Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Мардикорликка қарши қўзғолон нимадан келиб чиққанди?

(Давоми. Бошланиши:)

Мамашариф Хусаинов 1882 йилда туғилган.

1916 йилда Жиззах уездида, 1959 йилда Жиззах район Москва колхозида яшаган.

Отам камбағал деҳқон бўлиб, Жиззахда Абдулла бой деганникида чорикорлик қилган.

Отам 1910 йилда ўлган. Мен нонвойлик қилиб, сўнгра қурилиш ишларида мардикор ишчи бўлиб, онам ва укаларимни боқар эдим.

1916 йил қўзғолони бошланиши олдидан мен Жиззахда Нуриддинхон мадрасаси қурилишида ишлар эдим. Рамазон ойи эди. Халқ орасида “Николай ҳукумати халқдан аскар олар эмиш” деган гап тарқалди. Пайшанба куни кечқурун мен ва мардикорлардан Наби сўфи иккимиз усталарга “биз эрта жума куни дам олмаймиз, иш кўрсатинглар ишлаймиз” дедик, улар иш кўрсатдилар.

Эртаси куни Наби сўфи иккаламиз усталар кўрсатган ишини ишламоқда эдик. Одамлар номозгоҳга қараб ўта бошлади. Шеригим номозгоҳга тараддуд қилиб турган эди. Уезд ҳокими Рукин, пристав, Мирзаҳамдам тилмоч орқасида полициячилар билан улар ҳам номозгоҳга қараб ўтишди. Номоздан сўнг одамлар тўпланиб қолдилар. Уезд ҳокими айвоннинг зинасида туриб русчалаб гапирди.

Мирзаҳамдам ҳокимнинг гапини таржима қилди. У сўзида “Император аъзам жаноблари халқдан одам олишни буюрган. Император жанобларининг буйруқлари шариат қонунидан ҳам юқори, албатта бажарилиши шарт” деган гапларни айтди.

Гапининг охирида бир рўйхатни олиб ўқиди. Рўйхатда Акрамхон тўра, Мухторхон тўра, Исмоил бобо, Нуриддинхўжа, Абдусамат махсум ва бошқалар бор эди. “Агар император аъзам жанобларининг буйруқларига қарши халқ томонидан бирор ходиса чиқса, шу одамлар жавобгар” деб жуда қатъий айтиб, одамларни тарқатди.

Одамлар тўда-тўда бўлиб, маслаҳатлашиб қайта бошлади. “Бу рўйхатдаги одамлар ўз болаларини юбормайдилар, бўлмаса халқ учун буларнинг нима жавобгарлиги бор?!” деб, ҳар тўпда ҳам шу гап бўлиб, шу рўйхатдаги одамларни халқ ёмон кўриб қолди.

Хуллас, одамлар норози бўлиб, “булар қўлига ўз болаларимизни бериб юбормасмиз” деб қайтишди.

Рамозон кунлари, кечки бозорда одам кўп тўпланар эди. У ерда ҳам шивир-шивир шу гаплар эди. Биз 10-15 киши бозорга қараб борар эдик. Уезд ҳокими, тилмоч Мирзаҳамдам ва пристав кечки пайт извош билан мингбошихонага ўтиша берди. Мингбошихонада шаҳар бойлари, элликбоши ва бошқалар махфий мажлис қилдилар. Мингбошихонанинг тевараги сердарахт эди. Мен кишилар орасида кичкина ва хипча бўлганлигим учун бекиниб бориб дарахт орқасида ўтирдим ва шапни тингладим.

Уезд ҳокими номозгоҳда сўзлаган гапларини яна қайтарди. Одамларни йиғиб бериш элликбошиларга юкланди. Тошкентлик маҳалласидан Шокир Баззоз ўрнидан туриб, икки қўлини кўкрагига қилиб, уезд ҳокимига қараб “тақсир арзим бор” деди.

- Айт арзингни, – деди ҳоким.

- Ҳар ким ўз ўғлининг ўрнига бошқа кишини ёллаб юборса бўладими? – деди Шокир Баззоз.

-Ўн саккиздан олтмиш ёшгача Туркистонда ҳеч ким қолмайди, кимни ёллаб юборасан? – деди Рукин. Уезд ҳокими сўзининг давомида “айрим одамларга мумкин бўлади” деди.

