Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

“Ким олимларни пастга урса, унинг охирати барбод бўлади"

1991 йил халқимиз мустақилликка эришгач Ислом дини арконларига амал қилиш, унинг таълимотларини ўрганишга бўлган иштиёқини рўёбга чиқариш борасида имкониятлар очилди. Ўша даврларда Самарқанд вилоятидаги Имом Бухорий жоме масжидида имом-хатиб вазифасида фаолият олиб бораётган Усмонхон Алимов ўз ҳамфикрлари билан биргаликда халқнинг диний таълимга бўлган эҳтиёжларни қондириш мақсадида масжид қошида Имом Бухорий мадрасасига асос солди ҳамда ушбу масканда устозлик қила бошлади. Дастлаб, ўрта махсус диний билим юрти, сўнг ҳадис илми маркази сифатида фаолият юритган ушбу билим юрти бир неча юзлаб диний уламолар етиштириб берди. Бугунги кунда жуда кўплаб масжидларнинг имом-хатиб, имом ноиби, билим юртларининг мударрислари сифатида ва бошқа соҳаларда ушбу мутахассислар фаолият олиб бориб, халқимизнинг диний-маърифий саводхонлигини оширишда хизмат қилиб келмоқдалар.

Кейинчалик ушбу таълим маскани негизида Усмонхон Алимов ҳазратларининг Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси вазифасида иш олиб бориш жараёнида халқаро илмий тадқиқот марказлари ташкил қилинди. 2019 йилга келиб эса Имом Бухорий номли ҳадис олий мактаби ҳам ўз иш фаолиятини бошлади ва ҳадис илми соҳасида етук олимлар тайёрлаш бўйича собиқ иттифоқ ҳудудидаги ягона таълим муассасига айланди.

Кўп йиллар масжид имоми, вилоят бош имом-хатиби лавозимида меҳнат қилган Усмонхон Алимов 2006 йилда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий этиб сайландилар. Ўзининг илму маърифати, иш юритиш салоҳияти, адолат, оғир ва вазминлик билан фикрлаши, мусулмонлар манфаатини ўйлаб иш бошқариши муфтий ҳазратларининг узоқ йиллар давомида идора раислиги вазифасида ишлашини таъминлади, десак муболаға бўлмайди.

Ҳазрат ҳар қандай вазиятда ҳам мусулмонлар идораси, масжид ва мадрасаларнинг бир маромда иш олиб бориши, уларга нисбатан ҳар хил таъна тошлар отилиши, турли зарарлар етишини олдини олганлиги, айниқса, шу соҳа ичида бўлганларга кўпроқ аёндир.

Янги масжидларнинг очилиши, 500 дан зиёд масжидларда қайта қуриш ва таъмирлаш ишлари олиб борилаётгани, Бухоро шаҳридаги “Мир Араб”, Самарқанд вилоятидаги “Имом Бухорий ҳадис мактаби” олий билим юртлари, 2020 йил Сурхондарё вилоятидаги “Имом Термизий” ўрта махсус ислом билим юрти янгидан очилиб, фаолият олиб бораётгани, диний билим юртларига талабалар қабул квотасининг оширилиши, вилоятларда ҳадис, калом, ақида, фиқҳ мактабларининг фаолияти йўлга қўйилганлиги, диний билим юртлари қошида Қуръон курслари ташкил этилганлиги каби кўплаб хайрли ишлар айнан муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг диний идора раисликлари даврида амалга оширилди. Бу ишлар ҳазратнинг соҳадаги самарали меҳнатларидан далолат беради.

Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Ўзбекистон мусулмонларининг раҳбари, бугунги кунда диний соҳада фаолият олиб бораётган кўплаб мутахассисларнинг устози бўлибгина қолмай, ён қўшни мамлакатлар - Россия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон муфтиётлари томонидан ҳам устоз сифатида эътироф этилганини қайд этишимиз лозим. Улар кўплаб масалаларда Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан ҳамкорликда иш олиб бораётгани, ҳазратнинг идора тарихида илк бор 2012 йил Ислом олами уюшмаси таъсис мажлисининг аъзоси, Бутун дунё уламолар кенгаши аъзоси этиб сайлангани эътирофга лойиқ. Шунингдек,

