Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Келаси йил бошидан ҳар бир вазирлик ўз ишини туман, шаҳар, қишлоқ ва маҳалла кесимида режалаштиради ва ташкил этади

Ҳурматли парламент аъзолари!

Ислоҳотларимиз халқимизнинг кундалик ҳаётида ўз ифодасини топиши, кутган натижаларимизга эришиш кўп жиҳатдан давлат бошқарувидаги самарадорликка бевосита боғлиқ. Шу мақсадда келгуси йилда қуйидаги вазифаларни амалга ошириш лозим.

Биринчидан, давлат бошқаруви идоралари фаолиятини тубдан такомиллаштириш талаб қилинади. Кўпгина вазирлик ва идоралар фаолиятида, қарор қабул қилиш ҳаддан ташқари марказлашган. Уларнинг вазифалари аниқ ва тўлиқ белгиланмагани сабабли фаолиятларида бир-бирини такрорлаш ҳолатлари мавжуд. Сабаби, вазир ўринбосарлари, ўрта бўғин раҳбарлари масалани ҳал қилиш, жавобгарликни ўзига олиш, ташаббус кўрсатишда етарли билим ва малакага эга эмас.

Улар нима учун масъулиятни ўзига олмайди? Ё билими йўқ, ё қатъияти етмайди, ёки коррупцияга берилган.

Афсуски, бундай раҳбарлар аҳоли кутаётган ҳаётий муаммоларни ҳал қилиш ўрнига, кераксиз қоғозбозлик ва натижасиз мажлислар ўтказиш билан овора бўлиб қолмоқда.

Яна бир жиддий камчилик шуки, рақамли технологияларни кенг жорий этиш ҳисобидан ходимлар сонини ва иш жараёнларини оптималлаштириш чоралари кўрилмаяпти.

Шунинг учун, Ҳукумат икки ой муддатда бошқарувда бир-бирини такрорлайдиган идоралар ва функцияларни, ортиқча бюрократик тўсиқларни қисқартириш бўйича ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрласин. Бунда давлат бошқаруви ходимлари сонини ўртача 15 фоизгача оптималлаштиришни назарда тутиш зарур.

Келгуси йил охирига қадар электрон давлат хизматларини 60 тага кўпайтириб, уларни 300 тага, масофавий хизматлар улушини эса камида 60 фоизга етказиш зарур.

Иккинчидан, бошқарув идораларининг ҳудудий масалаларни ҳал қилишдаги масъулият ва жавобгарлиги кучайтирилади.

Келаси йил бошидан ҳар бир вазирлик ўз ишини туман, шаҳар, қишлоқ ва маҳалла кесимида режалаштиради ва ташкил этади.

Вазирлар ва уларнинг ўринбосарлари фаолиятига туман, шаҳар, қишлоқ ва маҳаллада амалда қандай ўзгариш бўлганига қараб баҳо берилади.

Бош вазир ўринбосарлари, вазирлар, ўзларининг қуйи тизим раҳбарлари ва ходимларини янгича талаблар ва замонавий ахборот технологиялари асосида самарали ишлашга ўргатиш ва малакасини мунтазам ошириб бориш учун масъул бўлади.

Депутат ва сенаторлар ўзлари сайланган ҳудуддаги муаммолар, тегишли вазирлик ва ҳокимликлар томонидан қай даражада ҳал этилаётганини доимий ўрганиб, назорат қилиб боришлари керак.

Шу ўринда, яна бир масала – туман, шаҳар ва маҳалла бошқарувида самарадорликни ошириш учун ходимлар сони ва маошини ҳудуднинг ўзига хослиги ва иш ҳажмидан келиб чиқиб белгилаш лозим.

Масалан, Самарқанд вилоятининг Пахтачи туманида 150 минг, Ургут туманида 500 мингдан ортиқ аҳоли яшайди. Ёки Шайхонтоҳур тумани аҳолиси қарийб 350 минг, Бектемирда эса 46 минг нафар.

Лекин, ушбу туманларда бошқарув ходимлари сони ва уларнинг иш ҳақи бир-биридан катта фарқ қилмайди. Шунинг учун, Ҳукумат икки ой муддатда ўрта ва қуйи бўғин бошқарув идораларининг фаолиятини тубдан такомиллаштириш, улардаги ходимлар сони ва меҳнатига ҳақ тўлаш шартларини қайта кўриб чиқиш бўйича қарор лойиҳасини киритсин.

