Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Green Card қаерда, қандай ўйналади?

Америкага иммиграция қилиш ёки у ерда бир неча йил қонуний яшаб, ишлаш ҳуқуқига эга бўлиш – бу грин карта (Green Card) лотереяси. Самарқандда бу ҳақда билмайдиган одам топилмаса керак. Негаки, бугун бу иш жуда яхши бизнесга айланган. Катта-катта эълонлар ва афишалар илинмаган бўлса-да, ҳар ҳолда шаҳри азимнинг исталган нуқтасида бу борада “кўмакчи” топишингиз мумкин.

АҚШ Давлат департаменти яқинда 2021 йил учун грин карта лотереясига аризалар 2019 йилнинг 2 октябридан 5 ноябрига қадар қабул қилиниши ҳақида хабар тарқатди. Шу боис бу борада айрим маълумотлар билан ўртоқлашишни маъқул топдик.

Лотерея иштирокчилари аксарият ҳолларда ўзларига тегишли “confirmation number”, яъни тасдиқлов рақамини олмайди. Ваҳоланки, бу рақам иштирокчига онлайн режимда ўз мақомини текшириб кўриш имконини беради.

Тасдиқлов рақами бўлмагач, сиз буни билолмайсиз ва агарда ютган бўлсангиз тегишли кодни олиб қолган фирма фирибгарлик билан ёки сабабсиз пул талаб қилишда фойдаланишади. Билишимизча, айни пайтда грин карта анкеталарини тўлдириш хизматини кўрсатадиган фирмалар 2020 йил учун грин карта лотереяси ғолиби бўлганлардан камида 3 минг доллар хизмат ҳақи олади.

Кузатишларимизга кўра, бир фирма бир мавсумда 5 минг нафаргача лотерея иштирокчисига ўйинда қатнашиш учун анкеталарни тўлдиришда ёрдамлашади. Таҳлилларга кўра, грин карта ютганлар орасида самарқандликлар кўпчиликни ташкил қилади. Ва табиийки, турмуш тарзини яхшилаш учун бу лотереяда иштирок этувчилар сони кўплиги бўйича ҳам вилоятимиз республикада етакчилик қилади. Агар 5 минг кишини лотореяда иштирок этишига кўмаклашган фирма мижозларидан 10 нафарига ютуқ чиққан тақдирда ҳам даромадни ҳисоблаб кўраверинг.

Йўқ, биз бировнинг чўнтагидаги пулини ҳисоб-китоб қилиш ниятида эмасмиз. Бироқ бу ишни ҳам қайсидир ташкилот тартибга олиши, ҳеч бўлмаса одамлар алданиб қолмаслиги учун назорат қилиши керак эмасми?

Негаки, грин картада, яъни Турли Миллатларга Мансуб Иммигрантлар Визаларида иштирок этишга талабгорлар https://dvlottery.state.gov сайтидаги анкетани тўлдиришлари керак. Аризани топшириш учун тўлов олинмайди.

Ҳатто бу ишга масъул бўлган АҚШ Давлат департаменти ҳам аризани топшираётганда янгиланган браузердан фойдаланишни, эскирган браузерлар (масалан: Internet Explorer 8) билан сайтда муаммоларга дуч келиш мумкинлигини қайд қилган ҳолда аризани шахсан ўзингиз, “виза консультантлари”, “виза хизматлари агентлари” ва бошқа шу каби “ёрдамчилар”сиз тўлдиришни маслаҳат беради. Муҳими, аризани текшириш ва хабардор қилишни бировга ишониб топширмаслик ҳақида эслатма мавжуд.

Жорий йилда анкета тўлдириш жараёнида талабгорлар халқаро саёҳат паспорти (загран паспорт) сериясини ҳам киритишлари талаб этилади.

Ўзбекистонда 2019 йил 1 январдан бошлаб хорижга чиқиш учун рухсатнома стикери берилиши тўхтатилган ва унинг ўрнини амал қилиш муддати 10 йил бўлган хорижга чиқиш биометрик паспорти эгаллаган.

Бундай паспорт олиш учун фуқаро доимий рўйхатдан ўтган жойлардаги ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаларига, хорижда эса Ўзбекистоннинг консуллик муассасаларига мурожаат қилиши лозим. Тартибга биноан ариза берилганидан сўнг 10 иш кунида, хорижда эса дипломатик почтани жўнатиш графигига мувофиқ белгиланган тартибда хорижга чиқиш биометрик паспорти берилади.

Департамент шунингдек, ариза беришнинг охирги ҳафтасигача, яъни 5 ноябргача кутмасликни маслаҳат бермоқда. Компьютер дастури ёрдамида тасодифий танлов билан аниқланадиган натижалар 2020 йил 5 майида эълон қилинади.

Шу ўринда эслатма, электрон равишда тўлдирилган Онлайн Иммиграцион Виза ва Мурожаатчини Рўйхатга Олиш Анкетаси – DS-260да ва консуллик ходими шахсан суҳбат пайтида АҚШ қонунчилигига асосан сизнинг АҚШ иммиграцион визасини олиш талабларига жавоб беришингиз бўйича саволлар сўрайди. Бу саволларга жиноий ва хавфсизликка оид мавзулар киради.

Дарвоқе, грин карта ғолиби бўлиш, виза тақдим этилиб, АҚШга боришга муваффақ бўлиш – ўша шахсга иш жойи, бошпана, ишсизлик маоши, тиббий суғурта бепул берилишини англатмайди. Қолаверса, суҳбат пайтида Консулга АҚШга борганда қолмаслигингизни исботлаб беришингиз керак.

Барча сараланганларга ва уларнинг оила аъзоларига белгиланган вақтга визалар берилиши шарт. Департамент шундан сўнг ҳеч қандай ҳолатда турли миллатларга мансуб иммигрантлар учун визалар бермайди.

Интернет маълумотлари асосида тайёрланди.