Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Давлат тилида иш юритишда қонун талабларига риоя қилиш зарур

1989 йилнинг 21 октябрида ўзбек тилига давлат тили мақомини бериш тўғрисидаги қонун қабул қилинган эди. Aмалда қўлланиш жараёнида ушбу қонуннинг баъзи моддаларида камчиликлар ва ноқулайликлар кўзга ташланди ва 1995 йилда ушбу қонунга айрим ўзгартиришлар киритилди. Шундан буён амалда ушбу қонун асосида барча давлат ҳужжатлари ва иш қоғозларини ўзбек тилида олиб боряпмиз. Aфсуски, қабул қилинганига 30 йилдан ортиқ вақт бўлганига қарамасдан, ушбу қонундан амалда фойдаланишда сусткашликлар ва камчиликлар кўзга ташланмоқда.

“Давлат тили ҳақида”ги Қонуннинг 9-моддасига кўра, давлат ҳокимияти ва бошқарув органларида иш давлат тилида юритилиши зарур. Аммо ҳалигача ушбу модданинг тўлиқ амалда жорий этилмаётгани мамлакатимизнинг аксарият фуқароси, хусусан, давлат ташкилотлари масъул ходимлари ўртасида ўзбек тили ва ёзуви билан боғлиқ қоидаларни тўлақонли ўзлаштира олмаётганини кўрсатади. Aчинарлиси шундаки, кишилар ўртасидаги тил ва ёзув билан боғлиқ саводсизлик бугунги кунда оддий ҳолга айланиб қолиши билан бир қаторда, ушбу камчилик давлат ташкилотлари ҳужжатларини юритишга салбий таъсир кўрсатмоқда.

Президентимиз таъкидлаганидек, бугун мактаб ва коллежларни, ҳатто олийгоҳларни битираётган фарзандларимизнинг аксарияти хатосиз ёза олмайди. Кўча-кўйдаги эълон ва пешлавҳалар, реклама роликлари ва бошқа ёзувлардаги кишининг энсасини қотирадиган хатоликлар, миллий тилимиз бўла туриб, бошқа тилларга мансуб сўзлардан пала-партишлик билан фойдаланилаётганлиги соҳада ҳали қилинадиган талайгина ишлар борлигини кўрсатади.

Шу каби муаммоларни ижобий ҳал қилиш мақсадида Aдлия вазирлиги давлат тилида иш юритишни таъминламаганлик учун мансабдор шахсларга жавобгарлик белгилашни назарда тутувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиқди.

Айрим давлат ташкилотларида иш юритиш давлат тилида эмас, балки рус тилида олиб борилаётганилиги кузатилмоқда. Бу ўз навбатида, давлат тилига бўлган ҳурмат ва эътиборнинг пасайишига олиб келмоқда.

Aчинарлиси, қонунчилигимизда давлат тилида иш юритиш нормаларини бузганлик учун жавобгарлик белгиланмаган. Хусусан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 42-моддаси “Давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш” деб номланган бўлса-да, ушбу модда давлат органлари ва ташкилотларида иш юритишда давлат тили ҳақидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этмаслик билан боғлиқ муносабатларни қамраб олмаган. Бу ҳол баъзи давлат органларида давлат тили тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилмаслигига ва иш юритиш давлат тилида амалга оширилмаслигига олиб келмоқда.

Юқоридаги каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш, давлат тилининг нуфузини ошириш мақсадида амалга киритилиши кўзда тутилаётган ушбу қонун давлат органлари ва ташкилотларида давлат тилида иш юритишни қатъий белгилаш, ушбу талабга риоя этмаган мансабдор шахсларни жавобгарликка тортиш масалаларини назарда тутади.

Қонун лойиҳасида давлат ташкилотларида давлат тилида иш юритишни таъминламаганлик учун мансабдор шахсларга нисбатан маъмурий жавобгарлик белгилаш назарда тутилиб, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 42-моддаси иккинчи қисм билан тўлдирилмоқда. Яъни, ушбу моддага: “Давлат органлари ва ташкилотларида иш юритишда давлат тили ҳақидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этмаслик, мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг икки бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади”, деган тўлдириш киритилмоқда.

 Бир қарашда ўзбек тили ва ёзуви талабларига риоя этмаслик қонунбузарлик эмасдек ва ушбу талабларга риоя этмаган жисмоний ва юридик шахсларни жаримага тортиш адолатсизликдай кўриниши мумкин. Aммо ўсиб келаётган ёш авлоднинг ўз тили ва ёзувини яхши билиши, давлат тилига муҳаббат ва масъулият билан вояга етиши, ўзбек тилида иш юритиш кўникмасини яхши ўзлаштириши учун, аввало уларга ўзимиз ўрнак бўлишимиз ва амалда қўлланилаётган ёзишма ва ҳужжатларда ушбу қонун бандларининг бузилмаслигини таъминлашимиз керак.

Aмалиётда ҳар қандай қабул қилинган қонунларни ҳаётга татбиқ этишда унинг меъёрлари бузилиши ҳам кузатилади. Қонун чиқарувчи органлар шуни эътиборга олиб, қонун бандларининг бузилиш ҳолатларини назарда тутади ва қонунларга қўшимча боблар киритади, бузилиш ҳолатларига нисбатан маъмурий ёки жиноий жавобгарликларни белгилайди.

Гарчи, “Давлат тили тўғрисида”ги қонунда ҳам бу назарда тутилган бўлса-да, мавжуд 42-модданинг амалга татбиқ этилиши назорат қилинмаган. Шуни ҳисобга олиб, ушбу қонундаги кодексга киритилаётган ўзгариш халқимизнинг, хусусан, биз, ўқитувчиларнинг айни кўнглимиздаги иш бўлади десак, муболаға бўлмайди.

Ушбу Қонун давлат органлари, корхоналари ва ташкилотларида иш юритишнинг тўлиқ равишда давлат тилида амалга оширилиши, мансабдор шахсларнинг масъулияти ҳис этиши, муҳими, давлат тилининг ривожланишига хизмат қилади.

Феруза ТОҒАЕВА,

Иштихон тумани 1-ИДУМ она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати.