Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Чала қолган йўлнинг таъмирига қачон маблағ ажратилади?

Иштихон тумани марказида кўча ва йўлларнинг таъмирлаш ишлари жадал суръатлар билан бошланган эди. Бироқ шу йил бошидан қурилиш ишлари тўхтаб, марказнинг асосий кўчаси ковланганича қолиб кетди.

Оқибатда одамлар бозор-ўчар қилиш учун лой ва балчиққа ботган ҳолда мазкур кўчадан ўтишга ёки ички тор йўллардан айланиб келишга мажбур бўляпти.

Сарсонгарчилик қачонгача давом этади? Иштихоннинг йўллари қачон тартибга тушади?

Қаҳрамон Намозов,

Иштихон тумани.

***

2020 йил ноябр ойида бошланган Иштихон тумани ҳудудидан ўтувчи М-37 магистрал йўлининг туман марказига олиб борувчи қисмидан 3 километргача бўлган масофаси таъмирланиши режалаштирилган эди. 2021 йилнинг 1 сентябрига қадар фойдаланишга топширилиши керак бўлган йўлнинг таъмирлаш ишлари бош пудратчи “Оқдарё туман йўллардан фойдаланиш” унитар корхонаси томонидан амалга оширилмоқда. Шунингдек, “Иштихон туман йўллардан фойдаланиш” унитар корхонаси ёрдамчи пудратчи сифатида таъмирлаш ишларини олиб бормоқда.

Республика йўл жамғармасининг 20 миллиард сўм маблағи эвазига жами 2 минг метр лоток ўрнатилиб, 4 минг метр пиёдалар йўлаги қурилиш режалаштирилган. Шунингдек, чорраҳаларни тартибга солувчи 3 та светофор, 100 та тунги ёритиш чироқлари ҳамда йўл белгилари ўрнатилади. Марказий кўча 15 метргача кенгайиб, йўл четлари ободонлаштирилади ва яшил майдончалар яратиш кўзда тутилган.

Бироқ йўлсозлар томонидан ҳозиргача бор-йўғи 8 миллиард сўмлик қурилиш -таъмирлаш ишлари олиб борилди. Йўлнинг 2,4 километрига режадаги 3 қатлам ўрнига 1 қатлам асфальт тўшалди. Кўчанинг 1,8 километргача бўлган қисмининг эни 8 метрга етказилиб, 1500 метр лоток ўрнатилди.

Йўлнинг қолган қисмини ободонлаштириш ишлари қолган маблағ, яъни режадаги 12 миллиард сўм ажратилгач, давом эттирилади.  

Иштихон тумани ҳокимлиги ахборот хизмати.