ислом дини маърифатини кенг тарқатиш, бузғунчи кучларга қарши бирга курашиш ва ўзаро ҳамкорликдаги кенг кўламли ишлари учун Россия  Федерацияси Свердловск вилояти мусулмонлари идораси томонидан “Кумуш ярим ой” медали билан тақдирланиши, Марказий Осиё мусулмонлари маънавий тараққиётига кўп йиллар хизмат қилгани, урф-одатларни тиклаш ва авайлаб асрашга қўшган ҳиссаси учун Қирғизистон мусулмонлари идорасининг 1-даражали “Ынтымоқ” медали (“Иттифоқ”) билан тақдирланиши, Уммон Султонлиги Исломий стратегик тадқиқотлар маркази томонидан “Дунёнинг энг нуфузли 500 мусулмони” рўйхатидан муносиб ўрин эгаллаганлари эҳтиромга сазовордир.

Муфтий ҳазратлари Ислом дини маърифатининг тарғиботчиси сифатида ҳам нафақат юртимизда, балки кўплаб хорижий мамлакатларда бўлиб ўтган халқаро анжуманларда илмий асосланган мазмунли маърузалари билан иштирок этиб келмоқдалар. У киши йигирмадан ортиқ китоб ва юздан зиёд илмий-оммабоп мақолаларнинг муаллифи ҳисобланади. “Тафсири Ирфон”, “Расулуллоҳнинг муборак васиятлари”, “Расулуллоҳ мўъжизалари”, “Оилада фарзанд тарбияси”, “Ёшлар келажагимиз”, “IX-X асрларда Самарқандда калом илмининг ривожланиши” каби асарлари шулар жумласидандир.

Аллоҳ таолонинг инояти ила бундай салмоқли ишлар муфтий ҳазратлари бошчиликларида бардавом бўлмоқда. Аммо, бугунги кунда баъзи бир дилни хира қиладиган, мусулмонларни ўз раҳбарига қарши чиқишга ундайдиган, улар орасида фитна ва парокондаликка чақирувчи айрим ижтимоий тармоқлардаги хабар ва гапларнинг тарқалиши биз, диний соҳа вакиллари ва мусулмонларнинг норозилигимизга сабаб бўлмоқда. Илм аҳлларининг даражаларини Аллоҳ таолонинг Ўзи баланд қилган. Бу тортишмайдиган масаладир. Чунки Аллоҳ таоло “Аллоҳ сизлардан иймон келтирганларни ва илмга берилганларнинг даражаларини кўтарур” (Мужодала-4), дея марҳамат қилган. Олимларга душманлик қилган одам Аллоҳга уруш қилганга ўхшайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Аллоҳ айтади: “Ким менинг дўстимга душманлик қилса, унга уруш эълон қиламан” (Бухорий ривояти). Ибн Ҳажар айтади: Аллоҳнинг дўстидан мурод Аллоҳни танийдиган, Унинг тоатида доим бўладиган олимдир.

Абдуллоҳ ибн Муборак раҳматуллоҳи алайҳ: “Ким олимларни пастга урса, унинг охирати барбод бўлади, ким амирларни пастга урса, унинг дунёси барбод бўлади. Ким биродарларини пастга урса, унинг одамгарчилиги барбод бўлади”, деганлар.

Аҳли илм, имомларга самимий хайрихоҳ бўлайлик. Аслида исломнинг моҳияти ҳам шундай.

Барчамиз учун устоз бўлган олим, фазилатли шайх Усмонхон Алимов ҳазратларини ўз вазифасига нолойиқ, олиб бораётган ишларини самарасизликда айбламанг! Муфтий ҳазратларининг одилона, илму маърифат ва мўътадиллик билан иш бошқаришлари натижаси ўлароқ масжидларимиз обод, талабаларимиз илм чашмасидан баҳраманд, соҳа вакиллари ўзаро иттифоқликда меҳнат қилиб, халқнинг маърифати, тинчлиги, тўғри йўлдан оғишмай, ҳалол-ҳаромни фарқлайдиган бўлиб шаклланиши давом этмоқда. Зеро, ҳикматларда “Ишларнинг яхшиси ўртачасидир”, дейилиши билан ҳар бир ишни мўътадил ҳолда бажариш афзал эканлиги таъкидланган.

Зайниддин ЭШОНҚУЛОВ,

Самарқанд вилоят бош имом-хатиби.