Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Бухоро шаҳар прокурори муддатидан олдин нафақага чиқарилгани айтилмоқда

Республика идоралараро комиссияси томонидан олиб борилган ўрганишдан кейин ўз лавозимига қайтган Бухоро шаҳар прокурори Жасур Фозиловнинг муддатидан олдин нафақага чиқарилгани айтилмоқда.

Бош прокуратура матбуот хизматининг маълум қилишича, Бухоро шаҳар прокурори Жасур Фозилов ўз хоҳишига кўра лавозимидан озод қилинган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ унга нисбатан ҳайфсан эълон қилинган эди.

Жасур Фозиловга нисбатан хизмат текшируви якунлангани муносабати билан Бош прокурорнинг буйруғига асосан шаҳар прокурори 2020 йил 19 декабрдан хизмат вазифасини бажаришга киришганди.

2020 йилнинг 11 декабрида Ж.Фозилов Шавкат Мирзиёев ва Президент Администрацияси раҳбарига видеомурожаат йўллаб, хизмат текшируви аслида бош прокурорга алоқадор бўлган «Мustahkam Qurilish Development» қурилиш компанияси вакилини сўроқ қилишга чақириши ортидан бошланганини айтган эди.

Шундан сўнг Бош прокуратура муносабат билдириб, ҳолат ва прокурорнинг важлари ўрганиб чиқилиши ҳамда хабар берилишини қайд этганди. Мазкур ҳолатни ўрганиш мақсадида Республика идоралараро комиссияси тузилиб, хизмат текшируви Президент Администрацияси бошчилигида ўтказилиши маълум қилинган эди.