Учинчидан, маҳаллий ижро органлари, вакиллик идоралари ҳамда маҳалланинг институционал асосларини янада такомиллаштириш лозим.

Маҳаллий ҳокимлик ва кенгашлар бундан 27 йил аввал, яъни ҳокимлик институти жорий этилган дастлабки пайтда қабул қилинган Қонун асосида ишламоқда. Бу ҳужжат бугунги ислоҳотларимиз талабларига мутлақо жавоб бермаслигини ҳисобга олиб, уни тубдан янгилаш зарур.

Ислоҳотларимиз натижалари, бўлаётган ўзгаришлар ва аҳолининг кайфияти аввало маҳаллада сезилади. Шу маънода, “маҳалла – ёруғ юзимиз ва виждонимиз кўзгуси”, десак, тўғри бўлади.

Шунинг учун, барча даражадаги раҳбарлар пастга тушиб, ўз соҳаси бўйича маҳаллалардаги муаммоларни ўрганиши ва уларга ечим топиши, одамлар сезадиган натижа қилиши шарт ва зарур.

Бундан буён, маҳалладаги ишларнинг аҳволи вазирлик, идоралар ва ҳокимликлар ишини баҳолашда бош мезон бўлади.

Шунингдек, маҳалланинг нуфузини, унинг ресурс ва имкониятларини ошириш, ходимларининг моддий таъминотини яхшилаш бўйича дастур ишлаб чиқиш зарур.

Жорий йилда, туманлар бюджетига қўшимча манбаларнинг камида 10 фоизини бевосита маҳалладаги муаммоларни ҳал этишга сарфлаш бўйича ишларни бошлаб, бу мақсадларга 70 миллиард сўм ажратилди.

Энди бу ваколатни янада кенгайтириб, туман бюджети харажатларининг 5 фоизини ҳам ана шундай мақсадларга йўналтириш бўйича янги тартиб жорий этилади. Бунинг натижасида, бу янги эксперимент орқали биргина Ғиждувон туманида 8 миллиард сўм, ёки Фарғона шаҳрида 11 миллиард сўм маблағ айнан аҳоли долзарб деб ҳисоблайдиган муаммоларни ҳал этиш учун сарфланади.

Маҳалла раиси ва унинг ўринбосарлари ваколатларини кенгайтириб, уларга аҳоли муаммоларини бевосита ҳал қилиш имконини яратишимиз керак. Бунда, маҳалла раисига маҳаллий кенгаш мажлисида кўрилиши мажбурий бўлган масалаларни киритиш ҳуқуқини бериш лозим. Бу орқали муаммоларни тезкор ҳал қилишга эришиш имконияти яратилади.

Маҳаллада ишлаётган малакали ва ташаббускор кадрларни, давлат идоралари раҳбарлик лавозимларига тавсия этиш тизими йўлга қўйилади.

Қонунчилик палатаси ва Сенат, Вазирлар Маҳкамаси билан бирга 2021 йил 1 апрелга қадар маҳаллий ижро ва вакиллик органлари ҳамда маҳалла институти фаолиятини тубдан такомиллаштиришга оид янги қонун лойиҳаларини ишлаб чиқсин.

Ушбу ҳужжатларда, ҳокимлар, уларнинг ўринбосарлари ва маслаҳатчиларининг ваколат чегараси, вазифа ва функциялари аниқ белгиланиши лозим.

Тўртинчидан, коррупциянинг ҳар қандай кўринишига муросасиз бўлиш кундалик ҳаёт тарзимизга айланиши шарт.

Бу иллатга қарши курашишга барча давлат органлари, сиёсий партиялар, жамоат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари, умуман, ҳар бир фуқаро сафарбар этилиши зарур. Коррупция ўта оғир жиноят экани ва унга нисбатан муросасиз бўлиш ғоясини фарзандларимизга ёшлик давридан бошлаб сингдиришимиз, уларга фақат ҳалол меҳнат ва тадбиркорлик орқали даромад топишни ўргатишимиз лозим.

Шунингдек, коррупциянинг олдини олишда барча давлат органларида қарор қабул қилиш жараёнлари очиқ ва фақат очиқ бўлишини таъминлаш ҳал қилувчи аҳамиятга эга.

Масалан, фуқароларимиз жорий йилдан бошлаб, очиқ эълон қилинаётган давлат харидларига оид маълумотлардан фойдаланиб, ўринли масалаларни кўтармоқда.

