Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Фуқароларнинг миллионларини қўлга киритган шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди

Фуқароларнинг 82 000 АҚШ доллари ҳамда 6,5 миллион сўмини қўлга киритган шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи Ҳаёт Шамсутдинов маълумот берди.

Қайд этилишича, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Яшнобод тумани бўлими томонидан терговга қадар текширув ўтказилган. Унда фуқаро Ю.А. ва бошқалар ўзаро олдиндан тил бириктириб, 2 нафар фуқарони алдаб, “B.B.” МЧЖга тегишли акцияларни олиб бериш эвазига 50 000 АҚШ доллари, Яшнобод туманидан уй-жой сотиб олиб бериш учун 27 000 АҚШ доллари ва 6,5 миллион сўмини ҳамда “Lacetti” автомашинаси олиб бериш учун яна 5 000 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритганликлари аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Ю.А. ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.