Мактабларнинг миллий рейтингида Самарқанд охирги ўринларда

Самарқанддаги таълим сифати кўҳна кент номига муносиб эмас. Таълим даражаси бўйича паст кўрсаткичли мактаблар айнан Самарқандда эканлиги ҳақда вилоят ҳокими Э.Турдимов янги ўқув йили олдидан бугун ўтказилган видеоселектор йиғилишида айтиб ўтди.

Таълим сифати бўйича мамлакатимизда ўтказилган миллий рейтингда Самарқанд вилояти энг охирги ўринлардан бирида бормоқда. Хусусан, республикадаги энг яхши мактаблар 20 талигига вилоятдан бирорта мактаб кирмаган. Фақатгина 100 талик рўйхатда биргина Каттақўрғон туманидаги 56-умумий ўрта таълим мактаби бор.

- Бундай ҳолатда мен бошчилигимда бутун ҳокимлар ва тизимга масъул бўлган раҳбарлар қандай ўзини кечириши мумкин, - деди вилоят ҳокими. – Ахир Самарқанд азалдан илм-маърифат маркази саналган. Ўз даврида цивилизация бешиги бўлган.

Таълим сифати бўйича ўтказилган мониторинг натижаларига кўра, 47 балл билан Самарқанд вилояти 13-ўринда қайд этилган.

Республикадаги мавжуд 10 мингта мактабдан 956 таси қатнашган рейтингда энг охирги иккита ўринни айнан Самарқанд вилояти вакиллари банд қилган. Рўйхат сўнгидаги 20 та мактабдан 10 таси Самарқандда эканлиги афсусланарли ҳолат.

Бундан ташқари, Пайариқ ва Паст Дарғом туманидаги умумий ўрта таълим мактаблари рейтинг натижаларига кўра, энг ёмон кўрсаткичларни қайд этган.