Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Булунғурда  беш киши консервадан заҳарланди, бир киши вафот этди

Булунғур тумани тиббиёт бирлашмаси қабул бўлимига 7 февраль куни туманнинг “Мингтепа” маҳалласида яшовчи 2001 йилда туғилган И.Э. тез тиббий ёрдам машинасида олиб келинди. Тиббий текширувлардан сўнг унга ботулизм ташхиси қўйилди.

Тиббий суриштирув давомида бемор қишлоқдоши А.Т. хонадонида бир кун олдин беш нафар киши билан палов ва уй шароитида тайёрланган консерва (мариновка)  истеъмол қилганлиги аниқланади.

Тезкор тадбир давомида тез тиббий ёрдам машинасида А.Т., унинг турмуш ўртоғи Г.Т., ўғли Ш.Т ва қўшниси Б.Б.лар шифохонага олиб келинди.

Интенсив даво муолажалари ҳамда ботулизмга қарши зардоб берилишига қарамасдан И.Э.нинг аҳволи оғирлашиб, 8 февраль куни тунги соат 03:30 да оламдан ўтди.

Консервадан заҳарланган тўрт бемор реанимация постида стационар шароитда даволанмоқда.

Бемор Ш.Т. аҳволи оғирлигича қолмоқда. У сунъий нафас олиш аппарати ёрдамида муолажа олмоқда.

А.Т., Г.Т. ва Б.Б.ларнинг умумий аҳволи ўрта оғир.

Бу ҳақда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати хабар бермоқда.