Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Низоларни судгача ҳал этиш қандай амалга оширилади?

Юртимизда низоларни судгача ҳал этишнинг турли институтларидан фойдаланиш бўйича ҳуқуқий механизмлар мавжуд бўлиб, улар амалиётда кенг қўлланиб келинмоқда. Шу билан бирга, давлат органларида низоларни судгача кўриб чиқишнинг ягона тизимини яратиш, медиация, ҳакамлик судлари ҳамда халқаро арбитражларни фуқаролар ҳамда тадбиркорларнинг ишончига сазовор бўладиган низоларни ҳал этувчи самарали муқобил институтларга айлантиришни даврнинг ўзи тақозо этмоқда.

Давлатимиз раҳбари томонидан 2020 йил 17 июнда имзоланган “Низоларни муқобил ҳал этишнинг механизмларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор билан жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш, низоларни ҳал қилишнинг муқобил имкониятларини кенгайтириш, шунингдек, судларда иш ҳажмини мақбуллаштиришда медиация институти, ҳакамлик судлари ва халқаро арбитражларнинг ўрнини кенгайтириш назарда тутилган.

Ушбу қарор билан жисмоний ва юридик шахслар ҳамда давлат органлари ўртасидаги низоларни судгача ҳал қилиш бўйича апелляция кенгаши тўғрисида Низом тасдиқланган. Низомга кўра, жисмоний ва юридик шахсларнинг давлат органлари ёки мансабдор шахсларнинг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари (қарорлари) ёхуд ҳаракатсизлиги натижасида ўз ҳуқуқлари ва эркинликлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатлари бузилганлиги ҳақидаги мурожаатлари Апелляция кенгаши томонидан кўриб чиқилиш тартиби йўлга қўйилди. Апелляция кенгаши тегишли давлат органи ҳузурида низоларни судгача ҳал қилиш мақсадида тузиладиган коллегиал-маслаҳат органи ҳисобланади. Апелляция кенгаши аъзолари ўз фаолиятини жамоатчилик асосида амалга оширади.

Мазкур тартиб жисмоний ва юридик шахсларнинг бундай ишлар юзасидан тўғридан-тўғри бошқа ваколатли давлат органларига мурожаат қилиш ҳуқуқини истисно этмайди.

Апелляция кенгаши жисмоний ва юридик шахслар ҳамда давлат органи ўртасида юзага келадиган низоларни судгача кўриб чиқиш ва хулоса қабул қилиш орқали уларни ҳал этиш чораларини кўришни таъминлайди. Шу билан бирга, мурожаатни кўриб чиқишда қонун ҳужжатида турлича талқин этилиши мумкин бўлган нормалар аниқланган. У амалиётда нотўғри ёки зиддиятли тарзда қўлланилган тақдирда, уларни белгиланган тартибда расмий шарҳлашни ташкиллаштириш бўйича чораларни кўради. Кўриб чиқилаётган масалалар юзасидан тавсиявий тусга эга бўлган хулоса қабул қилади. Ушбу хулоса уч кун муддатда давлат органи раҳбарига кўриб чиқиш, бошқа манфаатдор тарафларга маълумот учун юборилади.

Хулосани қабул қилиб олган давлат органи раҳбари ёки унинг ўринбосари уни инобатга олиши ёки ёзма асослантирилган тарзда рад этиши мумкин. Бунда давлат органи раҳбари ёки унинг ўринбосари қабул қилинган қарор тўғрисида уч кун муддатда Апелляция кенгаши ва тарафларни ёзма ёки электрон тарзда хабардор қилади.

Э.ДАВРОНОВ,

Ургут тумани адлия бўлими бошлиғи.