Молия вазирлиги уч ой муддатда давлат идоралари бюджетдан ташқари жамғармаларининг даромад ва харажатлари, давлат улушига эга бўлган ташкилотлар харидлари, давлат субсидия ва грантларига оид маълумотларни эълон қилиш амалиётини йўлга қўйсин.

Бундан ташқари, охирги икки йилда ҳокимларнинг 2,5 мингга яқин қарори судлар томонидан бекор қилингани бундан буён уларнинг қарор қабул қилишида очиқликни таъминлаш зарурлигини тақозо этмоқда.

Шунинг учун, маҳаллий давлат ҳокимияти идораларининг қарорларини ҳисобга қўйиш ва эълон қилиш бўйича электрон ахборот тизими жорий этилади.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги бир ой муддатда очиқ эълон қилиниши лозим бўлган маълумотлар рўйхатини кенгайтириш бўйича таклиф киритсин.

Коррупцияга қарши курашишнинг самарали воситаларидан бири кадрларни танлаш ва ишга қабул қилишнинг очиқ тизимини йўлга қўйишдан иборат.

Ушбу тизим асосида кадрларни танлашда эски усуллардан воз кечиб, уларнинг интеллектуал салоҳиятини, маънавий фазилатларини баҳолайдиган очиқ ва ошкора танлов тизими жорий этилади.

Шунингдек, коррупциянинг олдини олиш бўйича давлат хизматчиларини мунтазам ўқитиш ва билимини баҳолаб бориш тизими йўлга қўйилади.

Бешинчидан, ислоҳотларимиз ҳар бир инсонга етиб бориши учун қабул қилинаётган ҳужжатлар ижросини ўз вақтида ва самарали таъминлаш лозим.

Сўнгги 4 йилда барча соҳаларда кенг кўламли ўзгаришларни амалга ошириш бўйича 150 та қонун, 2 мингга яқин фармон ва қарорлар қабул қилинди.

Лекин, жойларда барча раҳбарлар ҳам ушбу ҳужжатлар мазмун-моҳиятини тушуниб, берилган имкониятлардан фойдаланмоқда, аҳоли ва тадбиркорларга зарур шарт-шароит яратмоқда, деб айта олмаймиз.

Амалдаги назорат тизими эса кўпроқ формал тусга эга бўлиб, ижрони ташкил этишдаги муаммоларни аниқлаш ва ҳал қилишга йўналтирилмаяпти.

Шунинг учун, келгуси йилда бу борада янги иш тизими жорий этилади. Энди Адлия вазирлиги, унинг ҳудудий бошқарма ва бўлимларининг асосий вазифаси қабул қилинган ҳужжатларни масъулларга етказиш, тушунтириш, амалиётда қўллашга кўмаклашиш ва назорат қилишдан иборат бўлади.

Шу мақсадда, Адлия вазирлигига зарур ваколат ва ресурслар берилади. Шунингдек, қабул қилинган ҳужжатлар ижросини ташкил этишда, жамоатчилик иштироки ва назорати кенг йўлга қўйилади.

Жумладан, “жамоатчилик эшитувлари” ва “жамоатчилик мониторинги” тизими жорий қилинади. Бу жараёнга фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролар ҳам фаол жалб этилади.

Шунингдек, таҳлиллар асосида ижрога халақит бераётган ортиқча вазифа ва функциялар қисқартирилади.

Давлат идораларидаги ижро сифати ва ҳолатини вилоят, туман ва шаҳар халқ депутатлари кенгашларида, республика даражасида эса – Вазирлар Маҳкамасида ҳар ойда танқидий муҳокама қилиб бориш амалиёти жорий этилади.

Ҳукумат, Адлия вазирлиги, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ва Давлат бошқаруви академияси билан бирга бир ой муддатда ушбу тизимни жорий этиш бўйича зарур чора-тадбирларни белгиласин.

Адлия вазири барча оммавий ахборот воситалари, жумладан телевидение орқали “Президент қарорлари – ҳаётда ва назоратда”, деган мавзуда кўрсатув ва чиқишлар ташкил этиб, халқимизга ислоҳотлар моҳияти ва натижаларини етказиб бориш тизимини жорий этсин.

Олтинчидан, давлат ва жамият бошқарувида аёлларнинг ўрни ва мавқеини янада мустаҳкамлаш – ислоҳотларимизнинг энг устувор йўналишларидан биридир.

Хабарингиз бор, айни пайтда Касаба уюшмалари федерацияси бошчилигида мутасадди идоралар, банклар ва ҳокимликлар томонидан жойларда уйма-уй юриб, 6 миллиондан ортиқ хотин-қизларнинг муаммолари пухта ўрганилди.

