Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Журналист ва шоир Абдували Қутбиддин вафот этди

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, таниқли шоир Абдували Қутбиддин узоқ кечган касаллик туфайли 59 ёшида Тошкент шаҳрида вафот этди.

А.Қутбиддинов 1983 йил Тошкент давлат университетининг (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) журналистика факультетини тамомлаган. Меҳнат фаолиятини Самарқанд вилоятининг «Зарафшон» газетасида бошлаб, кейинчалик Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриётида, «Ёзувчи» нашриётида, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясида, «Халқ сўзи» газетасида турли лавозимларда хизмат қилган.

Матбуот нашрларида минглаб танқидий, таҳлилий мақолалари эълон қилинган. Шоирнинг «Найсон», «Ҳумо», «Бахтли йўл», «Бор» (сайланма, 2011) каби шеърий тўпламлари, «Озодлик» номли достони чоп этилган. Абдували Қутбиддин «Дўстлик» ордени билан мукофотланган.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Самарқанд вилояти бўлими ҳамда "Зарафшон" ва «Самаркадский вестник»  газеталари бирлашган таҳририяти жамоаси марҳумнинг яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.