Махсус топшириқ, махсус рейс
Катта таассурот билан, кўп маълумотлар тўплаб Исроилдан Тошкентга қайтганимиздан бир ойча вақт ўтиб, соат тунги ўн бирларда вазирликдан қўнғироқ бўлди. Вазир тезда етиб боришимни айтибди.
Апил-тапил кийиниб, вазирликка жўнадим. Хонасига кирсам вазир у ёқдан-бу ёққа юриб турган экан. Салом аликдан сўнг Маркс Жуманиёзов (1995 йилда Расулмат Ҳусановнинг ўрнига Қишлоқ ва сув хўжалиги вазири этиб тайинланганди):
- Зойиржон, ҳисоботларингиз Президентга маъқул бўлибди, - деди. - Менга Крайнов (Президент ёрдамчиси) қўнғироқ қилди. Исроилдаги ҳамма экинларнинг навларини ўзимизда синаб, қишлоқ хўжалигига тадбиқ этиш лозим экан.
Бу хушхабар Ўзбекистоннинг дунёга очилишининг бошланиши эди.
- Исроилдаги қарийб ҳамма уруғчилик, селекцион фирмаларнинг манзили ва телефон рақамларини олганмиз, - дедим хурсанд бўлиб. - Янги йилдан сўнг шуғулланамиз, ўйлайманки, улар уруғларни синов учун жон деб юборади.
- Йўқ, Зойиржон, топшириқ бошқача... Янги йилгача ўзингиз бориб уруғларни олиб келишингиз керак.
- Янги йилга бор-йўғи ўн кун қолди, буни қандай ташкил қила оламиз, Маркс оға, - дедим.
- Хавотир олманг, эрталабгача ҳукумат фармойиши тайёр бўлади. Ташқи ишлар вазирлиги, Исроил элчихонаси, банк огоҳлантирилган, ҳатто самолётга билет бронь қилиниб қўйилибди. Фақат банкдан уруғлар учун қанча валюта берилиши кераклиги номаълум бўлиб турибди.
Эртаси кун вазир айтгандай бўлди: Исроилга жўнашим учун зарур ҳужжат, маблағ тахт. Декабрь ойининг 22-санасида Тель-Авивга учдим.
Аэропортда консулимиз кутиб олди. Ҳол-аҳвол сўрашгач, у ҳам бу қадар шошилинч топшириқни илгари учратмаганини таъкидлади. Мен “Бунга ўтган сафарги келганимиздаги сизнинг олий даражадаги ташкилотчилигингиз сабаб бўлди», дедим. У “Йўқ, ҳисоботларингизнинг натижаси сабаб аслида, ундан ташқари Исроил ва Ўзбекистон олий раҳбарлари ўртасида илиқ муносабатлар бор” деди у ва машинада кетарканмиз:
- Зойир ака, ҳеч қанақа ўзгариш сезмаяпсизми?, - деб сўради.
- Рулда ўзингиз, машинангиз янги, табриклайман, - дедим.
У ёш болалардек хурсанд эди,
- Мерседес - олий класс, унга сиз биринчи бўлиб ўтирдингиз, ҳозир ҳайдаб чиқдим, энди кетгунингизча иккаламиз шу машинада юриб, ишларни битирамиз, - деди у.
Консулга халқаро қонунларни тушунтирдим. “Давлат синовига бериладиган қишлоқ хўжалиги экинлари навларининг уруғлари бепул етказиб берилади, бу ҳамма учун бир хил қоида, қонунларимиз ҳам шуни тақозо этади. Синов учун келган уруғликлардан пошлина ундирилмайди ва зудлик билан растоможка қилинади. Яна бир муҳим масала, уруғликларга албатта экспорт учун карантин сертификати берилиши шарт, ўсимликлар карантини хизмати ҳамма давлатларда бор, ана шу шартлар асосида синовга уруғлик олиб кетишни мақсад қилайлик.
Бу маълумотлар консулни хурсанд қилди, албатта. Пахта селекциячиларини, хусусан, Юрий Пенхасовни хурсанд қилмайдиган бир аҳволни ҳам тушунтиришимга тўғри келди. Исроил пахтасида Ўзбекистон учун ташқи карантин объекти касаллиги мавжуд экан. Бу дегани пахтанинг уруғлик чигити ўзларининг карантин хизматида яхши текширилиб, касаллик йўқлигига ишонч ҳосил қилгач, уни яна фумигация қилиб озгина миқдорда махсус контейнерга жойлаштириб беришлари лозим. Синовга олиб борган ҳамма уруғликларни юз фоиз Ўзбекистон ўсимликлар карантин хизмати ходимлари қабул қилиб олади ва маълум текширишлардан сўнг бизга синовга қайтариб беради, лекин пахта уруғлик чигитини ўзларининг тиконли сими билан ўралган питомнигида экиб, икки йил касаллик чиқмаса шу уруғни синашга бизларга беради. Консул ҳам уруғликлар экспорт-импортнинг, давлат синовининг бундай мураккабликларини билмас экан.
