Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Карвонсарой каптархона дегани эмас!

Самарқанд шаҳридаги “Мухлис транс парк” карвонсаройи (тир-парки)да шу соҳада хизмат кўрсатаётган барча карвонсаройлар раҳбарлари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. 

Самарқанд вилояти ҳокимининг ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва саноатда кооперация алоқаларини кенгайтириш масалалари бўйича ёрдамчиси Нозир Ибрагимов олиб борган йиғилишда вилоят ички ишлар, солиқ, ёнғин хавфсизлиги, божхона, санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармалари мутасадди раҳбарлари қатнашди.

– Ўн кун давомида вилоятимиз ҳудудида олис масофаларга қатнайдиган юк машиналари ва юк ташувчиларга хизмат кўрсатиш фаолияти билан шуғулланаётган 11 та тадбиркорлик субъекти фаолияти, юу ерда яратилган шароитни ўргандик, – деди Н.Ибрагимов. – Афсуски, аҳвол ўта ачинарли. Ваҳоланки, чет элдан келаётган юк ташувчилар учун карвонсарой Ўзбекистоннинг юзи. Бу ердаги шароит, имкониятларга қараб, чет эллик юк ташувчилар юртимиз, элимизга баҳо беради. Айрим карвонсаройларда энг оддий шароитлар ҳам яратилмаган, ҳар жабҳада тартибсизлик ҳукмрон. Аксинча, аксариятида юртдошларимиз юзини қора қиладиган фоҳишабозлик авж олган. Бунга ким йўл беряпти? Қани ҳуқуқ-тартибот идора мутасаддилари?

Йиғилишда бу каби ҳолатларнинг олдини олиш учун ички ишлар идоралари раҳбар ходимларига аниқ вазифалар берилди.

Шунингдек, йиғилишда вилоят ИИБ миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими бошлиғи ўринбосари Лазиз Ибрагимов юртимизга кириб келган ҳар бир фуқаро сингари юк ташувчилар ҳам транзит йўловчи мақомига эга экани, улар қонунларимизда кўрсатилган муддатдагина юртимиз ҳудудида бўлиб туришга ҳақлилиги, шу боис яқинда “Е-меҳмон” тизимини ишга тушириб, барча карвонсаройларни бу тизимга уланиши ва келган ҳар бир меҳмон қайси карвонсаройда тўхтагани шаффоф ҳолда кўриниб туришини таъкидлади.

– Барча карвонсаройлар раҳбарлари белгиланган муддат ичида талабимизга жавоб берадиган замонавий видеокузатув мосламаларини ўрнатишлари лозим, – деди вилоят божхона бошқармаси бошлиғининг ўринбосари, подполковник Соҳибжон Қурбонов. – Карвонсаройга кирган машинадаги юк ҳали божхона кўригидан ўтмаган бўлиши мумкин. Шунинг учун бу ерга кирган машиналардаги юкларга тегиниш, карвонсаройда савдо-сотиқ қилиш мумкин эмас.

Йиғилиш якунида тадбиркорларга карвонсаройлардаги аҳволни ўнглаш учун 10 кун муддат берилди. Барча карвонсаройларда “Мухлис транс парк”даги сингари замонавий шароитлар яратиш, ҳалоллик ва поклик қоидаларини жорий қилиш шарт қилиб қўйилди. 

Каримберди Тўрамуродов.