда жиддий чиқиш қилдим. Мутасаддилардан бири эътироз билдирди: “Сизларнинг вазифангиз ўша қуруқ ёдловчиларни ҳам ёзишга ўргатиш”, деди буйруқ оҳангида. Ҳаёт минг йил аввал исботлаб берганки,буйруқ, талаб ёки бошқа бир босим билан болани ижодкор қилиб бўлмайди. Яхши устоз тўрт йилда унинг қалбидаги нимжон куртакларни парваришлаб, уларни юзага чиқариши мумкин, холос. Қабул қоидаларини ўзгартириш пайти келди,бу ишни пайсалга солмаслик керак. 

Шу ўринда бир таассуфимни айтиб ўтай. Бундан тўрт йил аввал абитуриентлардан бирининг журналистика факультетига кириш учун ёзган ижодий ишини ўқиганим ёдимда. Одатда, ижодий ишнинг муаллифи, қайси вилоятдан эканлиги сир тутилади. Аммо ишни ўқиб билдимки, бу йигитча сурхондарёлик, Шукур Холмирзаев, Тоғай Мурод, Менгзиё Сафаров асарларини сув қилиб ичиб юборган, мулоҳаза юритишига қараганда, мактабни тугатганига кўп йиллар бўлган, ҳаётни чуқур ўрганган, ҳикоя, қисса ёзса ёзгудек ижодкор экан. Жумла тузиш маҳорати, деталлардан фойдаланиши эътиборимизни тортди. Имтиҳон комиссиясининг раиси билан маслаҳатлашиб, иншони қайта-қайта ўқиб, унга энг юқори балл қўйдик. Аммо... бу ишимиздан фойда чиқмади. Тестдан ўтолмабди. Кейин маълум бўлишича, ўша йили у факультетга бешинчи марта ҳужжат топширган экан. Бошқа келмади. Биз йўқламадик. Матбуот, балким бадиий адабиёт янги бир овоздан маҳрум бўлганини ҳеч ким билгани ҳам йўқ. 

Хулоса ўрнида журналистика назариясидан келиб чиқиб,бир ҳақиқатни айтишим зарур. Матбуот жамиятнинг демократик институтларидан бири. Бинобарин, жамият қандай бўлса, унинг институтлари қатори матбуот ҳам шундай бўлади. Жамият олдида турган вазифалар ўз-ўзидан матбуотнинг ҳам вазифасига айланади. Икки йилдирки, жамият ўзгармоқда, танқидга, ўринли мушоҳадага ижобий муносабат пайдо бўлаётир. Давлат одамларни, одамлар давлатни тингламоқда. Бу муносабатда шаффофлик, очиқлик кўзга ташланаётганини маърифий дунё хушнудлик билан қайд этмоқда. Мақсад, узоқ келажакда эмас, бугун, эртага, ундан кейин ҳам ҳаётдан рози бўлиб яшаш экан, ўзгариш навбати матбуотга келганини тан олайлик,бу жараён оптималлаштириш, қотиб қолган андозалардан воз кечиш билан уйғунлашадиган бўлса, буни ҳам тўғри тушунайлик. Адлия вазирлиги ходими собиқ тузум пайтида қабул қилинган, 1993 йилдан кейин вазирликда рўйхатдан ўтмаган жамики меъёрий ҳужжатлар бекор қилинганини маълум қилди. Оёққа тушов бўлиб турган барча нарсалардан воз кечиш, ортиқча новдани кесиб ташлаш ҳосилга ҳосил қўшса қўшадики, боғнинг умумий қиёфасига зарар етказмайди. 

Аҳмаджон Мелибоев

ЎзА.