Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Челак кўп тармоқли марказий поликлиникасида иссиқлик тизими ишламайди

Бу ҳақда бугун вилоят ҳокимлигида бўлиб ўтган аппарат йиғилишида айтиб ўтилган. Қайд этилишича, туманда 3 та хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатининг бирортасида аҳвол яхши эмас.

Мисол учун, “Пайариқ Фаравон” ХУЖМШга қарашли уйларнинг кириш йўлакларида электр шитлар очиқ ва ҳимояланмаган, ирригация тизими чиқиндиларга тўлган, ширкат ҳудуди ободонлаштирилмаган, чиқинди ташлаш ҳудуди ободонлаштирилмаган, йўллари таъмирталаб, ертўла чиқиндига тўла, ёритиш тизими йўқ.

“Пайариқ Хумо” ХУЖМШга қарашли уйларнинг ирригация тизими чиқиндиларга тўлиб қолган, ёритиш тизимлари мавжуд эмас.

“Челак Обод Фаравон” ХУЖМШга ёритиш тизими мавжуд эмас, ширкат ички йўллар яроқсиз ҳолда, ширкат ҳудуди ободонлаштирилмаган.

Туманда табиий газ билан таъминлаш ишлари ҳам етарли даражада ташкил этилмаган. Хусусан, Ўзбекистон маҳалласида истеъмолчиларни табиий газ билан таъминлаш учун ўрнатилган ўрта босимли газ тақсимлаш қурилмасида профилактика ишлари бажарилмаган. Шунингдек, манометрлар ўрнатилган бўлса-да, ишламайди, назорат дафтарчаси йўқ.

Худди шундай камчиликлар Маданият маҳалласидаги ва Мирзо Улуғбек маҳалласидаги газ тақсимлаш қурилмаларида ҳам аниқланган.

Тумандаги 25-умумий ўрта таълим мактабидаги 4 та қозонхонага дуд бўронлар ўрнатилмаган, мактаб биноси том қисмининг баъзи жойларига тарновлар ўрнатилмаган.

14-мактабгача таълим ташкилоти мутлақо куз-қиш мавсумига тайёр эмас. Камига болалар боғчаси биноси таъмирталаб, хоналарда қўлбола иситиш печларидан фойдаланмоқда, ёнғин хавфсизлиги талаблари ҳам бажарилмаган.

Туман тиббиёт бирлашмаси Челак кўп тармоқли марказий поликлиникасида жорий таъмирлаш ишлари бажарилмаган, иссиқлик тизими ишламайди, ёритиш лампаларининг ярми ишламайди.

Тумандаги “Болта” қишлоқ врачлик пунктида (ҚВП) жорий таъмирлаш ишлари бажарилмаган, иссиқлик тизими ишламайди, ёритиш лампалари маънан эскирган.

Худди шундай камчиликлар “Вали” ҚВП, “Чоштепа” ва “Аллаёрқудуқ” қишлоқ врачлик пунктларида ҳам аниқланган.