Самарқандда 90 минг нафар ишсиз бор
Ушбу рақам вилоят камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқарма томонидан ўтказилган матбуот анжуманида келтириб ўтилди.
Бошқарма бошлиғининг биринчи ўринбосари Бекзод Саидов 2024 йилда амалга оширилган ҳамда соҳада коррупцион жиноятларнинг олдини олиш борасидаги ишлар юзасидан маълумот берди.
Таъкидланганишича, ҳозир вилоятимизда 4227 минг нафар аҳоли истиқомат қилиб, уларнинг 2189,5 минг нафари меҳнат ресурси ҳисобланади. Шундан иш билан банд бўлганлар 1520,1 минг нафарни ташкил этмоқда.
Хусусан, расмий секторда 579,1 минг нафар, норасмий секторда 662,9 минг нафар ҳамда хорижга ишлаш учун кетганлар 153,7 минг нафарга тенг. Ишсизлар 90,8 минг нафар бўлиб, ишсизлик даражаси 5,6 фоизни ташкил этади. Йил якунигача бу кўрсаткични 5,2 фоизга тушириш режалаштирилган.
— Жорий йил ҳисобидан ташкилотимиз 37768 нафар фуқаронинг ишга жойлашишига кўмаклашди, - дейди Бекзод Саидов. – Шунингдек, 4500 нафар фуқаро жамоат ишларига жалб қилинди. Айни вақтда вилоятдаги 11942 та корхона ва ташкилотда 26501 та бўш иш ўрини мавжуд. Шундан 4816 таси давлат ташкилотида бўлса, 21685 таси хусусий сектор корхоналарида. Яқингача давлат ва хусусий сектор ташкилотларидаги бўш иш ўринлари сони деярли тенг бўларди. Сўнгггши вақтларда хусусий секторнинг аҳоли бандлигини таъминлашдаги улуши ошиб бормоқда.
Тадбирда масъуллар журналистларнинг фуқаролар мурожаати билан ишлаш, бўш иш ўринлари хақида маълумот олиш, норасмий меҳнат ва коррупцион ҳолатларга чек қўйиш борасидаги саволларига ҳам жавоб берди.
Бошқарманинг коррупцияга қарши курашиш бўлими бошлиғи Илёс Еткировга кўра, ўтган вақтда бошқарманинг аҳолига хизмат кўрсатиш соҳасидаги тузилмаларида 20 дан ортиқ ўрганиш, мониторинг ва назорат текширувлари ўтказилиб, аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари бўйича 28 нафар ходимга нисбатан интизомий жазо чораси қўлланилган. Шундан 9 нафар ходим билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган. Шунингдек, хавфни таҳлил қилиш асосида 9 та хизмат текшируви ўтказилиб, ўрганиш якунига кўра 7 нафар ходимга нисбатан интизомий жазо чораси қўлланилиб, 2 нафари билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган.