Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Кимёгарлар қўрғонидаги “Нурафшон” маданият саройи фойдаланишга топширилди

Неча йиллар фойдаланилмаган, ташландиқ ҳолга келган бу ҳудуд гавжум, мўъжазгина гўшага айланди. Эътибордан четда қолган маданият маркази ва унинг ён-атрофига бирор киши боришга ботина олмасди. Бугун замон талабларига ҳамоҳанг тарзда таъмирланган маданият саройи, ёшлар боғи, футбол майдони кўрган кўзни қувонтиради. Санъат саройининг очилиш маросими барчанинг қалбига баҳорий илиқлик олиб кирди.

- Қаршингизда турган бу бино 2014-2018 йиллар давомида фойдаланишга яроқсиз ҳолга келиб қолган ва фаолият кўрсатмаган, - деди вилоят ҳокими Э.Турдимов. - Президентимиз томонидан маданият ва санъатга берилаётган эътибор туфайли 2019 йил январь ойида маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 15,4 миллиард сўм маблағ ажратилиб, қайта таъмирлаш ишлари олиб борилди. Марказга аҳоли таклифларидан келиб чиқиб, Нурафшон дея ном берилди. Бугун бу марказ Кимёгарлар шаҳарчаси аҳолисининг севимли масканига, ёшларимизнинг бўш вақтини мазмунли ўтказувчи, санъатга, маданиятга ошно қилувчи марказга айланди.

Мазкур маданият марказида кутубхона ва 10 га яқин тўгараклар, ёшлар боғи ва кафеси, замонавий футбол майдони фаолият юритмоқда.

350 томошабинга мўлжалланган концерт зали замон талаблари даражасида таъмирланиб, жиҳозланди. Санъат саройида «YAMAHA» фирмасининг ускуналари билан жиҳозланган замонавий овоз ёзиш студияси ташкил қилинди. Марказ ҳовлисида мусиқали фаввора ўрнатилди.

Ҳудуддаги неча йиллардан буён таъмирталаб йўлларга асфальт ётқизилди, турар-жойлар ободонлаштирилди, ёриткич симёғочлар ва велосипед йўлаги қурилди.

Шунингдек, Ҳазора маҳалла фуқаролар йиғинида 200 қатновга мўлжалланган, 3 қаватли 9-оилавий поликлиниканинг замонавий биноси ҳам фойдаланишга топширилди.

Насиба ЖОНТЎРАЕВА,

Бахтиёр МУСТАНОВ (фото).