Шундан сўнг мен орқага қайтдим. Одамларга эшитганларимни айтдим, улар ҳам хафа бўлиб, “улар махфий маслаҳат қилибти-да, биз биламиз бойлар ҳеч вақт болаларини юбормайдилар” дейишди. Шу кеча бўлган гап бутун шаҳарга тарқалди.

Орадан бир кун ўтганидан кейин мен қаландархонага бордим. Урдуш бангини самоварида кўп одамлар тўпланган эди. Шу йиғилишда одамлар Назирхўжа (Жиззах қўзғолони етакчиларидан бири) Тошкентдан келибди, у Мирзаёр старшинга “Тошкентда одам олиш йўқ, ҳамма гап сенлардан чиққан экан, сенлар билан гаплашамиз” деб сўкибди дейишди. Шунда Уста Жалол “эртага ишга кетиб қолманглар, ишнинг оқибатини билиб туриб, ўшанга қараб иш қилинглар” деди.

Эртаси куни эрталаб қовун бозорга борсам, бозорда 30-40 одам йиғилган. Мирзаёр старшин самоворда оёғини осилтириб, ўйнатиб ўтирибди. Олдида бир аёл арз қилиб гапирди: “Нима учун менинг битта-ю битта ўғлимни ёздингиз? Тўртталиклар, бешталиклар борку” деди. Мирзаёр унга бақириб “текшириб юриш сенинг ишинг эмас, биз юқоридан буйруқ қандай бўлса, ўшандай қиламиз ишинггга кетавер” деб дўқ урди.

Буни кўриб тўпланган одамлар сони борган сари ортиб борди. Дамин кулолчи (қўзғолон етакчиларидан бири) можоронинг устига келиб қолди. У кампирнинг ёнига кириб Мирзаёрга “Ҳақиқатдан тўғри, бунинг бир ўғлини ёзган бўлсанг бизнинг ҳовлида уч кишини ёзгансан” деди.

Мирзаёр унга “сенинг нима ишинг бор” деб эди, Дамин кулол қўлини пахса қилиб “мен гапирмай ким гапиради? Бир уйдан уч кишини ёзсанг гапирмайинми” деди.

“Биз кўрсатилган қоидага кўра ёзамиз, сен бекорга гапирма” деди. Шунда одамлар “сўраган гуноҳкорми, гарирган айбдорми?” деб бақирдилар.

Дамин кулол “бир уйда учта бўлса ҳам ёзсанг уй ишлари, хотин, болалар кимга қолади?” деб сўради. Мирзаёр “хотин, бола-чақанг бизга қолади” деди.

Шунда Дамин кулол халққа қараб “Эй халойиқ! Буларни биз ҳукуматнинг бошлиғи десак, булар хотин бола-чақамизни ҳам бошлиғи эканлар” деб мурожаат қилди. Одамлар чувуллашиб қолди. Дамин кулол Мирзаёрдан рўйхатни талаб қилди. Одамлар Дамин акани ёқлади. Мирзаёр “дафтар мингбошихонада, юр бўлмаса мингбошихонага” деди. Йўлда кетаётиб Мирзаёр халқни қаттиқ ҳақорат қилди. Шунда Оққўрғонлик маҳалладан Абдуназар уни бир уриб қулатди.

Одамлар “муттаҳам, ўғри, порахўр” деб Мирзаёрни ўлдириб, мингбошихонага ҳужум қилдилар. Қурбонбой, Ўринбой мингбошихонанинг ойналарини синдириб, дафтарларни кўтариб чиқди ва йиртиб, ёқиб юборди. Мирзаёрнинг дўконида Холмат Ражаббой деган сотувчи эди. У дўконни ташлаб қочди. Назирхўжа отга миниб келди, шунда 3 мингга яқин одам калтак, болта, қилич, баъзилар милтиқ билан қуролланиб, город, яъни техникум томонга жўнади.

Йўлда уезд ҳокими Рукин, пристав, Мирзаҳамдам тилмоч, Комил йигит ва Мулла Хидир йўлиқиб қолди. Ҳоким извошдан тушиб халққа қараб “тўхтанглар, нима гап?” деб яқинлашган эди, халқ орасидан биров “нима учун биздан одам олинади?”, яна бир одам “одам бермаймиз, нима бўлсак шу бўламиз, Мирзаёрни ўлдирдик” деди.

