Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Бугуннинг саволи: Шаҳарда ҳаракатланиш учун махсус рухсатнома шахсий автомобилларга ҳамбериладими?

Телеграм ботимизга Моҳинур Каримова номидан қуйидаги савол келиб тушди:

- Эртадан бошланадиган автотранспорт чекловлари Самарқанд шаҳрига ҳам тааллуқли экан. Шаҳарда ҳаракатланиш учун махсус рухсатнома олиш давлат рақамли автомобилларга бериладими ёки шахсий автомобилларга ҳамми?

Эртага шахсий машинамизда ишга боришимиз керак. Шунинг учун махсус рухсатнома олиш учун Самарқанд шаҳар давлат хизматлари марказига қўнғироқ қилиб сўрасак, шахсий автомобилга берилмайди, дейишди. Шу тўғрими?

Ушбу саволни Давлат хизматлари агентлиги Самарқанд вилоят бошқармасига жўнатдик ва жавоб қуйидагича бўлди:

- Ҳурматли фуқаро, махсус рухсатнома ҳозирча фақат қуйидаги автотранспорт воситалари ҳаракатланиши учун берилади:

- озиқ-овқат маҳсулотлари, дори воситалари ва тиббий буюмлар савдоси билан шуғулланадиган ташкилотларнинг хизмат автотранспорт воситалари, шунингдек, мазкур ташкилотларда доимий меҳнат фаолиятини амалга ошираётган ходимларнинг шахсий автотранспорт воситаларига;

- санитария ва гигиена маҳсулотларини (коронавирус инфекциясидан ҳимояловчи ва дезинфекция қилувчи воситалар) ишлаб чиқарувчи ва чакана савдо, дорихона фаолияти билан шуғулланувчи юридик ва жисмоний шахсларнинг автотранспорт воситаларига.

Жисмоний шахслар учун ҳам махсус гувоҳнома берилиши юзасидан маълумот бериб борилади.