Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Мен “вегетариан” бўлмоқчиман…

Са-ал эртароқ севинибсан-да, Эшаквой… Кўз тегди. "Тараққиёт менга бахт олиб келди. Велосипед, мотоцикл, машина, айниқса “Дамас”лар юкимни енгиллатди, шунинг эвазига озод бўлдим. Энди оҳу каби қир-адирларда жавлон ураман”, дединг ҳойнаҳой. Аммо сени севинтирган бу “прогресс” “эшаклар” ҳаётида янги даврни бошлаб берди.

Одамзод аталмиш махлуқотнинг “нафси ўпқон” дейишади.

Бир ярим  йиллар бурун телевизорда Самарқанд шаҳри Хишрав қўрғонидаги жарликлар эшаклар қабристонига айлантирганлиги ҳақидаги лавҳа эфирга кетди. Нима эмиш, эшакнинг терисидан Хитойда ноёб ёшартирадиган дори олар эмиш. Унинг териси қимматбаҳо эмиш. Бу миш-мишни эшитган нафснинг қуллари қандай жим турсин?! Шартта “модадан қолган уй ҳайвони” дея эшакнинг терисини шилиб, пуллай кетди.

Тошкентлик айрим “уддабуронлар” “Терисини-ку сотамиз, гўшти ҳам нобуд бўлмасин”, деди шекилли бир йўла “Шаршара” колбасаларига эшак гўштини қўшиб қўя қолди. Кимсан, “Ҳалол” брендига ўта амал қиладиган Фарғонада ошхоналарга эшак гўштини тарқатган “устаси фаранг” лар эса “колбаса цехига топширсак, Тошкентдаги каби сезиб қолишади” деб ўйлади-ёв чамамда, хўрандаларни эшак гўшти билан сийлашди.

 Шундан буён ҳаловатим йўқолган. Гўшт дўконига борсам, “Бу ниманинг гўшти?” деб сўрайман. Қассоб йигит ҳам ҳазилкаш эмасми “Сизга қанақа гўшт керак? Бизда ҳаммасидан бор” деб жавоб беради. 

Юқоридаги вокеалар ҳақидаги хабарлар матбуотда тарқагандан бўён еганим ичимга тушмайди. Энг севимли таомларимни иштаҳа билан ея олмайман. Ахир барча миллий таомларимизни гўштсиз тасаввур қилиб бўлмайди-да.

Яқинда бир даврада эшак гўшти мавзусида мунозара бўлди. Ёши катта кишилардан бири ҳаммани бу борадаги фикрларини эшитиб бўлгач:

- Дунёда эшаклар жуда кўп. Аммо бирортасини ўз ажали билан ўлганини кўрмаганман. Демак, у аввалдан ейилиб келинган, деди совуққонлик билан.

Ана у гапдан кейин мени аҳволимни кўринг… Шубҳалар кетидан, шубҳалар… Наҳотки, мен ҳам қачонлардир, эшак гўштидан татиб кўрган бўлсам?.. Агар шундай бўлса, гуноҳи ўша қассобу “истеъмолга яроқли” тамғасини урган мутахассисга урсин.

Қадимда эшаклар хизматидан деярли ҳамма фойдаланган. Улов, юк ташиш воситаси сифатида, ерга ишлов беришда инсоннинг энг яқин ёрдамчиси бўлган. Нега булар ҳақида гапиряпман? Сабаби, ҳозиргиларнинг кўпчилиги бу ҳақида билмайди. Бугунги кунда эшакларни аҳён-аҳёнда учратасиз. Улар камайиб бормоқда. Шуни инобатга олиб мен бир қарорга келдим.

Мен “вегетариан” бўлмоқчиман. Биласизми, нима учун? Мушукларни сақлаб қолиш учун! Нега дейсизми? Чунки ер юзида қўй-қўзи, эчки-улоқ, йилқи ва туя-бўталоқ қолиб, бугун қурбақа, илон, тошбақа, денгиз қуртлари, ит ва эшак гўштини истеъмол қилаётган одамзод, эртага мушукларни емайди, деб ким кафолат беради?!

- Мушукнинг гўшти фалон касалликка даво экан, - деган аҳмоқона гап тарқаб қолгудек бўлса, қарабсизки, ер юзида бу беозор жонзот анқонинг уруғига айланади. Мушуклар йўқолиб кетса, сичқонлар кўпайиб кетади. Мен эса сичқонлардан қўрқаман!

Зирапча тилидан Бахтигул Қаршиева ёзиб олди.