Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Маҳалладаги суҳбат маҳаллаларга етказиладиган бўлди

Самарқанд шаҳридаги Боғимайдон маҳалласида "Уч авлод учрашуви" ўтказилди.

Тадбирни маҳалла фуқаролар йиғини раиси, яқинда ўтказилган “Энг намунали маҳалла раиси” танловининг шаҳар босқичида биринчи ўринни қўлга киритган фахрий журналист Тошпўлат Раҳматуллаев олиб борди.

Унда нуронийлар, кенг жамоатчилик вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари, мактаб ўқитувчи ва ўқувчилари иштирок этди.

Учрашув давомида кейинги пайтда бу каби суҳбат ва мулоқотларда мамлакатимизда инсон омилига юксак эътибор берилаётгани, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан жамиятимизнинг ҳар бир аъзосига ғамхўрлик, меҳр-оқибат кўрсатилаётгани, инсон қадр-қиммати, унинг орзу-ниятларини рўёбга чиқаришга имконият яратиб бериш устувор вазифага айланиб бораётгани таъкидланди.

- Ёшлар тарбиясида кекса авлод вакиллари тажрибасидан кенг фойдаланиш бугунги кунда ўз мевасини бериб келмоқда, - дейди “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими раиси Шуҳрат Негматов. - Энг муҳими, нуронийларимиз ўзларининг заҳматли ҳаётларини сўзлаб бериши натижасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олди олинишига, ажрим ёқасида турган ёш оилаларнинг барқарор муҳитини вужудга келтиришга эришмоқдамиз. Мана шундай учрашувлар бу ишларимизнинг давомийлигидан далолат. Буни янада оммалаштиришимиз, айтилган илиқ гапларни бошқа маҳаллаларга ҳам етакзишимиз зарур. 

“Китобхонлик хафталиги” доирасида маҳалланинг ўзида кутубхона ҳам ташкил этилди, иштирокчилар томонидан китоб совға қилиниб, жавонга жойлаштирилди.

Мактаб ўқувчиларининг чиқишлари даврага янада файз киритди.

Ҳусан ЭЛТОЕВ.