Аччиқ бўлса ҳам тўғрисини тан олиб айтишимиз керак, бу ўрганишларимиз натижасида биринчи марта жойлардаги аёлларимиз дарду ҳасратларига тўла бўлган адолатли ҳақиқат юзага чиқди.

Шулар асосида “Аёллар дафтари” шакллантирилмоқда, уларни қийнаётган кўплаб ижтимоий-иқтисодий муаммоларга амалий ечим топилмоқда. Бу ишларга маҳаллаларда янги ташкил этилган “Аёллар маслаҳат кенгашлари” ҳам яқиндан кўмак бермоқда.

Лекин бу ҳали аёллар муаммоларини ечиш учун биз бажаришимиз шарт ва зарур бўлган ишларнинг бошланиши холос.

Биз мамлакатимизда истиқомат қилаётган 17 миллиондан зиёд опа-сингилларимиз, қизларимиз, онахон ва момоларимиз юрагидаги орзу-умидларини рўёбга чиқариш учун барча имкониятларни яратиб беришимиз лозим. 

Аёлларнинг андиша қилиб, биз эркакларга айта олмаган дарду ташвишлари, кундалик муаммолари, орзу-ниятларини уларнинг ўзидан яхши тушунадиган инсон йўқ. Хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги ролини ошириш бўйича олиб борган ислоҳотларимиз натижасида Парламентимиз янги таркибининг 30 фоизи аёллардан иборат бўлди.

Вилоят, шаҳар ва туман ҳокимларининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозими жорий этилди. Энди хотин-қизларнинг жамият ҳаётидаги ўрни ва нуфузини ошириш, уларга янги имкониятлар яратиш бўйича навбатдаги қадам сифатида, ҳаётни ва аёллар муаммоларини яхши биладиган, фаол ва ташаббускор опа-сингилларимиздан иборат Республика Хотин-қизлар жамоатчилик кенгашини ташкил этишни таклиф қиламан.

Кенгашга бу борада катта тажрибага эга бўлган Сенатимиз Раиси Танзила Камоловна Норбоева раҳбарлик қилса, деган таклифни билдирсам, ўйлайманки, барчангиз мени қўллаб-қувватлайсиз.

Жойлардаги хотин-қизлар кенгашлари фаолиятига эса ҳокимларнинг ушбу масалалар бўйича маслаҳатчилари раҳбарлик қилиши энг тўғри йўл бўлади.

Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бўйича республика ва ҳудудий жамғармаларни янги ташкил этиладиган кенгашлар ихтиёрига ўтказиб бериш мақсадга мувофиқ бўлади, деб ҳисоблайман.

Аёлларнинг бизнес-лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш ҳамда жойларда аниқланган хотин-қизлар муаммоларини ҳал этиш учун бюджетдан қўшимча равишда 1 триллион сўмдан зиёд (100 миллион доллар) маблағ йўналтирилади.

Бунинг учун, “Халқ банки” томонидан жойларда хотин-қизларни тадбиркорликка ўқитиш, намунавий бизнес-режаларини ишлаб чиқиш ва кредит олишда уларга амалий ёрдам кўрсатишнинг янги тизими жорий этилади.

Олий Мажлис палаталари ва Ҳукумат бир ой муддатда хотин-қизларнинг жамиятдаги ва давлат бошқарувидаги мавқеини янада оширишга қаратилган яхлит тизим яратиш бўйича таклиф ишлаб чиқсин.

Яна бир муҳим масала – нуроний отахон ва онахонларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашимиз ҳам қарз, ҳам фарздир.

Республика “Нуроний” жамғармаси томонидан кексаларга доимий ёрдам кўрсатилиши учун унинг молиявий имкониятлари янада кенгайтирилади. Бунинг учун кейинги йилда ушбу жамғармага бюджетдан 100 миллиард сўм ажратилади.

Ўзгалар парваришига муҳтож бўлган 16 мингдан зиёд кексаларга ёрдам бериш, уларнинг ҳаётини мазмунли ташкил этиш учун тўловлар миқдори оширилади ҳамда уларга кўрсатиладиган ижтимоий хизматлар кўлами кенгайтирилади.

Шунингдек, Бухоро, Қарши ва Урганч шаҳарларида янгидан ташкил этиладиган сиҳатгоҳларда ҳамда мавжуд дам олиш масканларида жами 25 мингдан ортиқ нуронийларнинг соғлиғи тикланади.