Ҳоким “майли Мирзаёр ўлгани билан ҳеч нарса бўлмайди, мен сизларга тилхат бераман, сизлардан одам олинмайди” деди. Одамлар унга қарата “сен бизни алдайсан” деб ҳар тарафдан шовқин солди. Одамлар ҳокимни ўртага олдилар. Унга ҳар томондан сўзлаб шошириб юбордилар. Пристав Затаклов ёнидаги наганини олиб осмонга қаратиб бир марта отди. Шунда Эргаш Муккидўз халққа қараб “ана буларга ишониб бўладими” деди.

Иноят Файзиев “ур буларни, энанга эр қиласанми аяб” деди. Мамат бичақулоқ, Ашурмат акалар ҳокимни калтак билан уриб ағанатдилар. Ҳамма уришга киришиб, ҳокимни, у билан бирга келган амалдорларни уриб ўлдирдилар. Мулла Хидир оломондан қочиб қутулиб қолди. Эшитишимизча, уни Мухторхон тўранинг болалари оломондан асраб қочириб юборганлар.

Шу вақтда шовқин-сурон кучайиб, кўчага одам сиғмай қолди. Оломон ғазабга тўлган эди. Одамлар “қўйма ур, ўлдир, Тупроққўрғонга бориш керак, Бир кун ўлмоқ, бир кун туғилмоқ” дер эдилар.

Халқ тошлоққа кириб қўзғолди. Тошлоққа яқинлашай деганда ҳоким ноиби подполковник Афанасьев, Шолохинлар бошчилигида Қоракўл деган жойда бир тўда аскарлар чиқиб қолди. Ноиб қўлини кўтариб, халққа тўхташга ишора қилди. Олдинги қатордагилар тўхтаса ҳам орқадагилар келаверди.

Шу пайтда одамларнинг бир қанчаси ноиб ва солдатларнинг орқасидан ўраб олиш ва ўлдириш мақсадида деворлардан ошиб ўта бошладилар. Ноиб сезиб қолиб, солдатларга отишни буюрди. Солдатлар отдилар. Нормат қассоб отдан учди, унинг ортидан Ғойиб ҳам йиқилди. Солдатлар яна бир қанча кишини отиб ташладилар. Отишмада Уста Жалолга ўқ тегди. Иноят Файзиевнинг чаккасига ўқ тегди ва ярадор бўлди. Солдатлар одамларни ўзларига яқинлаштирмадилар. Қуролсиз халқ орқага қайтишга мажбур бўлди.

Халқ кўчанинг икки томонига бўлиниб кетди. Уларнинг бир қисми Бирэшак ва Қизилтут томонларга, иккинчи қисми Учтепа станция томонга кетди. Улар бориб темирйўлни бузган ва телеграф симларини узган.

Қўзғолонда Шариллоқ, Ҳайробод, Сайхон, Қаъни, Ёйилма қишлоқлари аҳолиси қатнашди. Равот, Кўрпа, Увон қишлоқлари аҳолиси Ломакин станциясига ҳужум қилган, деб эшитганман. Солдатлар ҳамма жойни талаб, ёндириб, одамларни отиб шаҳарни хонавайрон қилиб юборган эдилар. Шаҳарда омон-омон бўлгандан кейин, оқ ялов қилиб келдик.

Руслар қўзғолондан кейин бизни шаҳардан ташқарига чиқариб юбориб, шаҳарга солдатларни жойлаштирган эдилар. Биз шунда Қилий қишлоғига кетган эдик. Биз шаҳарга келганда 2-3 кун ўтиб бола-чақадан тортиб қариларгача ҳаммани Эски шаҳар мадрасаси олдига ҳайдаб чиқардилар. Атрофни солдатлар ўраб олган эди. Одамларни 10 кишидан қилиб ажратдилар.

Халойиқ орасида бизларни отар эмишлар деган шов-шув бошланди. Шу пайт кимдир от чоптириб келиб рус солдатлари командирига бир пакет берди. У пакетни очиб ундаги қоғозни ўқиб халққа эшиттирди.

Бизни тоза ҳақорат қилдилар. Жиззах халқини ўғри, муттаҳам деб сўкди. Сўнгра император аъзам жаноблари Жиззах аҳолисини ўлдириб ташлаш керак бўлса ҳам, четга сургун қилиш билан ҳукмни алмаштирдилар деб эшиттирди. Сўнгра ҳалойиқ икки томонга тарқалди.

 

Мамашариф Хусаинов

1959 йил 8 апрель.

(Давоми бор)