Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Мутолаа: Эски телефон.

Пол Виллард

Уйимизда телефон пайдо бўлганда мен жуда ёш эдим – у шаҳримиздаги уйларда ўрнатилган биринчи телефонлардан бири эди. Катта ҳажмли қути деворга осиғлиқ турар, бўйим етмаслиги сабаб ҳар доим отам ёки онам телефонда суҳбатлашаётганини мафтункорлик билан кузатиб турардим.

Кейинчалик мен ушбу ғаройиб қутининг ичида бир киши борлигини тахмин қилдим, унинг исми: “Оператор эшитади, марҳамат” эди ва дунёда бу одам билмаган нарса йўқ эди.

"Оператор эшитади, марҳамат", ҳамма нарсани - қўшниларнинг телефон рақамларидан тортиб, поездларнинг қатнов жадвалигача биларди.

Чироқ ичидаги бу жин билан менинг биринчи тажрибам уйда ёлғиз қолганимда ва бармоғимни болға билан урганимда бўлган. Йиғлашдан фойда йўқ эди, чунки уйда менга ачинадиганларнинг ҳаммаси ишда ва ўқишда бўларди. Лекин оғриқ кучли эди. Шунда мен деворда осилган телефон гўшагини қулоғимга қўйдим.

- Оператор эшитади, марҳамат...

- Эшитаман...

- Биласизми... мен.... бармоғимни болға билан уриб олдим...

 Мени биров эшитаётганидан қувониб, бирдан йиғлаб юбордим.

- Ойинг уйдами? –  сўради "Оператор эшитади, марҳамат".

- Ҳеч ким йўқ, - минғилладим мен.

- Қон кетяптими? – сўради овоз.

- Йўқ, лекин жудаям оғрияпти.

- Уйда муз топиладими?

- Ҳа.

- Муз қутини оча оласанми?

- Ҳа.

- Бир бўлакчасини олиб, бармоғингга қўй, - маслаҳат берди овоз.

Ушбу воқеадан сўнг мен "Оператор эшитади, марҳамат"га ҳар қандай вазиятда қўнғироқ қила бошладим. Ундан уй вазифасини бажаришда ёрдам сўрардим ва ҳатто мушукчамни боқиш тўғрисида маслаҳатлар олардим.

Бир куни канарейкамиз ўлиб қолди. Мен дарҳол "Оператор эшитади, марҳамат"га қўнғироқ қилиб, унга бу қайғули янгиликни айтиб бердим. У мени тинчлантиришга уринди, лекин мен тасалли топа олмай ундан сўрадим:

- Нега қўшиқ айтиб, оиламизга катта қувонч бахш этган гўзал қуш ўлиши ва патлар билан қопланган кичкина бир тугунчага айланиб қолиши керак?

 - Пол, - деди у осойишталик билан, - доимо ёдингда тут:  у қўшиқ айтиши керак бўлган бошқа дунёлар ҳам бор.

Унинг бу гапидан сўнг мен тинчландим.

Эртаси куни ҳеч нарса бўлмагандек унга қўнғироқ қилдим ва fix (ингл. тузатиш) сўзи қандай ёзилишини сўрадим.

Тўққиз ёшга тўлганимда биз бошқа шаҳарга кўчиб ўтдик. Мен "Оператор эшитади, марҳамат"ни соғинардим ва уни тез-тез эслардим, бу овоз эски уйимдаги катта эски телефонга тегишли бўлиб, янги уйимиздаги даҳлизда турган стол устидаги ялтироқ янги телефон билан ҳеч қандай боғлиқлиги йўқ эди.

Ўсмирлигимда ҳам у ҳақида унутмадим: хавфсизлик хотирасини таъминлаб берган бу суҳбатлар кейинчалик ҳайратли лаҳзаларда ва саросимага тушган пайтларимда менга далда бўларди. Вояга етганимда, унинг кичкина болакай билан суҳбатлашишида қанчалик сабр-тоқат ва мулойимлик кўрсатганини қадрлай олдим.

Коллежни тугатгандан бир неча йил ўтгач, мен йўл-йўлакай туғилган шаҳримда бўлдим. Самолётга ўтишдан олдин атиги ярим соат вақтим бор эди. Пуллик телефон-автомати ёнига бориб, рақамни тердим:

Ҳайратимни ошириб унинг жуда таниш овози жавоб берди, шунда мен сўрадим:

- Айтолмайсизми, fix сўзи қандай ёзилади?

Аввалига узоқ бир тўхтам бўлди. Кейин ҳар доимги хотиржамлик билан мулойим жавоб келди:

- Шу вақтга қадар бармоғинг тузалиб қолган, деб умид қиламан.

Мен кулдим:

- Наҳотки, шу сиз бўлсангиз! Мен учун бизнинг суҳбатларимиз қанчалик аҳамиятлилигини билганингизда эди!

- Менга эса сенинг қўнғироқларинг қанчалик муҳим эди. Мен ҳеч қачон фарзанд кўрмаганман ва  қўнғироқларингдан қанчалик қувонишимни билармидинг?

Шунда мен узоқ йиллар уни тез-тез эслаб туришимни айтдим ва кейинги сафар шаҳарга келганимда, у билан кўришишимиз мумкинлиги ҳақида сўрадим.

- Албатта, - жавоб берди у. – Фақат қўнғироқ қилганингда Саллини сўра.

Уч ой ўтгач, яна шу шаҳарда бўлдим. Менга бошқа бир нотаниш овоз жавоб берди:

- Оператор эшитади...

Саллини чақириб беришни илтимос қилдим.

- Сиз унинг дўстимисиз? - сўради овоз.

- Ҳа, эски дўстиман.

- Кечирасиз, лекин Салли бир неча ҳафта олдин вафот этди.

Телефон гўшагини осишимдан олдин у яна бир нима деди:

- Бир дақиқа, Сизнинг исмингиз Пол эмасми?

- Шундай.

- Салли сиз учун хат ёзиб қолдирган эди. Рухсат берсангиз уни ўқиб берсам. Хўш.. унда шундай дейилган: “Унга қўшиқ айтадиган бошқа  дунёлар борлигини эслатиб қўйинг. У тушунади”.

Унга миннатдорлик билдириб телефон гўшагини осдим.

Баҳора Муҳаммадиева таржимаси.