Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Депутат анкетаси: Пайариқда кўплаб лойиҳалар амалга оширилмоқда

1. Сайлов округингизда 2020 йилда қандай лойиҳалар режалаштирилган? Улар ижросига киришилганми?

Жорий йилда Янги ҳаёт маҳалласида 11 миллиард 55,8 миллион сўм маблағ асосида 3 та 4 қаватли 72 хонадонли арзон уй-жойлар қурилмоқда.

Шунингдек, Мирзо Улуғбек маҳалласидаги 78-умумий ўрта таълим мактаби мукаммал таъмирланяпти. Қумчуқ маҳалласида 120-ўринли мактабгача таълим ташкилоти қурилмоқда. Сарбозор маҳалласида 1 миллиард 500 миллион сўмлик лойиҳа асосида 100 ўрин “Юлдузча НТМ” мактабгача таълим ташкилоти қуриб, фойдаланишга топширилди.

Тегишли дастур доирасида Полвонариқ маҳалласида “Регистон шарқ меъмори” МЧЖ томонидан қиймати 1 миллиард 200 миллион сўмлик паррандачилик хўжалиги фаолияти йўлга қўйилмоқда. Фитрат маҳалласида “Чопорошли замини” фермер хўжалиги томонидан қиймати 700 миллион сўмлик узум боғи ташкил этилди. “Буюк замин иноми" фермер хўжалигининг 15 миллиард 596 миллион сўм маблағ асосида томчилаб суғориш усулида ташкил қилган ёнғоқзорида 20 нафар ишсиз фуқароларнинг бандлиги таъминланди. “Walnut Growth” МЧЖ томонидан ҳам қиймати 5 миллиард сўмлик худди шундай лойиҳа амалга оширилмоқда.

Бунёдкор маҳалласида "SHAXZODA QANDOLATCHILIGI" МЧЖ томонидан 1 миллиард 332 миллион сўмлик лойиҳа асосида ўсимлик ёғи ишлаб чиқариш ва қадоқлаш фаолияти йўлга қўйилди.

Бундан ташқари, ҳудудда сифатли тиббий хизмат кўрсатишни ташкил қилиш мақсадида иккита хусусий тиббий марказ фаолияти йўлга қўйилди. Бу муассасаларда 15 та янги иш ўрни яратилди.

2. Депутат сифатида бевосита ўзингиз сайланган сайлов округида маҳалла ёки меҳнат жамоасида қандай тадбир ўтказдингиз?

Сайлов округимдаги 18 та маҳаллада 11 минг 578 та хонадон мавжуд. Қайриб 65 минг нафарга яқин аҳоли яшайди. Улар билан учрашувларда 65 та мурожаатлар рўйхатга олинган. Мурожаатларнинг 9 таси электр таъминоти, 12 таси табиий газ, 4 таси ичимлик суви масаласида. Бундан ташқари, 5 та шифохонада бепул даволаниш, 4 та моддий ёрдам, 7 та уй-жойини таъмирлаш ва 1 та йўл кесишмасига светафор ўрнатишда амалий ёрдам сўраб мурожаат бўлган. Фуқаролик паспорти олиш бўйича 3 та, уй-жойларни кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш бўйича 1 та, тикув машинаси сўраган 14 та, иш билан таъминлаш ва бошқа турли масалаларда 5 та мурожаат кўриб чиқилган.

Ушбу мурожаатларнинг барчаси қонун доирасида қаноатлантириляпти.

3. Сиз томонингиздан юборилган охирги депутатлик сўровининг мазмуни ва натижасини шарҳланг.

Жорий йилнинг ўтган даврида 12 та депутатлик сўрови юборганман. Охирги депутатлик сўровим Пайариқ тумани электр таъминоти корхонасига 28 августда юборилган.

Унда тумандаги Полвонариқ, Улуғбек ва Эрназарқўрғон маҳаллаларидаги эски симёғочларни янгисига алмаштириш сўралганди. Жавобда бу ишни 2021 йилги дастурига киритиш режалаштирилаётганлиги билдирилган.

Нилуфар НУРМАТОВА,

21-Пайариқ сайлов округидан вилоят Кенгаши депутати.