Мен ундан “Колорадо қўнғизини эшитганмисиз?”, деб сўрадим. У “Ҳа, картошкани еб, кемириб ташлайдиган қўнғиз-ку”, деди. Мен “СССР Министрлар Совети Раиси Косигиннинг бир қўпол хатоси туфайли, яъни қонунга зид топшириғи боис бу зарарли ҳашаротАмерикадан картошка билан СССРга келиб қолганди”, дедим. У ҳайрон қолди, буни эшитмаган экан.
Хуллас, консулни мана шу маълумотлар билан қуроллантирганимдан сўнг у уруғлик-селекцион фирмаларни ҳаммаси билан гаплашиб чиқди, бу ишимизни анча енгиллаштирди. Ҳамма фирмаларга борарканмиз, улар уруғликлар, унга зарур бўлган ҳужжатларни тайёрлашни бошлаганини устидан чиқдик. Бу сафар ҳам Юрий Пенхасов менга ҳамрохлик қиладиган бўлди. Карантин талабидан у хафа ҳам, хурсанд ҳам эмасди. Чунки халқаро қонунлар ҳамма учун бир хил эканлигини ҳар қандай маданиятли яҳудий инкор эта олмасди.
Консулимизнинг ташкилотчилигига қойил қолдим. Уруғликлар Тель-Авив аэропортида қаердадир бир жойда тўпланди, ҳужжатларини эса бизларга етказишди, бу ишлар қандайдир ғойибдан, ўз-ўзидан ортиқча шов-шувсиз силлиққина бажарилаётгани бир томондан консулнинг қобилияти бўлса, иккинчи томони яҳудийлар ҳам кўп масалада, хусусан, аниқлик билан иш юритишда немислардан қолишмас экан, деб ўйлаб қолдим.
Қўлимиздаги ҳужжатга кўра 400 хил навнинг уруғлари жамланди. Ҳеч қачон бир давлатдан иккинчисига шунча хил нав уруғлари экспорт қилинмаган бўлса керак. 30 декабрь кечга томон уйга оладиган совға-саломларимни харид қилиб консул билан аэропортга келдик. У уруғлик багажимизнинг оғирлигини билиб келди.
- Зойир ака, биласизми қанча уруғлик олиб кетаётганингизни, - деб сўради.
- Ҳатто тасаввур ҳам қила олмайман, - дедим.
- 400 килограмм багажингиз, ўзингизникидан ташқари, - деди.
Капалагим учиб кетди.
- Ахир менда багажга мўлжалланган валюта 20 минг доллар етмайдику, - дедим.
- Хавотир олманг, ҳаммаси ҳал бўлган, - деди у.
Самолёт ҳавога кўтарилиб, тегишли баландликка чиқиб олгач, стюардессани чақириб виски буюрдим. Чунки Янги йил байрами яқин эди. Стюардесса қизлар:
- Янги йил байрамини эртароқ бошламоқчи бўлибсизда, - деб ҳазиллашишди.
- Бугун менинг байрамим, давлат аҳамиятига молик юк олиб кетяпман, - деб мақтандим ва қўшиб қўйдим: Биласизми, қанча менинг багажим?.
Улар елка қисишди. Мен 400 килограмм деганимда уларнинг кўзлари чақнаб кетди: “Энди тушундик нега Рўзметовнинг («Ўзбекистон ҳаво йўллари» авиакомпанияси бошлиғи) ўзи штурвални бошқараётганини, дейишди ҳайрат билан. Мени бундан хабарим йўқ эди, уни билдирмадим-да “Ҳа, бу махсус рейс”, деб яна мақтандим.
Исроилдан шунча кўп уруғлик олиб кетганим ҳақидаги хабар Европа давлатларидаги уруғчи-селекционерлар орасида яшин тезлигида тарқалди.
Тошкент аэропортида Ўзбекистон давлат ўсимликлар карантини инспекцияси бошлиғи Бахтиёр Тўлаганов хизматчилари билан кутиб олди. Унга уруғлик, сертификатлар ва бошқа зарур ҳужжатларни топширдим. Юкка энди у эгалик қилиши керак. Мен эса уйга жўнатиб. Келсам, уй меҳмонга тўла экан. Исроилдан Ўзбекистонда йўқ мевалар ва Янги йил столига мўлжалланган ширинликларни дастурхонга қўйдик. Улар билан бир соат суҳбатлашгач, устоз Маркс Жуманиёзов ҳузурига шошдим. Ахир Янги йил кириб қўймасдан топшириқ бажарилгани тўғрисида ҳисобот беришим шарт эди.
Устозга «Крайновга ўзингиз айтасизми ёки ўзим қўнғироқ қилайинми?» десам, у шу заҳоти ички (ВЧ) телефонида Крайновга ахборот берди: “Зиятов Исроилдан 400 хил нав уруғи олиб келди!».
Ана шу сабзавот ва полиз экинлари уруғликлари иссиқхона ва очиқ майдонларга экилиб, эртаси йилдан бошлаб мўл ҳосил олинганди.
Зойир ЗИЁТОВ.
(Давоми бор)