Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ҳар бир муаммонинг ечими бор. Бунинг учун, аввало, мутасаддилар аҳолининг муаммоларини, дардларини эшитиши лозим

Аввал хабар берганимиздек, Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимовнинг навбатдаги сайёр қабули Пахтачи туманининг Қарнабота маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида ўтказилди.

Қабул давомида 50 нафардан ортиқ фуқаро мурожаати тингланди. Шунингдек, вилоят ҳокими ва мутасадди идоралар раҳбарлари қишлоқдаги таълим ва тиббиёт муассасалари, аҳоли хонадонларига бориб, уларнинг иш фаолияти, яшаш тарзи билан танишди.

Қабул ва суҳбатлар давомида қайд этилган муаммоларни тезда ҳал этиш бўйича зарур чора-тадбирлар белгиланди. Жумладан, туман марказидан Қарнабота қишлоғигача бўлган 30 километр йўл 2020 йилнинг биринчи ярмига қадар мукаммал таъмирланадиган бўлди. Жорий йилнинг октябрь ойи якунига қадар 18 километр тоза ичимлик суви тармоғи тортилишини якунлаб, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, йил якунига қадар ҳудуддаги 45-умумтаълим мактаби ва 8-мактабгача таълим ташкилотини, бир ой муддат ичида узоқ вақт фойдаланилмай келинган спорт зали объектларини тўлиқ таъмирлаш, барча зарурий жиҳозлар билан таъминлаш, спорт тўгаракларини ташкил этиш масалалари бўйича аниқ чоралар белгилаб олинди.

Шу билан бирга, қишлоқнинг чекка ҳудудларида яшовчи аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида 1 та сув ташувчи махсус техника ажратилиши, маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи барча фуқароларни чуқурлаштирилган тиббий-кўрикдан ўтказиш борасидаги ишлар бошлаб юборилди.

– Ҳар бир муаммонинг ечими бор. Бунинг учун мутасаддилар халқнинг олдига раҳбар сифатида эмас, оддий фуқаро сифатида келиб, уларнинг муаммоларини, дардларини эшитиши лозим, - деди вилоят ҳокими. – Масалан, қишлоқдаги мактаб қурилганига 40 йил бўлибди, лекин шу пайтгача таъмирланмаган, унинг моддий-техник базаси ҳеч кимни қизиқтирмаган. Боғчадаги аҳвол ҳам бугунги кун талабларига тўғри келмайди. Одамлар биз чекка қишлоқда яшаймиз, эътибордан ҳам четдамиз, деб эртанги кунга умиди, ишончи сўниб бораверган. Ҳеч ким шу қишлоқни ҳам обод қилайлик, аҳоли учун муносиб турмуш шароити яратайлик, деб ташаббус кўрсатмаган.

Қарнаботадаги учрашувдан сўнг ҳудуддаги таълим муассасалари ва бошқа объектларни таъмирлаш учун 1 миллиард сўм маблағ ажратилди. Бу ушбу ҳудудни обод қилиш борасидаги ҳаракатларимизнинг бошланиши ва келгусида амалий ишларимиз изчил давом эттирилади.

Сайёр қабулдан сўнг вилоят ҳокими ва раҳбарлар уйма-уй юриб, аҳоли муаммоларини ўрганди. Жумладан, II гуруҳ ногирони Ойша Ражабова ёлғиз яшайди, уйи таъмирталаб бўлса-да таъмирлаш учун моддий имкони йўқ. Э.Турдимов Пахтачи тумани ҳокимлигига шу куннинг ўзида О.Ражабованинг уйини таъмирлашни бошлаш учун кўрсатма берди. Шунингдек, Қарнабота маҳалласида яшовчи кам таъминланган оила – Муҳиддин Мейлиевнинг уйи том қисми ҳам ёпиб бериладиган бўлди.

– Ёшим 57 да, ёлғиз яшайман, – дейди Ойша Ражабова. – Устига-устак қиш яқинлашаверса, ташвишга тушиб қолардик. Сабаби, уйимиз совуқ, томдан сув ўтади. Нафақам ҳамда маҳалладан бериладиган ёрдам пули ҳеч нарсага етмагач, қийналиб қоламан. Умидларим бирин-кетин сўна бошлаган пайтда бугунги ёрдам, хонадонимни таъмирлаш, ҳовлимни тартибга келтириш борасидаги хайрли ишдан хурсанд бўлдим.

Акрам ҲАЙДАРОВ.