Марказий телеканалларимизда намойиш этилаётган “Оталар сўзи – ақлнинг кўзи” кўрсатуви сони кўпайтирилиб, мазмунан бойитилса, шунингдек, янги “Нуронийлар маслаҳати”, “Маҳаллада гурунг” каби янги кўрсатувлар ташкил этилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Еттинчидан, эркин фуқаролик жамиятини ривожлантиришда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлашни давом эттирамиз.

Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди фаолиятини жойлардаги долзарб муаммоларни ҳал этишга қаратиш зарур.

Айниқса, мавжуд муаммоларни аниқлаш, уларни чуқур таҳлил қилиш, ечимлари бўйича таклиф ишлаб чиқиш, ижроси устидан жамоатчилик назоратини таъминлашга ижтимоий буюртма асосида нодавлат нотижорат ташкилотлари кенг жалб этилади.

Бундай ҳамкорликни, энг аввало, таълим, маданият, тиббиёт, экология, қурилиш, кадастр, транспорт, коммунал хўжалиги, бандлик, ижтимоий хизматлар кўрсатиш каби муаммоли соҳаларда кенг жорий этиш мақсадга мувофиқ бўлади. Бу ишларни ташкил этиш учун, келгуси йилда бюджетдан 60 миллиард сўм йўналтирилади.

Шу билан бирга, Қонунчилик палатасида нодавлат нотижорат ташкилотларининг доимий вакили институтини жорий этишни таклиф қиламан. Ушбу вакил, қуйи палата йиғилишларида иштирок этиш, қабул қилинаётган қонунларга таъсирчан жамоатчилик назорати ва ижтимоий шериклик масалаларини киритиш бўйича таклифлар бериш ваколатига эга бўлиши зарур, деб ҳисоблайман.

Навбатдаги муҳим масалага эътиборингизни қаратмоқчиман.

Оммавий ахборот воситалари мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгаришларни холис ёритиш билан бирга жойлардаги мавжуд долзарб муаммоларга давлат идоралари ва жамоатчилик эътиборини қаратиб, уларни бартараф этишга барча даражадаги раҳбарларни даъват этиб, ундаб келаётганини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман.

Улар том маънода “тўртинчи ҳокимият”га айланиб бормоқда. Аччиқ ва танқидий материаллар жойлардаги кўплаб амалдорларга ёқмаслиги, уларнинг тинчини ва ҳаловатини бузаётгани ҳам бор гап.

Лекин ошкоралик ва сўз эркинлиги бу – давр талаби, бу – Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг талаби.

Биз ўтган тўрт йил давомида жамиятимизда ошкоралик ва очиқлик, сўз эркинлиги муҳитида яшаш ва ишлашга аста-секин ўрганиб бораяпмиз. Адолатли журналист ва блогерларнинг танқидий чиқишлари эскича қолипда ишлайдиган раҳбарларнинг фаолиятидаги хато-камчиликларни кўрсатиб, уларни иш услубини ўзгартириш ва масъулиятини оширишга мажбур қилмоқда.

Бундан буён ҳар бир давлат органи ўз кундалик фаолиятида оммавий ахборот воситалари билан яқин мулоқот ва ҳамкорликни йўлга қўйиши зарур ва шарт.

Бу борадаги мавжуд қонунчиликни либераллаштириш йўлида ташланган дадил қадамларимизнинг далили сифатида куни кеча Жиноят кодексининг матбуот орқали “туҳмат” ва “ҳақорат қилиш” каби моддалари бўйича озодликдан маҳрум қилиш шаклидаги жазо чоралари бекор қилинди.

Келгуси йилда ҳам сўз эркинлигини таъминлаш, оммавий ахборот воситаларини ҳар томонлама ривожлантириш, журналист ва блогерларнинг эркин фаолият юритиши учун ҳуқуқий асослар янада кучайтирилади.

Мамлакатимиз тараққиётини янги босқичга кўтаришнинг дастлабки даврида оммавий ахборот воситаларини кенг қўллаб-қувватлаш, уларни ҳимоя қилиш, давлат идораларида ахборот хизматлари фаолиятини йўлга қўйиш ва ривожлантириш мақсадида Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ташкил этилган эди.

Бугунги кунда оммавий ахборот воситалари соҳасидаги ислоҳотларни янги босқичга кўтариш, уларни янада ривожлантириш, мустақил фаолият юритишини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида Агентлик фаолиятини танқидий қайта кўриб чиқиш лозим, деб ҳисоблайман.