Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Иш билан таъминлаш кўзбўямачилик эмас!

Жорий йилнинг 20 июнь куни 08:00 да Мустафо Камол Отатурк кўчасида касб-ҳунар коллежи битирувчилари, жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилган ҳамда бошқа ишсиз фуқаролар учун махсус бўш ва квота иш ўринлари ярмаркаси ўтказилиши ҳақидаги хабарномани олиб, айтилган жойга бордим.

Айтилган манзилга яқинлашгунча у ерда ҳеч ким кўринмаётгани учун балки манзилдан адашдимми, деб қайта хабарномага қарадим, тўғри келяпман. Қайд этилган вақт ўтиб бораётган бир пайтда бир неча шаҳар бандликка кўмаклашиш маркази ходимлари ҳуқуқ-тартибот органлари ходими билан биргаликда у ерга фуқаролар томонидан қўйиб кетилган автомобилларни олдириш билан банд бўлди. Қаердандир стол-стулларни олиб келиб, атрофда “сочилиб” юрган иш берувчи корхона ва ташкилотлар ходимларини жой-жойига ўтқизгунча соат миллари 9:30 дан ҳам ўтди. Энди фуқаролардан дарак йўқ, мен эса кейинги тадбирга шошяпман. Бир вақт бир гуруҳ оқ-қора формадаги йигирматача қизни ўқитувчиси бошлаб келиб, уларга ҳеч қаерга кетиб қолмасликни, шу атрофни айланиб юришни қаттиқ тайинлади. “Айланишга чиққанлардан” бир нечасини суҳбатга тортдим:

— Қаерда ўқийсизлар?

— “Дашколный”дан, — жавоб берди улардан бири. — Бу ерда нима бўляпти ўзи? Соат 11:00 да “ГОСТ”имиз бор, ҳаммамизни йиғиб, мажбурлаб шу ерга олиб келишди, - деди энсаси қотиб.

— Битирувчи бўлсангизлар керак, бу ерда меҳнат ярмаркаси бўляпти, кўринглар, маъқул иш топсаларингиз ишга қабул қилишлари мумкин, — дедим. Сўзларимга баттар энсаси қотган қизлар нари кетди.

Атрофдан ақалли бирор кишининг иш берувчи билан келишиб, ишли бўлишини пойладим. Ҳеч бўлмаса, битта интервью оламан, дедим-да. Хаёли-дарди имтиҳонда бўлиб турган ҳалиги қизлар эса бу даҳмазанинг қачон тугашию ортга қайтишни ўйлаб, атрофда изғирди. Ушбу ҳолатларни кузатиб, меҳнат ярмаркасидан кўзланган муддаонинг бажарилаётганини кўрмадим ва қарийб, икки ярим соат вақтим, “кечикмайин”, деб йўналишсиз таксида “учиб” келганимга афсусланиб, навбатдаги тадбирга йўл олдим. Ҳар эҳтимолга қарши, кетишимдан олдин, шаҳар бандликка кўмаклашиш маркази масъул ходимларига телефон рақамларимни қолдириб, маълумотини етказишини сўрадим. Аммо бундай бўлмади. Шу куни соат 16:00 атрофида бизга юборилган хатнинг ижроси учун масъул бўлган марказ ходими Ю. Аннақуловга қўнғироқ қилиб, маълумотни сўраганимда бир соатда тайёр бўлишини айтди. Буни қарангки, соатлар соатларга уланди, маълумотни ушбу мақолани қоралагунимча кутдим...

Абдуҳошим ЗИЁДОВ,

“Samarqand” мухбири.