Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Эркинжон Турдимов: Биз доим очиқликка тайёрмиз!

Яқинда Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов Олий Мажлис Сенатининг ялпи мажлисида журналистларга интервью бериб, қуйидагиларни таъкидлади:

Бугун янгиланаётган мамлакатимиз ҳаётининг барча жабҳаларида очиқлик, шаффофлик таъминланмоқда. Албатта, бунда оммавий ахборот воситаларининг роли беқиёс эканлигини ҳаммамиз кўриб турибмиз.

Мана, яқинда 22 ноябрь куни муҳтарам Президентимиз оммавий ахборот воситалари тўғрисида тўхталиб, “Матбуотни фаолиятимизни кўрсатиб берувчи кўзгу деб қарашимизни ва афсуски кўп йиллар давомида бизлар шу кўзгуга қарашни ўзимизга еп кўрмадик” деб, бизга ҳақиқий, реал аҳволни яна бир бор кўрсатиб, ушбу соҳа бўйича аниқ йўналишларни белгилаб бердилар.

Бугун эса ҳурматли Сенат раисимиз ҳам ушбу масалага алоҳида эътибор қаратдилар.

Тан олиб айтишимиз керак, жойларда бўлаётган реал воқейликни, яъни камчиликларимизни танқид қилаётган нафақат оммавий ахборот воситаларига, балки фуқароларимизга ҳам танқидни тўғри қабул қилмасдан, оддий муомала маданиятини, маънавиятни унутиб, муносабат билдириш, мурожаатларга ўз вақтида холис жавоб бермаслик ҳолатлари ҳам учраяпти.

Хусусан, вилоятимизда ҳам минг афсуски, айрим раҳбарларимиз фаолиятида оммавий ахборот воситаларидаги чиқишларга, фуқаролар мурожаатларига ўз вақтида жавоб бермаслик ҳолатлари ҳам бор. Ваҳоланки, аввало раҳбарлар, биз ҳокимлар бошқаларга ўрнак бўлиб, дунёқарашимизни ўзгартиришимиз керак. Ҳар бир танқидий материал, мурожаатга муносабат билдиришимиз, оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилиб, уларни ўзимизга яқин ҳамкор билиб, очиқликни таъминлашимиз керак.

Шуни унутмаслик керакки, демократик жамият давлат ва халқнинг биргаликдаги ҳаракати билан шаклланади.

Иккала томон ҳам масъулиятни бирдек сезиши зарур. Яъни, раҳбарлар халқнинг ташвишига шерик бўлиб, улардан кўп нарсани ўрганишимиз зарур. Оммавий ахборот воситалари эса доимо халқ иродасини, талаб ва истакларини, таклифларини айтиб боради.

Камчиликлар жуда кўп. Қанчалик аччиқ бўлмасин, ҳақиқатни тан олиб, энди кўпроқ оммавий ахборот воситалари билан мулоқот ўтказишимиз зарур.

Албатта, шу масалалар бўйича биз йўналишларимизни белгилаб олганмиз ва шу йўналишда фаолият олиб боришни таъминлаймиз.

Шу фурсатдан фойдаланиб, барча оммавий ахборот воситаларига мурожаат қилган ҳолда доимо очиқликка тайёрлигимизни билдирмоқчиман.