Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

“Ҳикоя, романларда менинг ҳаётим”

Пушкин номидаги вилоят ахборот-кутубхона марказида таниқли ёзувчи, журналист Нусрат Раҳмат билан шу мавзуда давра суҳбати бўлиб ўтди.

Унда жамиятимизда маънавий-маърифий ишларни кучайтириш, аҳоли ва ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, ижодкорларни қўллаб-қувватлаш каби бугунги куннинг муҳим масалалари бўйича сўз юритилди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Тошпўлат Тугалов, Маънавият ва маърифат маркази Самарқанд шаҳар бўлими бошлиғи Хуршид Нуруллаев ва бошқалар адиб қаламига мансуб “Жадид” асарининг яратилиши, асар қаҳрамони - ношир, муҳаррир ва драматург Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг маърифатпарварлик борасидаги курашлари ҳақида ўз фикрларини билдириб, ушбу романнинг ёшлар тарбиясидаги ўрни, аҳамиятига тўхталди.

Тадбирда Нусрат Раҳматнинг “Фарзандга ўгитлар” китоби тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. Бу асар саккиз марта чоп этилган бўлиб, дидактик характерга эгалиги билан аҳамиятлидир.

80 ёшини қаршилаётган Нусрат Раҳмат ўзининг ҳаёти ва ижод йўли, яратган асарларининг ғоявий-бадиий хусусиятлари ҳақида гапириб берди.

Китобхонлар ва ёшлар адибдан ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олди.