Алдаган ҳам, алданган ҳам оқибатини билади

Америкада яшаш, ишлаб мўмай даромад орттириш бугун кўпчилик юртдошларимизнинг орзусига айлангани сир эмас. Айрим инсонларнинг эса шу мақсадига эришиш йўлида қонунларни четлаб ўтишдан-да, тап тортмаётганлиги аянчли. Бу ҳаракатлар уларнинг ўзига қанча зарар келтирса, жамиятимиздаги криминоген вазиятга ҳам шунча салбий таъсир кўрсатмоқда. Зеро, эгри йўллар қидирилаётган жойда доим фирибгарлар кўпаяди.

Муқаддам ўзганинг мулкини талон-торож қилиб, жавобгарликка тортилган, афсуски, хатоларидан тегишли хулоса чиқармаган асли иштихонлик Фаррух (исмлар шартли) ҳам шу йўналишда “омад”ини синаб кўришга ҳаракат қилди. Дастлаб у танишлари борлиги, Америкага ҳужжат тўғрилаб бера олишини айтиб, фуқаролар ишончига кирди. Биринчи “иш”даёқ 50 минг АҚШ долларини қўлга киритди. Қизиқ жиҳати, шу пулни унга берганлар ҳам ноқонуний ишга қўл ураётганликларини яхши билишган. Бу фирибгар учун айни муддао эмасми? Шу зайлда Фаррухнинг “бизнес”и юришиб кетди.

Бу гал у тизимни ҳам алдамоқчи бўлди. Яъни, у ўзига Зарифани шерик қилиб, ноқонуний топилаётган пулларни унинг “Греен cард” лотерея дастурида иштирок этувчиларга ёрдам берадиган фирмаси орқали легаллаштиришга уринди. Тартиб шундай эди: фуқарога “Греен cард” лотереясининг биринчи босқичида ютганлиги ҳақида ёлғон хабар бериларди ва кейинги босқич ғолиб бўлишида ёрдам бериш учун пул талаб қилинади. Фириб янада ишончли чиқиши учун бу пуллар рақамсиз шартномалар орқали, кўрсатилмаган хизматларга деб қабул қилинган. Улар ҳатто компютерида “Греен cард” лотереясининг сохта слайдини ясаб, фуқароларга ўйинда ютганлигини шу ернинг ўзида “исботлаш”га ҳаракат қилган. Оқибатда бу хурсандчиликдан кейин одамлар қўл қўяётган ҳужжатларининг сохталигига ҳам, ҳожатбарорларининг ноқонуний талабларига ҳам кўз юмишган. Иш шу даражага етиб борганки, фирибгарлар икки фуқарони алдаб, Америкага юбориш важи билан уларнинг ўртасида никоҳ шартномасини тузиш учун ҳам пул олган.

Бироқ жиноий гуруҳнинг бебошлиги узоққа чўзилмади. Шикоятлардан кейин улар қўлга олиниб, қонун ҳукмига топширилди. Шунга кўра, Фаррухга 7 йил, Зарифага эса 3 йилу 9 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Бундан ташқари, улар фуқароларга етказилган зарарни ҳам қоплаб бериши керак.

Бекзод ЖУМАБОEВ,

жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди раисининг ўринбосари.